Гиёҳвандлик ("Замонавий масалаларнинг шаръий ҳукмлари" рукнидан)

21:24 10.09.2017 480

Маълумки, ароқ динда ҳаром қилинган ичимлик бўлиб, уни ичиш гуноҳи кабиралардандир. Уни ҳалол билган киши кофир бўлади ва ичганга ҳад урилади. Бунга далил жуда кўпдир. Аллоҳ таоло айтади: “Эй мўминлар, ароқ (маст қиладиган ичкилик ичиш), қимор, бутлар ва чўплар (яъни чўплар билан фолбинлик қилиш) шайтон амалидан бўлган ҳаром ишдир. Бас, нажот топишингиз учун уларнинг хар биридан узоқ бўлингиз! Ичкилик, қимор сабабли шайтон ўрталарингизга буғзу адоват солишни ҳамда сизларни Аллоҳни зикр қилишдан ва намоз ўқишдан тўсишни истайди, холос! Энди тўхтарсизлар!” (Моида сураси, 90-91-оятлари).

Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи васаллам): “Ароқ ичувчи уни мўмин ҳолда ичмайди”, дедилар. Бухорий ва Муслим ривоятлари.

Унинг ҳаром бўлиш иллати ёки ҳикмати Аллоҳ инсонни у билан мукаррам қилган ва таклиф боиси бўлган ақлни муҳофаза этишдир. Чунки ақлга тажовуз қилиш билан инсон мункар ишларга аралашиб ва шаҳвоний ҳисларга бўйсуниб қолади. Олдинги далиллар ва мана бу ҳадислар шунга далолат қилади: “Ароқдан сақланинг, чунки у ҳамма ёмонликлар калитидир” (Ҳоким ривояти), “Ёмонликлар онасидан сақланинг” (Ибн Ҳиббон ривояти).

Маст қилувчи ҳамма нарсанинг ҳукми хоҳ у ичиладиган, ё ейиладиган, ё чекиладиган, ёки ҳидланадиган бўлсин барибир ароқники билан тенгдир, жумладан гиёҳванд моддалар ҳам. Бу ҳукмдан бизнинг мазҳабимизда фақат ҳад истисно қилинади. Гиёҳванд моддалар ислом оламига мўғул татарлар босқини вақти, VI-VII-асрларгача маълум бўлмаган эсада, қадим шарқ ва ғарбда уни билишарди. Мусулмонлар уни таниб, зарарларидан хабардор бўлишгач, “Ҳамма маст қилувчи – ҳаром”лигини айтган, шунингдек Умму Салама (розияллоҳу анҳо) ривоятларидаги “Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) ҳар қандай маст қилувчи ва гангитувчи нарсадан қайтардилар”, деган ҳадисларнинг умумий маъносини татбиқ қилиб, унга ҳаром ҳукмини беришди.

“Раддул муҳтор”нинг “Ичимликлар китоби”да шундай дейилади: “Банг ейиш ҳаромдир. У арабчада шайкарон дейилган ўсимликдир. Ҳушни йўқотади, ухлатиб қўяди ва ақлни учиради. Энг ёмони қизили, сўнг қораси, кейин оқидир. “Қуҳустоний”да “У қанб ўсимлигининг бир тури бўлиб, ақлни кетказгани учун ҳаромдир. Фатво шунгадир”, дейилган.

“Баҳр”да айтилади: “Кимнинг ақли банг ва афюн билан кетадиган бўлса, агар кайф учун истеъмол этган бўлса, қилган талоғи тушади. Чунки уни гуноҳ учун ишлатди. Агар даволаниш учун ишлатган бўлса талоғи тушмайди, чунки у гуноҳ қилмади”. Буни “Фатҳул қадир”да ҳам айтилган бўлиб, банг ва афюннинг ҳаром эканига сариҳ қавлдир”.

Ибн Ҳажарул Маккий афюнга ўхшаш гиёҳванд моддаларга ўрганиб қолган киши, агар уни истеъмол қилмаса ўлиб қоладиган бўлса, нима қилади, деб сўралганда шундай жавоб қилдилар: Агар бундай бўлиши қатъий билинса, бу ҳолда улар ҳалолдир. Балки жонни сақлашга мажбур бўлингани учун истеъмоли вожибдир. Очдан ўлаётганганга ўлакса ҳалол бўлгани каби. Фақат ошқозон унга боғлиқликдан қутулгунча, оз-оздан камайтириш вожиб. Агар бундай қилмаса гуноҳкор фосиқ бўлади”.

Валлоҳу аълам.

Мубашшир Аҳмад

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!