Маънавий қўпорувчилик ёки таълим тизимини барбод қилишнинг ғалати дастури

07:09 30.08.2017 5548

Яқинда Беларуснинг “Оbrazovanie.by” сайтида Дмитрий Сандаков исмли бир қаламкашнинг таълим тизимини барбод қилишнинг қўпорувчилик дастурига бағишланган мақоласини ўқиб қолдим. Муаллифнинг мулоҳазалари юзаки қараганда бироз ишонарсиз ва баҳсли туюлса-да, лекин кўплаб мамлакатларда бу ҳолатнинг мавжудлиги Сандаковнинг кўпчилик билган ва тан олган чин ҳақиқатни қаламга олганини тасдиқлаб турарди. У шундай ёзади: “Давлатларнинг таълим сифатини пасайтиришга қизиқиши мумкинлиги ҳақидаги ғоя аслида янги топилган гап эмас. Буни яқинда Владимир Жириновский (Россия Либерал-демократик партияси етакчиси – Аҳмад Муҳаммад изоҳи) ҳам Давлат Думасида баралла таъкидлаб ўтди: “...агар барқарорликни хоҳлайдиган бўлсак, таълимни жиловлаб қўйишимиз керак. Мабодо таълимни тараққий эттирадиган бўлсак, унда ўзингизни ҳалокат чоҳига отган бўласиз. Бу ҳақда ўйлаб кўринглар”. Айни пайтда оддий инсоний аҳмокликдан кўра “фитна назарияси”га ишониш ҳамиша қийинроқ кўринади”.

Мақола муаллифи уни ёзишда россиялик фантаст ёзувчилардан ака-ука Стругацкийларнинг “Тўлқинлар шамолни ўчиради” асаридан илҳомланганини айтади. Мазкур китобда тасвирланган келажак Ерида прогрессор (тараққийчи) деган касб тилга олинади. Ана шу прогрессорлар Ердагига қараганда камроқ тараққий этган тамаддунларга (цивилизацияларга) яширинча кириб олиб, жамиятни керакли йўналишдаги тараққиётга йўналтириб юборади. Бир куни қайсидир прогрессорнинг миясига шундай фикр келиб қолади: “Агар Ерда ҳам кўпроқ тараққий этган тамаддунларнинг прогрессорлари яширинча ҳаракат қилиб юрган бўлса-чи? Бу ҳолда уларни топиш керак! Лекин қандай қилиб? Ғоя муаллифи бошқа сайёраларнинг прогрессорларини аниқлашнинг уч босқичли услубини таклиф этади: биринчидан, айтайлик, уларнинг ҳақиқатан мавжудлигини тахмин қилиб кўрамиз. Иккинчидан, уларнинг мақсадини ўрганиб, нима қилмоқчилигини фараз этиб кўрамиз (уларнинг ўрнида биз нима қилган бўлардик). Учинчидан, бизларнинг тахминларимиз билан Ердаги ҳақиқий воқеалар ўртасидаги ўхшашликни излаймиз. Шундан кейин китобда ушбу услубни қўллаш тарихи баён қилинади, ана шу услуб ёрдамида прогрессорларнинг яширин тўдаси фош қилиниб, зарарсизлантирилади.

Агар Стругацкийларнинг бу услуби таълим тизимига муқояса қилинса, кўз олдимизда ғалати манзара намоён бўлади. Гўё советлардан кейинги улкан ҳудудда регрессорларнинг (прогрессорларнинг акси) катта бир тўдаси бемалол фаолият юритиб, уларга СССР пайтида таркиб топган таълим тизимини барбод қилиш вазифаси юклангандай туюлади. Энди ўзингиз бир тасаввур қилиб кўриш лозим: ўша регрессорлар бунинг учун нималар қилиши мумкинлиги ҳақида бош қотирайлик ва ҳақиқий ҳаётдан бунинг ўхшаш томонларини излаб кўрайлик. Бунинг учун эса мақола муаллифи худдики регрессор ниқобига кириб олиб, таълим тизимини барбод қилишнинг дастурини, яъни қисқача қўпорувчилик режасини ишлаб чиқади. Буларнинг ҳақиқий ҳаётдаги воқеалар билан ўхшашлигини топиш ва хулосалар чиқариш эса ўқувчиларнинг ўзларига ҳавола этилади.

