Ержан Есимханов: Ўзбекистонда юзага келаётган вазиятдан нафақат қўрқишимиз, балки бу жараёнда иштирок этишимиз ҳам мумкин

13.09.2017 21:31 2131

Гоҳида бир нарса ҳақида яхши тасаввурга эга бўлиш учун ўша нарсага узоқроқдан қараш фойда беради. Шу сингари мамлакат ичидаги ҳолат гоҳида қўшни мамлакатдан туриб баҳо берилганда, яхшироқ, мазмундорроқ, қизиқроқ чиқади. Мамлакат ичида туриб ҳис қилинмаган қирралар, тафсилотлар, уфқлар четдан қаралганда теран англаниши мумкин. Эътиборингизга қозоғистонлик мутахассис Ержан Есимхановнинг Ўзбекистонда юз бераётган ўзгаришлар, уларнинг Қозоғистонга таъсири тўғрисида очиқчасига билдирган фикрларини ўзбек тилига таржима қилиб ҳавола қилмоқдаман.

***

Роҳибларнинг тўпалонлари ва нашаванд невараларимиз ҳақидаги хабарлар онгимизни чулғаб, охирги пайтнинг энг муҳим хабарини эътибордан қочириб қўйяпмиз – Ўзбекистонда валюта сиёсати эркинлаштирилди. Бу, бир томондан, жуда яхши хабар бўлса, иккинчи томондан – “роса яхши эмас”.

Нега бу яхши? Жавоби оддий: Ўзбекистон – 32 миллион аҳолига эга бўлган қўшнимиздир. Ўзбекистоннинг сиёсий ва иқтисодий соҳалари ҳам, жамияти ҳам анчайин ёпиқ бўлиб келди. Аҳолисининг умумий ҳаёт даражаси эса бизникидан-да пастда. Ўзбекистон иқтисодига инвестиция киритиш ҳам ҳавас қиларлик даражада эмас. Бундай шароит эса ҳар қандай экстремизм учун бағоят яхши замин бўлиб, эртами-кечми бу нарса ўзини кўрсатиши турган гап эди.

Валюта курсининг эркинлаштирилиши, бу – мамлакатда бизнесни, авваламбор кичик бизнесни ривожантириш, инвестицияларни жалб қилиш йўлидаги биринчи қадамдир. Бу эса – аҳолининг иш билан бандлигининг кўпайиши, истеъмолнинг ошиши ва натижада жамиятнинг барқарорлиги таъминланиши деганидир. Ва бундай ижобий ўзгариш аҳолиси бизникидан икки баробар кўп бўлган қўшнимиз билан содир бўдаётгани – жуда яхши янгилик.

Биз учун ёмон тарафи нимада? Келинг, ўйлаб кўрайлик!

Биринчи рақамли сабаб: кўплар эсласа керак, йирик хорижий компанияларнинг, айниқса FMCG ёки истеъмол товарларини ишлаб чиқариш соҳаларидаги компанияларнинг кўпи минтақамиздаги ўз фаолиятини Қозоғистонда бошламаганди. Ҳа, бу компанияларнинг штаб-квартиралари 90-йилларда Олма-отада эмас, Тошкентда жойлашган эди. Йирик халқаро юридик ва аудиторлик фирмаларининг офислари Тошкентда жойлашган бўлиб, уларнинг айнан Тошкентда экани Ўзбекистонда иқтисодиётнинг жонланганини билдириб турарди. Сабаблари эса очиқ-ойдин эди. Ўзбекистон бозори FMCG секторидаги ҳар қандай компания учун Қозоғистонга нисбатан кўримлироқ эди, зеро, бозор кўлами катта, ҳаёт даражаси эса бизники билан тахминан тенг эди.

Кейин ҳолат ўзгарди – Ўзбекистонда валюта сиёсати бошқача тус олди. Қозоғистонга эса нефтдан тушган пуллар ёғилди, ҳаёт даражаси бир неча йил ичида қўшни давлатга нисбатан сезиларли даражада ўсиб кетди. Ва юқорида айтилган компаниялар Олма-отага кўчиб ўтишни бошлашди. Ўзлари билан эса содиқ, ўқимишли ва тадбиркор менежерларларни ҳам олиб кетишди. Ўйлайманки, Ўзбекистон ўз вақтида валюта курсини эркинлаштирганда, бундай ҳолат юз бермасди. Бизнинг бугунги ҳолатимиз – яъники, Қозоғистонда, ҳусусан Олма-отада кўплаб хорижий компаниялар (шу жумладан иш билан таъминлашнинг халқаро стандартлари ва катта маошлар) жойлашгани сабабидан бошқалардан устин бўлиб турганимиз – булар бизнинг инвестицион иқлимимиз ўта зўрлигидан эмас, балки йирик хорижий бизнес учун Марказий Осиёда бошқа тузукроқ жой йўқлигидандир.         

