25 ёшли роҳинжа аёлнинг мактуби

06:58 14.09.2017 1146

9 кун олдин Мьянмадан Бангладешга қочган ёш мусулмон аёлнинг очиқ хати ўқувчиларни чуқур ўйга толдирмоқда. Al Jazeera томонидан эълон қилинган хатни IslamNews нашри бироз қисқартирилган ҳолда таржима қилди.

“Менинг исмим Рашида, ёшим 25 да. Аракандаги воқеалар бошлангунига қадар тинч ва оддий ҳаёт кечирардим. Бизнинг гуруч майдонимиз бор эди, у ерда гуруч етиштирардик. Уйимиз бор эди, мен эрим ва уч фарзандим билан у ерда яшардим. Ҳаммаси тинч эди. Инқирозга қадар биз жуда бахтли эдик.

Энди биз буларнинг барчасини ортда қолдирдик. Уйимиз ва еримиз шу даражада ёқиб юборилдики, буёғига у ерда тирикчилик қила олмаймиз. Энди уёқда яшаш имконсиз.

Ҳарбийлар қишлоғимизга ўқ узишни бошлаганда биз тезлик билан болаларни ўрмонга яширдик. Улар ёввойи табиатнинг хавфларидан жуда қўрқишди. Мен уйимизни кўриш мақсадида қайтганимда кўплаб одамлар ўлдирилганини ўз кўзим билан кўрдим.

Ўрмондан чегарага қадар 8 кун юрдик. Биз жуда ҳам оч эдик. Ўзимиз билан овқат олиб кетмагандик. Фақат дарахт баргларини истеъмол қилдик. Болалар тинимсиз овқат сўрашарди, лекин биз ўзимиз билан егулик олмаган эдик. Фақат уч нафар фарзандимиз...

Биз кичик қайиқда чегарани кесиб ўтдик. Бу жуда хавфли жараён эди. Мен қайиқ ҳозир чўкиб кетади деган уйда ўз болаларимни қаттиқ қучоқлаб олдим.

Бу ерда, Бангладешда мен бахтсизман. Мен уйимни соғиняпман, бизда Бангладеш билан боғлиқ умид йўқ. Аммо Бангладеш халқининг жуда кўнгли очиқ экан. Улар бизга кийим ва овқат беришяпти. Бироқ мен бу ерда халқаро ташкилотларни кўрганим йўқ.

Менинг дунёнинг қолган қисмига мурожаатим шундай – бизнинг истагимиз тинчлик. Тинчликсиз бизда келажак йўқ”.

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!