Иқтисодий долзарбликнинг оддий ҳақиқатлари

11.09.2017 15:45 257

БИРИНЧИ ҳақиқат шуки, мамлакатДАН қанча кўп маҳсулот экспорт қилиниб, қанча кўп валюта мамлакатГА кириб келаверса, иқтисодиёт учун шунча яхши. Бунинг яхшилиги нимада?

Тушунишга осон бўлган сабаблардан биттаси – кириб келган валютани ички бозорда ишлатиш учун уни сўмга айлантириш керак бўлади. Бу дегани валюта савдосида валютага бўлган талаб эмас, балки валютани сотишга бўлган эҳтиёж ортади ва... бунинг натижасида чет эл валютасининг нархи пасаяди, сўмнинг эса қадри ошади.

Шу йўсинда мудом кириб келаверадиган валюта ундан яна фойда кўриш илинжида мудом айирбошланаверади (“қора кунга” олиб қўйилмайди), иқтисодиёт мудом фаоллашаверади.

Том маънодаги эркин иқтисодиётга эндигина қадам қўяётган, куни кеча эркин конвертация жорий бўлган мамлакатимизга, табиийки, экспортнинг тури ва ҳажмини кўпайтириш, шу аснода валюта тушумини кўпайтириб олиш жуда муҳим эканлиги – оддий ҳақиқат.

ИККИНЧИ ҳақиқат. Ҳозирда ҳамма ривожланаётган давлатлар қўлидан келадиган ҳунарини ишга солиб, экспортни кўпайтириш ҳаракатида. “Мана бу ҳунар менинг обрўйимга тўғри келмайди” – дейдиганлар деярли қолмади, қолгани эса бошқалардан қолиб кетди.

Саноқли давлатларгина ўз иқтисодиётини юқори технологияли ишлаб чиқаришга асослашга эришган. Аммо ўшаларнинг ҳам кўпи бу даражага етишиш учун бошқа, “кўримсиз” босқичларни босиб ўтган.

Бу ҳақиқатдан келиб чиқадиган хулоса шуки, биз ЎЗИМИЗНИНГ ҳолатимизга ростмана нигоҳ ташлаб, қайси соҳада экспортни кўпайтиришга қодир эканлигимизни билиб олмоғимиз лозим. Биз ҳозир ўзимизнинг қўлимиздан келадиган, қисқа муддатда йўлга қўйишимиз мумкин бўлган энг устувор ҳунаримизни топиб олиб, ўшани ривожлантириш устидан астойдил ишлашимиз, ўша соҳани зудлик билан ислоҳ этишимиз даркор.

Бундай “топиб олмоқ” вазифасини тўғри, инсоф ила бажаришимиз бизни УЧИНЧИ ҳақиқатга етаклайди – бизнинг шу мақомимизда қўлимиздан келадиган асосий ҳунаримиз – қишлоқ хўжалигидир. Айнан шу соҳани тўғри йўлга қўйиш асносида, аграр салоҳиятимизни ишга солиш асносида биз ўта қисқа муддатда:

  • ўзга иқтисодиётга хизмат қилаётган бир неча МИЛЛИОН ишчан қишлоқ ёшларини юртга қайтариб, улар асосида қишлоқларимизда ижтимоийиқтисодий фаол қатламни юзага келтиришимиз;
  • гастарбайтер мақомига тушиб қолиб, руҳиймаънавий жиҳатдан “синган” қишлоқ ёшларинининг шаънини кўтариб, улар асносида қишлоқларда фаол тадбиркорлар қатламини юзага келтиришимиз;
  • ҳар жиҳатдан генофондимизга зарба бўлаётган меҳнат миграциясига барҳам беришимиз;

Шу билан бирга:

  • мамлакатга келадиган валюта тушумини қисқа муддатда кўп маротаба кўпайтириб олишимиз;
  • қишлоқларда кичик хусусий саноат корхоналари юзага келишига шароит яратишимиз мумкин бўлади.

Бу учун мавжуд салоҳиятимизга ва мавжуд конъюнктурага холисона баҳо бериб, ислоҳотга журъат этиш лозим, холос.

Мавзуга доир яна бир мақола мана бу ерда: http://azon.uz/content/views/burilish-rostguylik-va-genofond

Шокир Шарипов (Муҳаммад Шакур)