Айирбошлаш

11:17 10.09.2017 442

Дунёда ҳамма нарса айирбошланади: яъни бирор нарса бошқасининг эвазига олди-сотди қилинади. Масалан, сизда бир қанча мол бор, унинг сизга ҳозирча кераги йўқ. Шунда уни бозорга чиқариб сотасиз, тушган пулига зарур бўлган бошқа мол-ашёларни харид қиласиз. Сотиш ва харид қилиш “айирбошлаш” деган жараённинг икки томонидир.

Одатда бирор нарса сотиб олиш инсонга ҳуррият беради, обрў-шарафини оширади, дадиллаштиради, кўнглини тўлдиради, қилган харидидан мамнунлик ҳиссини туяди. Бирор нарсасини сотиш эса гўё ана шу ёқимли нарсалардан маҳрум қилаётганга, тижорати тенг бўлмаётганга ўхшаб туюлади. Шунинг учун инсон нарса сотишдан кўра харид қилишни ёқтиради.

Айирбошлаш икки томоннинг розилиги билан, бир томонга фойда, иккинчи томонга зарар бўлмагандагина тўғри, ҳалол бўлади. Ўғрилик ўғрига фойдаю (агар бу фойда ҳисобланса), молидан ажраганга зарар бўлгани учун бу иш жамиятнинг нафрати ва ғазабига учрайди. Алдаб, пулингизга яроқсиз нарсани сотишса ҳам қаттиқ хафа бўлишингиз, сотувчига лаънат ёғдиришингиз турган гап.

Ҳаётда мол-пулдан бошқа нарсалар ҳам айирбош қилинади. Баъзан садоқат – хиёнатга, дўстлик – ғанимликка, муҳаббат – нафратга, яхшилик – ёмонликка, ҳидоят – залолатга, шараф – пасткашликка, виждон – аблаҳликка, бурч – одамийликка айирбошланади. Булар аҳамияти жиҳатидан тенг бўлмаган, инсон фитратига зид айирбошлашлардир. Ана шулардан бири – бурчни одамийликка айирбошлаш ҳақида бироз сўз юритсак.

Айтайлик, сиз бир кичик корхонанинг бошлиғисиз. Сиздан юқоридаги раҳбарий ташкилот корхонангизнинг фойдасини ишчи кучини қисқартириш эвазига кўпайтириш мақсадида беш кишини ишдан бўшатишни буюрди. Шунда сиз нима қиласиз? Раҳбарларнинг топшириғини бажармаслик туфайли ҳайфсан олишингиз, уларнинг “назар”идан қолишингиз, йиллик мукофотдан маҳрум бўлишингиз ва ниҳоят мансабингиздан тамоман ажрашингиз мумкин. Бажармоқчи бўлсангиз, беш кишининг дилини оғритган, ризқ манбаидан маҳрум қилган, оиласига машаққат келтирган, турмушини издан чиқарган, ҳаётини ғурбатга айлантирган бўласиз.

Фаросатли кишилар бундай ҳолатда тадбир излашади, “сих ҳам куймайдиган, кабоб ҳам куймайдиган” йўл тутишади, ўзига ҳам, ўша одамларга ҳам зарар етказмайдиган бирор чора ўйлаб топишади. Ҳеч бўлмаганда, ишдан бўшаган одамларга бошқа бир танишининг корхонасидан иш топиб бериб, улар мушкулини осон қилади.

Фаросат кўчасидан ўтмаганлар эса ана шундай ҳолат қаршисида эсанкираб қолишади: масаланинг моҳияти ҳақида мулоҳаза ҳам қилиб ўтирмай, дарров “бажарамиз” болтасини ишга солишади. “Дўпписини келтир” дейилса, бошини ҳам қўшиб келтиришади. Улар бошлиқ буйруғини бажаришни ўйлашадию аммо бунинг оқибати ҳақида камдан-кам фикр юритишади.

Банда билан Парвардигор ўртасидаги “олди-сотди”да, айирбошлашда ўта эҳтиёт бўлиш зарур. Инсонлар бандани мансабидан олиши, шарафини ерга уриши, хорлаши ва хўрлаши мумкин, аммо ризқ манбаидан маҳрум этолмайди. Аммо Аллоҳ Ўз амрига қарши чиққанларга асло марҳамат кўрсатмайди. Бундаги айирбошлашда эътиқодидан бироз бўлса-да чекинганлар дунё ва охиратда фақат ютқазадилар. Айтайлик, аёлларнинг рўмолига қарши сал тазйиқ бошланиб қолса, рўмоллиларни ҳатто ҳайвонот боғига ҳам киритмаслик, “Болаларни масжидга қўйманглар” дейилиши билан бўйи унча ўсмай қолган йигитларни ҳам қувиб солишлар ана шундай айирбошлашлар сирасига киради.

Инсонларнинг буйруғини бажармаслик бошқаю Аллоҳнинг амрини бажармаслик бошқа! Иймон-эътиқодни унутиб “олди-сотди” қилганларнинг тижорати асло фойдага кирмайди, фақат зарар келтиради. Аллоҳ таоло бундайларни дунёнинг ўзида хорлаб, расво этиб қўйса, охиратда тасаввурга ҳам сиғмайдиган азобларга рўбарў қилади. Бу фикрларга мисол излашнинг ҳожати йўқ: атрофига сал эътибор билан назар солган киши ўнлаб мисолларни осонгина топа олади.

Демак, инсон икки йўл қаршисида иккиланиб қолса, Аллоҳга олиб борадиган йўлни танлаши керак экан. Машойихлар айтишганки, “Дунёнинг ғамини кўтариб олма, чунки у Аллоҳникидир. Ризқ ғамини кўтариб олма, чунки у ҳам Аллоҳнинг измидадир. Келажак ғамини кўтариб олма, у ҳам Аллоҳнинг буйруғи остидадир. Фақат “Аллоҳни қандай рози қиламан” деган битта ғамни кўтаргин холос!”

Аҳмад Муҳаммад

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!