Ҳасан Басрий насиҳатлари (2-қисм)

17:50 10.09.2017 850

Ҳасан Басрий (раҳматуллоҳи алайҳ)нинг мавъизалари саҳоба (розияллоҳу анҳум)лар давридаги каби сўздаги қувват ва енгилликни ўзида жамлар эди. У зотнинг ажиб панду насиҳатлари кўп ҳолларда ҳаётнинг қисқа ва арзимас матоҳ экани, дунёнинг бевафолиги-ю, охиратнинг абадийлиги ҳақида бўлиб, ўз суҳбатларида иймон, солиҳ амал, тақвога ундар, ғурурга берилиш ва узун орзулар қилишдан қайтарар эдилар.

Шубҳасиз, моддият исканжасию шаҳватлар гирдобида қолиб, дабдаба, орзу-истакларга муккасидан кетган жамият кўзлардан жаҳолат пардасини олиб ташловчи, қалбларни ларзага солувчи ана шундай панд-насиҳатларга муҳтож эди.

Ҳасан Басрий (раҳматуллоҳи алайҳ) кўпинча ўз мавъизаларида саҳоба (розияллоҳу анҳум)лар даврини, у вақтдаги кишиларнинг ахлоқи ва васфларини эслатар ва ўзлари яшаётган замон билан таққослаб, Ислом жамияти бошига тушган иймон ва ахлоқдаги инқирозни таърифлар эдилар. Гап ана шу нуқтага келганида қалблар тўлқинланиб, қайғу юз кўрсатар эди.

У зотнинг насиҳатлари мисоли бир мафтункор наср ва бетакрор адабиётнинг гўзал намунаси, адиб ва танқидчининг тортишув мавзуси эди. Қуйида у кишининг насиҳатларидан иккита мисол келтирамиз. Биринчи мисолда Ҳасан Басрий (раҳматуллоҳи алайҳ) соҳоба (розияллоҳу анҳум)лар даврини эслатиб, ўша давр мўминларини таърифлаганлар:

“Ҳайҳот, ҳайҳот! Инсонларни орзу-истаклар, амалсиз сўзлар, сабрсиз маърифат ва ишончсиз иймон ҳалок қилди.

Менга нима бўлдики, кишиларни кўряпману, аммо ақл, фикр кўрмаяпман. Ғала-ғовур эшитяпману, суҳбатдош кўрмаяпман!

Одамлар кириб, сўнг яна ортига чиқиб кетмоқда. Билиб, сўнг инкор этмоқда. Бир нарсани ҳаром қилиб, сўнг уни ҳалол санашмоқда. Демак, сизларнинг динингиз тилда, холос. Бирортангиздан: “Ҳисоб кунига ишонасанми?!” дея сўралса, у: “Ҳа”, дейди. Қиёмат кунининг Подшоҳига қасамки, унинг сўзи ёлғон.

Динда собитлик, қатъий иймон, мулоҳазали илм, илм билан мулойимлик, мулойимликдаги донолик, юқори бўлса-да, сабрли бўлиш, бой бўлса-да тежамкорлик, нафақада шафқатлилик, бошига қийинчилик тушганларга раҳмли бўлиш, ҳақларни адо этиш ва вожиботларда давомий бўлиш мўминнинг ахлоқидир. У адоват қилган кимсага адолатсизлик қилмайди. Суюкли кишисига ёрдам бериш йўлида гуноҳга қўл урмайди. Беҳаё ва ноўрин сўзларни сўзламайди, ғийбат ва туҳмат қилмайди, бировнинг устидан кулмайди, кўнгилхушликка берилмайди. Чақимчилик қилмайди, фойдасиз ишлар билан машғул бўлмайди. Ҳақдан юз бурмайди, узр сўралса, рад этмайди, ўзгаларнинг бахтсизлигидан кулмайди. Бошқалар гуноҳ қилса, шодланмайди.

Мўмин киши намозда итоаткор, ибодатга ўч, сўзи – шифо, сабри – тақво, сукути – тафаккур, қараши – ибрат бўлади. У илм илинжида олимларга аралашиб юради. Саломат бўлиш учун уларнинг ҳузурида сукут қилади. Фурсат бўлганда – фойда олиш учун гапиради. Агар яхшилик қилса – шодланади, хато қилса – кечирим сўрайди. Мабодо бирор киши мўминга таъна-дашном этказса, ундан ҳовуридан тушишини илтимос қилади. Унга қўполлик қилишса, у мулойимлик қилади. Агар зулм кўрса – сабр, жабр кўрса – адолат қилади.

