Буқаламунлар

01:07 05.09.2017 711

Ажнабий тилда “хамелеон” деб аталадиган бир ҳайвон бор. Тилимизда “буқаламун” деб ном олган бу махлуқ ўзи тушиб қолган табиий шароитга қараб тусини, рангини, кўринишини тез ўзгартира олиши билан маълум ва машҳур. Одамлар орасида ҳам ана шундай тез ўзгарувчан одамларнинг борлигини эса ҳамма ҳам билавермайди.

Аслида бир кишини “буқаламун” деб аташ уни камситиш, ҳатто ҳақорат қилиш билан баравар саналса-да, аммо кўплар ўз табиатидаги ана шу сифатдан ор қилмайдиган бўлиб қолган.

Замондошларимизнинг шундай даъволари бор: “Ҳозирги шиддатли замонда буқаламун бўлиб олмасанг, яъни айёрроқ, уддабурронроқ, одамларни олдидан мақтаб, ортидан ёмонлаб мақсадингга эришадиган бўлиб олмасанг, рисоладагидай ҳаёт кечира олмайсан. Аслида ҳаммамиз ҳам буқаламунмиз, ичимиздагини ташимизга бошқача йўсинда чиқарамиз. Агар буқаламун бўлиб олмасак, турмуш жуда оғирлашиб кетарди”.

Қайдам, балки уларнинг бу гапи тўғридир? Баъзан ёқтирган ишингдан ажраб қолмаслик учун бошлиғинг ҳақида ўйлаб турган нарсаларингни юзига шартта айтолмай, тилёғламалик, лаганбардорлик қилишга ҳам тўғри келади-ку!

Мени масаланинг бошқа жиҳатлари ўйлантиради. Биринчидан, бундай тоифадагиларнинг феъл-атворини ижобий санаш қийин, чунки буқаламунлик остида иккиюзламачилик, мунофиқлик ётади. Бу эса динимизда қаттиқ қораланган.

Буқаламунга ўхшаш одамлар “шамолнинг қаёқдан эсиши”га қараб фикрини тез ўзгартирадиган субутсиз кишилар бўлишади. Бугун бир одамни унда сира бўлмаган хислатлари билан кўкларга кўтариб, оғиз тўлдириб мақтайдиган бўлса, эртага ўша одамни ер билан яксон қилади, табиатида йўқ айбларини “катта жасорат билан фош этиб ташлайди”. Бугун сизнинг пинжингизга кириб олиб, ўзини “энг содиқ дўст” қилиб кўрсатаётган бўлса, эртага сиздан бирор манфаат йўқлигини сезиб қолса, душманингизга қўшилиб сизга қарши ҳужумга ўтаётган бўлади. Бугун бир киши мансаб курсисида бўлса, атрофида юзлаб буқаламунлар гирдикапалак бўлса, эртага у мансабидан кетиши билан улардан бирортаси ҳам қолмайди.

Иккинчидан, ўз нуқтаи назарини, йўли ва фикрини вазиятга қараб осонгина ўзгартиравергани учун улар кўпда одамлар ишончини қозонавермайди. Шу боис, уларнинг дўсти ҳам, ғаними ҳам бўлмайди. Бундай “принцип”сиз кимсанинг атрофидаги дўстлар ва ҳамкасбларга ёқиши мушкул. Бу кабилар ўз фойдаси йўлида ҳамиша “ўйин қилиш”га мажбур: бугун ёқимтой, юввош кўринган ана шундай одамнинг думини сал босиб қўйсангиз, эртага у важоҳатини ўзгартириб, қопағон итдай сизга ташланади. Ҳозиргина ёнингизда гиргиттон бўлиб, сизга ғамхўрлик ва марҳаматлар кўрсатиб турган одам учун эртасига сиз ҳеч ким бўлмай қоласиз. У башарангизга бир туфлайдию, яна янги дўстлар орттиргани йўл олади. Уларнинг бу қилиғи болангизнинг сиздан конфет ундириш учун ўзини минг мақомга солиб, айёрлик қилиши, ялиниб-ялтоқланиши, зардага бориши, ҳатто керак бўлса ўйинга тушиб беришига ўхшаб кетади.

Тўғри, ҳар қандай инсон ҳам вазиятга қараб фикрини, қарашларини, йўлини ўзгартириб туради. Инсон учун бугун энг муҳим саналган бир воқеа эртага умуман аҳамиятсиз нарсага айланиб қолиши мумкин. Аммо бу дегани ҳамма нарсада буқаламунлик қилиб, бошқаларга ўзингнинг иккиюзламачилигингни кўз-кўз қилавергин, дегани эмас-да! Одамда шахсий фикрнинг йўқлиги, “мен”идан мосуво бўлгани, кўпчиликка қарши чиқолмаслиги ва тутган алоҳида йўли бўлмаслиги одамни кўпинча буқаламунликка етаклайди.

Аммо буқаламунликнинг хатарли бир тури бор: бу, динга, имонга муносабатда кўпроқ очилиб қолади. Бундайлар динга сал эркинлик берилиши билан дарров тўнларини ўзгартириб, ўзларича мусулмонларга “энг дўст одам” бўлиб олишади. Шамол сал бошқачароқ эсиши билан хижолат ҳам бўлмай диндорларни ёмонлайдиганлар, уларга мафкуравий “ҳужум” қиладиганларнинг энг биринчи сафига ўтиб олишади.

Турмуш икир-чикирлари борасида буқаламунлик қилса-ку, кечирасиз, аммо сиз учун ҳаёт-мамот саналган муҳим ишларда бу қилиғини ишлатса, додингизни кимга айтишни билолмай, доғда қоласиз. Шундан бир хулоса келиб чиқади: одамларнинг дунёвий масалалардаги буқаламунлигини кечирса бўлар? Чунки инсон ожиз, ўз фойдаси йўлида жуда кўп нарсага интилади, жуда кўп нарсалардан воз кечиб юборади. Аммо имон-эътиқод борасидаги буқаламунликни ёқлаб бўлмайди. Чунки бунинг тагида мунофиқлик ётади. Мунофиқ эса мусулмон учун куфр ва ширк эгаларидан ҳам хатарли ғанимдир.

Аҳмад Муҳаммад

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!