Исботлаш йўллари ичида иқрорнинг ўрни (2-мақола)

18:09 10.09.2017 219

Иқрор луғатда эътироф маъносида келади. Ҳақни эътироф қилганда – ҳаққа иқрор бўлди, дейилади, “Бировни ҳаққа иқрор қилди, натижада у ҳаққа иқрор бўлди” деган гап ҳам шу қабилдандир[1].

Шариатда эса “иқрор” деганда бировнинг фойдасига, ўзининг эса зарарига ҳақнинг собит бўлганидан хабар бериш тушунилади[2].

Иқрорнинг ҳужжат эканлиги:

Иқрор Китоб, Суннат, ижмоъ ва ақлий далиллар билан собит бўлган ҳужжатдир.

Китобдан далил – Аллоҳ таолонинг қуйидаги оятларидир: “Эсланг, Аллоҳ (пайғамбарлардан)* шундай аҳд олган эди: «Мен сизларга Китоб ва Ҳикмат берган бўлсам, эндиликда сизлардаги (Китоб)ни тасдиқ этувчи бир пайғамбар (Муҳаммад) келганда, албатта, унга имон келтирасиз ва унга ёрдам берасиз!» (Аллоҳ): «Тан олдингизми ва аҳдномамни шу (шарт) билан қабул қилдингизми?» – деганида, улар: «Тан олдик»,– деб жавоб бердилар. Аллоҳ деди: «Гувоҳ бўлингиз, Мен ҳам сизлар билан бирга гувоҳлардандирман»”[3]. “Эй, имон келтирганлар! Адолатда барқарор туриб, ўзларинг ёки ота-оналаринг ва қариндошларинг зарарига бўлсада, Аллоҳ учун (тўғри) гувоҳлик берингиз!”[4]. Зеро ўзининг зарарига гувоҳлик бериш ўзининг зарарига бўлган ҳаққа иқрор бўлиш ҳисобланади.

Суннатдан далил: Моиз ва Ғомидия зинога иқрор бўлганлари учун Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам уларга ҳадни ижро қилганлар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг замонларидан то ҳозиргача уммат иқрорнинг иқрор бўлгувчига нисбатан ҳужжат эканига, у асосида жазоланиши ёки шунга қараб муомала қилинишига ижмоъ этганлар.

Унинг ақлий далили: иқрорга нисбатан шубҳа-гумонларнинг йўқлигидир. Чунки ақлли одам ўзининг зарарига бирор нарсага ёлғондан иқрор бўлмайди.

Исботлаш йўллари ичида иқрорнинг даражаси:

Фақиҳларнинг ижмосига кўра, иқрор – шаръий далилларнинг энг кучлисидир. Чунки иқрорга нисбатан шубҳа-гумонлар бўлмайди.

Ҳанафийларнинг таъкидлашларича, иқрор – гувоҳликдан устун бўлган ҳужжатдир. Таъкидланганидек, иқрорга нисбатан кўпинча шубҳа-гумонлар бўлмайди. Бу эътироф иқрорнинг фақат иқрор қилувчига нисбатангина ҳужжат экани, гувоҳлик эса бошқаларга ҳам ўтадиган ҳужжат ҳисобланишига зид келмайди. Чунки ҳужжатнинг кучли ёки кучсиз бўлиши бировга ўтиши ёки ўзигагина чегараланишига боғлиқ эмас. Иқрор – иқрор бўлувчининг ўзигагина ҳужжат, гувоҳлик эса бировга ҳам таъсир этувчи ҳужжат, дейилиши иқрорнинг қувватига, гувоҳликнинг эса нисбатан кучсиз бўлишига зид келмайди. Зеро иқрордан шубҳа-гумонлар кўтарилган. Гувоҳликда эса бундай бўлмайди[5].

Иқрор нималар билан бўлади?

Иқрор – сўз, шунингдек, унинг ўрнига ўтадиган бошқа воситалар билан вужудга келади. Бунга ишора, ёзиш, аломат билан бўлган сукутлар мисол бўлади.

 


[1] Мухторус сиҳоҳ “قرر” калимаси.

[2] Фатҳул қадир. 6-жилд. 280-бет. Аш-Шарҳус сағир. 3-жилд. 525-бет. Ҳошияти Бужайримий алал Хатиб. 3-жилд. 119-бет. Кашшофул қиноъ. 6-жилд. 367-бет.

[3] Оли Имрон сураси, 81-оят.

[4] Нисо сураси, 135-оят.

[5] Такмилату фатҳил қадир. 7-жилд. 299-бет.

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!