2018 йилда бизни кутаётган диний соҳадаги мисли кўрилмаган 5 янгилик

11:00 03.01.2018 9597

Аввалроқ сайтимизда 2017 йил диний-маърифий соҳада амалга оширилган энг муҳим ишлар ҳақида хабар берган эдик. Хўш, бизни 2018 йилда диний соҳада қандай янгиликлар кутмоқда. Ҳозир Azon.uz таснифича юртимизда бўлиши кутилаётган улкан ислоҳотларни санаб ўтамиз.

Ўзбекистонда қорилар мусобақаси ўтказилади

2018 йил январь-февраль ойларида Ўзбекистоннинг ҳар бир туманида сўнг вилоят марказларида барча иштирок этиши мумкин бўлган қорилар мусобақаси ўтказилади. Апрель ойида қорилар мусобақасининг Республика босқичи бўлиб ўтади. Республика босқичи учун юртимизнинг энг муҳташам биноси танланиши, мусобақа телевидение орқали жонли эфирга узатилиши мумкин. Олий ўрин соҳибларига Президент совғаси берилиши кутилаётгани ҳақида ҳам аввал хабар берган эдик.

Ушбу мусобақа айнан президент Шавкат Мирзиёевнинг 1 сентябрда Хастимом мажмуасида зиёлилар билан учрашувида айтган ташаббусларидан биридир.

Ўзбекистоннинг ҳар бир вилоятида ўғил-қизлар учун мадрасалар очилади

Ўзбекистоннинг барча вилоятида ўрта-махсус Ислом билим юртлари (мадрасалар) очилиши мумкин. Ислом билим юртлари учун бинолар янгидан қурилиши ёки аввал мадраса бўлиб, кейин мустабид совет иттифоқи даврида бошқа мақсадларда фойдаланилган бинолар ўқув даргоҳлари сифатида қайтадан тикланиши мумкин экан. Гап айнан Фарғона, Сирдарё, Жиззах, Самарқанд, Сурхондарё, Навоий ва Тошкент вилоятлари ҳақида кетмоқда. Чунки шу вилоятларда расмий тарзда фаолият юритаётган бирорта ҳам мадраса мавжуд эмас.

Ҳозирда республика бўйича Ўзбекистон мусулмонлари идораси тасарруфидаги 9 та ўрта махсус Ислом билим юртлари (мадраса) мавжуд бўлиб, улардан 7 таси йигитларга, 2 таси аёл-қизларга мўлжалланган.

Мадрасалар очилиши мумкинлиги ҳақидаги гап 1 сентябр куни Шавкат Мирзиёевнинг Хастимом мажмуасида зиёлилар билан учрашувида кўтарилган эди. Учрашувда Шавкат Мирзиёев яна нечта ўрта махсус Ислом билим юрти кераклиги ҳақида таклиф киритишни сўраган эди.

Ўзбекистоннинг жуда кўплаб масжидларига фаолият юритиши учун лицензиялар берилади

Юртимиздаги кўплаб масжидларга аввал қурилган, лекин лицензия муаммоси туфайли ўз фаолиятини бошлай олмаган масжидларга халқнинг истак ва таклифларидан келиб чиққан ҳолда фаолият юритиш учун лицензиялар берилиши мумкин. Гап юртимиздаги кўплаб масжидлар ҳақида кетмоқда.

Ўзбекистондаги масжидлар сони ҳозирда 2043 тани ташкил этади. Шундан энг кўпи Самарқанд вилоятида бўлиб, у ерда 285 та масжид фаолият юритади. Тошкент вилоятида 221 та, Фарғона вилоятида 192 та масжид рўйхатга олинган.

Диний таълим муассасалари қошида «Қуръон курслари» ташкил этилади

Ўзбекистон мусулмонлари идораси тасарруфидаги диний таълим муассасалари қошида халқимиз учун «Қуръон курслари» ташкил этилиши мумкин. Ҳозирги кунда диний таълим муассасалари қошида «Араб тили» курслари очилган бўлиб, ўйлашимизча, халқимизнинг истак ва хоҳишидан келиб чиққан ҳолда «Қуръон курслари» ҳам очилади. Зеро бу бўлиши керак бўлган ишлардандир. Сабаби, Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан юртимизнинг ҳар бир туманида қорилар мусобақаси ўтказилётган бир вақтда давлатимиз раҳбари истагандай ҳофизи Қуръонларни тайёрлаш Ўзбекистон мусулмонлари идораси тасарруфидаги диний таълим муассасалари зиммасидадир. Мутасадди ташкилотлар тарафидан ушбу лойиҳа ҳам амалга оширилади.

“Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида”ги қонун қайтадан таҳрир қилинади

"Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида"ги қонун қайтадан таҳрир қилиниши мумкин. Қонундаги тушунмовчиликлар, жумладан, фикримизча  ибодат либоси, рўмол масаласи батамом ижобий томонлама ҳал этилади.

Қайд этиб ўтиш керак, Президентимиз Шавкат Мирзиёев 12 октябрь куни Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашининг дин ва эътиқод эркинлиги масаласи бўйича махсус маърузачиси Аҳмад Шаҳид билан учрашувда виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисидаги қонунчиликни такомиллаштириш, динлараро ва миллатлараро муносабатлар соҳасида ўзаро мувофиқлаштирилган чоралар кўриш ва қўшма тадбирлар ўтказиш масалалари ҳам муҳокама қилинган эди.

Аллоҳ насиб қилса биз бу йилда сиз азизларга бунданда яхшироқ янгиликлар ҳақида хабар берамиз.

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!