Шундай қилиб, мақола муаллифи ишлаб чиққан олий ўқув юртлари мисолида таълим тизимини барбод этишнинг дастури еттита банддан иборат экан:

1. Муаллимларнинг ижодий руҳиятини камситиш. Советларнинг бир “доҳийси” “Кадрлар ҳамма нарсани ҳал қилади” деган бўлса-да, олий ўқув юртларининг кадрлари бундан ҳам кўпроқ нарсаларни ҳал қилишарди. Олий таълимдаги муаллимларнинг фидойилиги шундаки, улар маошнинг озлигига, жазо олиш ёки ҳайдалиб кетиш қўрқувларига парво қилмай, улар ўз вазифаларининг ўта муҳим, керакли эканини ҳис қилган ҳолда ишда жонбозлик кўрсатаверадилар. Энди қандай қилиб уларнинг ғайратини сўндириш, руҳини чўктириш, ишдан ҳафсаласини пир қилиш мумкин. Бунинг битта йўли бор: у ҳам бўлса уларни фидойилигини, ижодкорлигини камситиш орқали уларнинг жўшқинлигини сўндириш. Уларни шунчалар камситиш керакки, муаллимларда ўзлари хизмат қилаётган тузумга нисбатан қаттиқ аламзадалик, нафрат уйғонсин. Одатда фидойи, меҳнаткаш одамларга хос бўлган адолат туйғусига ўчлик бундай пайтларда ўзининг қора ишини қилиб бўлади: ана шу фидойилар ўзларини ноҳақ камситган тузумга аввалгидай шавқ-завқ билан хизмат қилишдан совийдилар. Бундай ҳолатлар яқин ўтмишимизда бизда ҳам керагича топиларди: суҳбатларда новвой, дурадгор, косиб, сартарош каби оддий ҳунармандлар олий маълумотли муаллимларга қарата: “Домла, институтда беш йил ўқиб, ойига қанча маош оласиз?”, “Сизнинг бир ойда машаққат билан топган маошингизни мен бир ҳафтада ортиқча жон койитмай топа оламан”, “Бунақа кичик маошни дипломсиз ҳам топса бўлади-ку!” деган заҳарханда маломатлар қилишганида устозларнинг жавоб тополмай ғамгин ерга боққанлари кечагидай эсимизда.

Устоз-муаллимларни камситиш оддий таъна-маломатлар чегарасидан чиқиб, уларнинг бутун ҳаёт тарзини ҳам қамраб олган эди. Бу нарса айниқса уларга белгиланган ойлик маош, бошқа нафақа ва тўловларга ҳам таъсирини ўтказган. Профессор ва доцентларнинг ойлик маошлари одатда юкчилар, ғазначилар ва фаррошларники билан тенглаштириб қўйилганди. Шундай қилганда, биринчидан муаллимларнинг обрў-мақоми жамият кўз ўнгида пасайтирлган бўлади. Иккинчидан, улар камситилавергани учун тузумга нисбатан аламлари ортади. Шу тариқа уларнинг шаън-обрўси ерга урилиб, маошда профессор-докторлар фаррош мақомига тенглаб қўйилади. Ҳали буниси ҳам ҳолва экан: олий ўқув юртларида илм аҳлини камситишнинг бошқа усуллари ҳам жорий қилинган. Масалан, ёзишга ёки ёзувлардан нусха кўчиришга қоғознинг етарли берилмаслиги, ҳатто ҳожатхона қоғози, дарсликлар, принтер учун кукун, принтер, компьютер каби асбобларнинг танқислиги ҳам муаллимларни хўрлашнинг синалган усулларидан эди. Мазкур ҳолатларга дуч келган профессор бу каби жинниликларга тоқат қила олмай ё севган ишини ташлаб кетади, ё касбини ўзгартиради (ўтган асрнинг тўқсонинчи йилларида муаллимларнинг гуррас-гуррас отчопар бозорига йўл олишганини эсланг), ёки ҳафсаласи бутунлай пир бўлиб, бошқа юртга кўчиб кетиш режасини туза бошлайди.