Иккинчи рақамли сабаб. Тошкентда бўлганлар маҳаллий муассасалардаги нархига мос келмаган (арзон) жуда юқори сервисга дуч келганларини эътироф этишади. Руставели кўчасида ва бошқа жойларда Олма-отаникидан қолишмайдиган кафе, ресторан, караоке-барлар бор. Фақатгина бу ердаги бизнесменлар бундай валюта курси шароитида қандай қилиб ишлаш мумкинлигини билишади. Валюта масаласида ишлар жойига тушиб кетса, Ўзбекистондаги маҳаллий бизнес, айниқса сервис соҳаси жадал ўзгаришга юз тутади.

Энди пулга кўмилиб ётган, дангаса, ҳар бир жабҳада профессионаллик даражаси паст Қозоғистон сервисини оламиз. Амбицияли, ишлашни биладиган, пулдорликдан талтайиб кетмаган ўзбеклар бизларни ҳар жабҳада ортда қолдиришади.

Ўзбекстонда сервиснинг юқори даражада эканлигининг сабаби – мамлакатда табдиркор ва меҳнатсевар одамларнинг кўплигида. Қозоғистонда кучли ўзбек диаспоралари бор – қурилиш, консалтинг, озиқ-овқат махсулотларини ишлаб чиқариш, савдо, қишлоқ хўжалиги соҳаларида. Кучли ўзбек диаспоралари Москвада, Лондонда, Нью-Йоркда бор. Ўзбеклар тадбиркор, бир-бирларини қўллашади, ишлашни хоҳлашади ва энг муҳими – улар биз қозоқлардан фарқли ўлароқ, озроқ пул учун ҳам ишлашга таёрдирлар. Агарда Ўзбекистонда ҳақиқатда ижобий ўзгаришлар бошланса, Қозоғистон, айниқса жанубий ҳудудлар, ўз инвесторларини йўқота бошлашади. Чунки улар ўзларини Ўзбекистонда яхшироқ ҳис қила бошлайдилар.

Бу жараён кўп вақт талаб этиши тушунарли. Биринчидан, биргина валюта курсининг эркинлаштирилишининг ўзи ҳали етарли тадбир эмас. Ўзбекистон иқтисодиётини инвесторлар учун кўримли қилиш учун ошна-оғайнигарчиликни, қуйи коррупцияни йўқотиш, мавжуд рухсат олиш ва бизнес жараёнларни тартибга солиш тизимларини соддалаштириш лозим. Иккинчидан, Тошкентда ҳозир оддий инфраструктуранинг ўзи йўқ – офислар, омборлар, логистик марказлар, тижорат кўчмас мулки. Учинчидан, йирик халқаро компанияларнинг салобати консерватив эканидадир. Улар Марказий Осиёдаги ўз штаб-квартираларини Олма-отадан Тошкентга кўчиришлари учун кўплаб жараёнларни ишга солишлари ва кўплаб манфаатларга таъсир этишлари керак бўлади.

Аммо, буларни ҳал қилса бўлади.

Бизга нима қолади? Биринчидан, юзага келаётган янги ҳолатда рақобатга бардош беришимиз учун ўз бизнес жараёнларимизни яхшиламоғимиз лозим. Иккинчидан, Ўзбекистонда юзага келаётган вазиятдан нафақат қўрқишимиз, балки бу жараёнда иштирок этишимиз ҳам мумкин. Имкониятлар жуда кўп.

Бир сўз билан айтганда, бу ўзгаришлар ижобийдир. Улар нафақат бизнинг кўпсонли ва меҳнаткаш қўшниларимизга имкониятлар яратади, балки бизларни ҳам “туртиб”, ҳаракат қилишимизга мажбур этади. 

Ержан ЕСИМХАНОВ

Таржимон: Муҳаммад ШАКУР