Хорижлик дипломатлар: “Шавкат Мирзиёевнинг қатъий иродаси туфайли минтақа давлатлари раҳбарлари ўртасидаги алоқалар жадаллашди”

18:20 12.01.2018 630

2017 йилда Ўзбекистон ривожланишининг энг муҳим якунлари нималардан иборат? “Жаҳон” ахборот агентлиги мухбирлари қатор хорижий давлатларнинг мамлакатимиздаги дипломатик миссиялари раҳбарларига ана шундай савол билан мурожаат қилди. Бунга жавобан дипломатлар қуйидаги фикрларни билдирди.

Владимир Тюрденев, Россия Федерациясининг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси:
— Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида ўтган давр мобайнида жамият ҳаётининг барча соҳасини ислоҳ этиш бўйича жиддий ишлар амалга оширилди.

2017 — 2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясининг қабул қилингани Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йилидаги энг муҳим воқеалардан бири бўлди. Бу ҳужжатда мамлакатни янада равнақ топтириш йўллари аниқ-равшан белгиланган бўлиб, унда барча йўналишда ҳаётга ижобий ўзгаришларни татбиқ этиш кўзда тутилган. Ўтган йил сентябрь ойида республикада валютани эркин айирбошлаш жорий қилинганини бунинг яққол мисоли сифатида қайд этиш мумкин. Эркин конвертация чет эл, шу жумладан, Россия капиталини таваккалчиликлардан сезиларли даражада ҳимоя қилгани баробарида, Ўзбекистондаги сармоявий муҳитни яхшилашга ҳам кўмаклашади.

Ишончим комилки, 2018 йил мамлакатда “Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили” деб эълон қилингани мамлакат раҳбариятининг миллий иқтисодиёт салоҳиятини тўла очиш, ишбилармонлик фаоллигини рағбатлантириш ҳамда аҳоли фаровонлигини оширишга қаратилган мажмуавий ислоҳотларни бундан кейин ҳам изчил давом эттириш йўли қатъий эканлигидан далолат беради.

Квон Ён У, Корея Республикасининг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси:
— 2017 йил катта муваффақиятлар қўлга киритилган давр сифатида Ўзбекистон тарихида қолди. Фуқаролар билан мулоқотни мустаҳкамлаш ва инсон манфаатлари устуворлигига содиқликни намоён қилгани ҳолда, мамлакат давлат бошқаруви ҳамда суд тизимида муваффақиятли ўзгаришларни ҳаётга татбиқ этди. Иқтисодий чора-тадбирлар туфайли халқнинг турмуш даражаси ва фаровонлигини янада яхшилаш учун жиддий пойдевор қўйилди. Ўзбекистон раҳбариятининг аҳолининг кам таъминланган қатламини ижтимоий қўллаб-қувватлаш ҳамда таълим соҳасида янги усулларни қўллаш борасидаги саъй-ҳаракатлари ҳам юқори баҳога лойиқ.

Шуниси ҳам аёнки, 2018 йилда республика ҳукумати барча жабҳада инновацион технологияларни рағбатлантиради, бу эса мамлакатнинг улкан салоҳиятини ҳаётга янада тўлақонли жорий қилиш, халқаро майдонда миллий рақобатбардошлик ошишини таъминлайди.

Замонавий босқичда давлатларимиз сиёсий, иқтисодий, маданий ва бошқа жабҳалардаги ҳамкорликни изчил ривожлантирмоқда. 2018 йили Пхёнчхан шаҳрида бўлиб ўтадиган қишки Олимпия ўйинлари муносабати билан спорт соҳасидаги алоқаларимиз янада мустаҳкамланиши кутилмоқда. Чунки мазкур йирик мусобақада ўзбек спортчилари ҳам иштирок этишади.

Гусейн ГУЛИЕВ, Озарбайжоннинг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси:
— Ўтган йили Ўзбекистон ҳамда Марказий Осиёнинг бошқа давлатлари минтақавий ҳамкорликни мустаҳкамлади. Шавкат Мирзиёевнинг сиёсий иродаси туфайли минтақа давлатлари раҳбарлари ўртасидаги алоқалар жадаллашди. Тошкент ва Душанбе ўртасидаги авиақатнов қайта йўлга қўйилди, Ўзбекистоннинг Бишкек билан муносабатлари катта ижобий ўзгаришлар томон юз бурди, чегарага оид музокаралар янгиланиб, назорат-ўтиш пунктлари очилди. Қирғизистон, Қозоғистон ҳамда Туркманистон ўртасидаги давлат чегаралари делимитацияси тўғрисидаги тарихий шартнома имзоланди, шартномавий-ҳуқуқий пойдевор кенгайди, минтақанинг барча беш мамлакати ташқи ишлар вазирлари 2018-2019 йилларга мўлжалланган кенг қамровли ўзаро ҳамкорлик дастурини имзолашди.

Ўзбекистон БМТ, МДҲ, ШҲТ, ИҲТ ва бошқа халқаро ташкилотлар доирасидаги ҳамкорликка ҳам муҳим аҳамият қаратмоқда. Шу ўринда Тошкентда бўлиб ўтган “Ислом ҳамжиҳатлиги: Ўзбекистон ва Озарбайжон мисолида” мавзуидаги халқаро конференция, МДҲ аъзо давлатлари Ҳукумат раҳбарлари кенгашининг мажлиси, Самарқандда Марказий Осиё бўйича бўлиб ўтган форумни алоҳида қайд этишни истардим. Бундай тадбирларни ўтказиш асносида Ўзбекистон бутун дунёга ўзининг очиқлиги ва фаоллигини яна бир бор намоён қилмоқда.

Кенг кўламли ислоҳотларни изчил амалга ошириш натижасида иқтисодиётда туб ўзгаришлар рўй берди. Унинг барқарор ривожланиши ҳамда жозибали сармоявий муҳит учун мустаҳкам меъёрий-ҳуқуқий асослар шаклланди, саноатнинг янги тармоқлари яратилди. Ишлаб чиқаришни модернизациялаш, техник ва технологик янгилаш қўшимча туртки олди. Кичик бизнес ҳамда хусусий тадбиркорликни ҳам Ўзбекистон иқтисодий ўсишининг ҳаракатлантирувчи кучи сифатида алоҳида тилга олиш мумкин. Бугунги кунда ялпи ички маҳсулотнинг катта қисми айнан мазкур жабҳада шаклланаяпти.

Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида Ўзбекистон жаҳоннинг ўсувчанлик билан равнақ топаётган мамлакатлари қаторига кирди. Эришилган муваффақиятлар, ўзбек халқининг юқори салоҳияти халқаро майдонда юксак эътироф ва ҳурматга сазовордир.

Манба: “Жаҳон” АА

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!