Мўмин Аллоҳдан ўзгага суянмайди. Фақат Ундангина мадад тилайди. Кишилар орасида виқорли, ҳилватда шукрли, ўзига берилган ризққа қаноатли бўлади. У кенглик чоғларида ҳамд айтувчи, машаққат кезлари сабрли бўлади. Агар у ғофиллар билан бирга ўтирса, зикр қилувчилардан деб ёзилади. Зокирлар билан ўтирса, истиғфор айтувчилардан деб ёзилади.

Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг саҳобалари ҳам, солиҳ салафларимиз ҳам то Аллоҳга йўлиққунга қадар ана шундай бўлишган. Сизлар эса ўзингиз ўзгарганингиз учун ўзгартирилдингиз”, дедилар ва “Албатта, Аллоҳ бирор қавм ўзларидаги нарсани (неъматларга нисбатан муносабатни) ўзгартирмагунларича, улардаги нарсани (ҳолатни ёмон ҳолатга) ўзгартирмас. Аллоҳ бирор қавмга ёмонликни раво кўрса, бас, уни қайтариб бўлмас ва улар учун Ундан ўзга бошқарувчи йўқдир”[1], оятини ўқидилар.

Бошқа бир насиҳатларида Фурқон сурасининг 63-65-оятларини тафсир қилиб, олдин ўтган мўминларни таърифлаганлар:

“Аллоҳ таолодан мўминларга ушбу чақириқ[2] келганда улар мазкур даъватни тасдиқладилар. Бу даъватнинг ишончи уларнинг қалбларида чуқур ўрнашди – юраклари, таналари ва кўзлари Аллоҳга итоат қилди. Аллоҳга қасамки, агар уларга қарасангиз, гўё мазкур чақириқни ўз кўзлари билан кўрган қавмни кўрар эдингиз. Аллоҳга қасамки, улар баҳслашмасдилар; ботил аҳлидан ҳам эмасдилар. Уларга Аллоҳдан бирор буйруқ келганида уни тасдиқладилар. Аллоҳ таоло уларни Қуръони каримда энг гўзал сифатлар ила мақтаб, бундай дейди: “Раҳмоннинг (суюкли) бандалари ерда камтарона юрадиган,”[3]. Араблар ишлатадиган камтарлик бу – юмшоқлик, сакинат ва виқордир. “...жоҳил кимсалар (бемаъни) сўз қотганда “Саломатлик бўлсин!” деб жавоб қиладиган кишилардир”[4]. Улар мулойимдирлар. Асло нодонлик қилмайдилар. Агарда уларга жоҳиллик қилинса, улар ҳалимлик қиладилар. Кун бўйи Аллоҳ таолонинг бандаларига ўзлари эшитган яхши сўзларни айтиб берадилар.

Аллоҳ уларнинг тунлари ҳам энг хайрли тунлар эканини айтиб, бундай дейди: “Улар яна тунларни Парвардигорга сажда қилган ва тик турган (ибодат билан бедор) ҳолда ўтказадиган кишилардир”[5]. Аллоҳнинг ибодатида тик оёқда турадилар, пешоналарини эса Роббига сажда қилган ҳолда тупроққа қўядилар. Робби қўрқувидан кўз ёшлари ёноқларини ювади. Қайсидир иш сабаб тунларини бедор ўтказсалар, яна қайсидир иш сабаб кунларини ибодат-ла ўтказарлар. Аллоҳ таоло улар ҳақида яна бундай марҳамат қилади: “Улар: “Парвардигоро, Ўзинг бизлардан жаҳаннам азобини даф этгин. Дарҳақиқат, унинг азоби ҳалокатлидир”[6]. Одам боласининг бошига тушиб, сўнг ундан кетадиган нарса ҳалокатли ҳисобланмайди. Балки унинг бошига тушиб, ҳеч қачон аримайдиган, осмонлару ер тургунича турадиган мусибат ҳалокатли ҳисобланади. Ундан ўзга илоҳ бўлмаган Аллоҳга қасамки, у жамоа ўз сўзларида ростгўйдир. Аллоҳ сизларга раҳм қилсин. Умид қилган ҳолда амал қилинглар. Фақатгина орзу қилиб ўтираверманглар. Аллоҳ таоло бирон бандага дунё ва охиратда фақат орзунинг ўзи билангина яхшилик бермайди”.

 


[1] Раъд сураси 11-оят.

[2] Имон чақириғи

[3] Фурқон сураси 63-оят.

[4] Фурқон сураси 63-оят.

[5] Фурқон сураси 64-оят.

[6] Фурқон сураси 65-оят.

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!