Ҳайвонни бичиш ва куйдириш

14.09.2017 10:14 458

Савол

Баъзилар ҳайвонни бичишади ёки белги қўйиш учун куйдиришади, қулоғини қирқишади. Бу ишлар шаръан дурустми?


Жавоб

“Раддул муҳтор”да келади: “Ҳайвонларни, ҳатто мушукни ҳам бичса бўлади. Аммо одамзотни бичиш ҳаромдир. Ҳайвонларда мубоҳлиги манфаат сабабидандир. Бу манфаат уни семиртириш ёки тишлашдан маън қилишда кўринади. Одамни бичишда гуноҳдан бошқа нарса йўқ”.

Ҳайвонларни куйдириш ёки қиз гўдакларнинг қулоғини тешишнинг ҳеч боки йўқдир. Чунки Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) замонларида ҳеч бир қаршиликсиз шундай қилишарди”.

Агар куйдириш унга азоб бериш учун бўлса ҳаромдир. Юзига белги қўйилган эшакнинг олдидан ўта туриб Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам): “Аллоҳ унга белги қўйганни лаънатласин”, дедилар. Аммо ажратиш ва таниб олиш учун бўлса жоиздир. Қуртубий айтадилар: Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) ҳайвонни олов билан азоблашдан истисно қилиб бунга рухсат бердилар. Муслимда Анас (р.а.)дан шундай ривоят бор: “Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) қўлларида белги қўйгич бор эди. У билан садақа, ғанимат ва бошқа сабаблар билан келган туяларга белги қўярдилар.” Шунда ҳамма молни фарқлаб олинар, ундаги ҳаққи адо этилар ва бошқа томонга ўтиб кетмасди. Белгини юзга қўйиш шарафли бўлгани учун жоизмас. Чунки у ҳусн ва чирой ўрнидир.

Валлоҳу аълам.

Мубашшир Аҳмад