2. Муаллимларни обрўсизлантириш. Бозор иқтисодиётига ўтиш чоғида бошқа иқтисодий муаммолар қатори муаллимларнинг ижтимоий мақомига ҳам катта путур етказилди. Бошқа юртлардаги каби бизнинг мамлакатимизда ҳам яқин ўтмишда устозларнинг даромади оталарининг текин пулига кеккайиб юрган “бойвачча” талабаларникидан бир неча баравар кам бўлгани учун улар ўртасида катта иқтисодий ва маънавий жарлик пайдо бўлиб қолганди. Бу эса ўша талаба назарида “қашшоқ” муаллимга нисбатан муҳаббат эмас, очиқ нафрат, ҳеч бўлмаганда ачиниш туйғусини уйғотгани аниқ. Мана шундай тенгсиз бир ҳолатда талаба ана шу ночор устознинг ўргатганларини назарга илармиди, ўгитларини қулоққа олармиди? Бундай ҳолатда билим бериш жараёнининг самарадорлиги ҳам сариқ чақага арзимай қолади.

3. Ўқув жараёнини расмиятчиликка айлантириш. Ота-боболарнинг бир гапи бор: миясига ҳар хил бемаъни фикрлар келмаслиги учун болани ҳамиша бирор нарсага машғул қилиб қўйиш керак. Бу машғулотнинг қанчалик керак ёки кераксизлигининг аҳамияти йўқ, бола доимо нимадир билан банд бўлса кифоя. Олий таълимда ҳам, мактабларда ҳам бу қоидага қаттиқ амал қилинади, муаллимларни ҳамиша кераксиз, бемаъни иш ва машғулотларга жалб қилиб турилади. Бу мактаб парталарини бўяшми, ўқув юрти ҳовлиси ёки атрофини супуриб-тозалашми, дарахт ва гулларни парваришлашми ёки талабаларни бирор томошага олиб боришми, пахта теришга юборишми, хуллас устозларнинг таълим жараёнига ҳалақит берадиган қандайдир иш билан мунтазам банд бўлиб туришлари бу борадаги ёзилмаган қонунлардан саналади.

Таълим жараёнига зарар берадиган бошқа усуллар ҳам кўп. Ҳозирги пайтда қайси олий ва ўрта махсус таълим юрти, қайси мактаб муаллими билан гаплашманг, ўзларидаги бефойда қоғозбозлик, ҳужжат тўлдириш, бир неча хил конспект ёзишларнинг кўплигидан, дастурларнинг йилига икки марта алмашишидан фиғонлари фалакка чиқаётганларига гувоҳ бўласиз. Энг қизиғи, ана шу ҳеч кимга керак бўлмайдиган конспект, иш қоғози ва ҳисоботлар ҳар йили янгиланиб туради, ўтган йилгисини ишлатиш мумкин эмас. Қоғозларга кўмилиб кетса ҳам, кераксиз ҳисоботларни ёзиш учун қимматли вақтини ва соғлигини бой берса ҳам маошини оқлаш учун талабаларга нимадир ўргатиш пайида бўладиган муаллимларнинг сабру бардошига қойил қоласан, киши. Энг даҳшатлиси, ана шу ҳисоботларни юқори идораларга етказиш муддати ҳамиша роса танг бўлади: ё бугун, ҳеч бўлмагандан эртага етказиш керак. Устоз бунга улгурадими, ёзган ҳисоботини бирор киши ўқийдими ёки буларнинг таълим жараёнига қандай фойдаси тегади, бундай фикрлар билан ҳеч кимнинг иши йўқ.

4. Ўқув жараёнини эркинлаштириш. Одам боласи ўз табиатига кўра анча танбал, ишёқмас бўлади. Шу боис инсонни бирор янгиликка ўргатиш кўп ҳолларда қаттиқ қаршиликка учрайди. Шунинг учун бунда куч ишлатиш барча самарали таълим жараёнларининг ажралмас қисмидир. Агар устоз шогирдининг чинакам камолга эришишини истаса, уни тинимсиз машғулотлар билан банд қилиб қўяди. Яккакураш жанглари ва спортнинг айрим турларида тинимсиз машқ қилганларгина кўзлаган натижаларига эришадилар. Таълимнинг сифатини пасайтириш учун эса энг мақбул йўл ўқув жараёнини иложи борича эркинлаштириш, талабанинг истаги асосига қуриш керак бўлади. Талаба анча дангаса халқ бўлгани учун бу нарса унга мойдай ёқиб тушади. Мактаб ва ота-онасининг назоратидан чиқиб олган ва назоратнинг бошқа тизимига тушиб улгурмаган талаба машғулотларни осонгина тарк этиб қўяқолади. Ўқув жараёнини эркинлаштириш асосан лекцияларга эркин қатнаш, устозларни талабаларнинг ўзлари томонидан танлаши, имтиҳон ва “зачёт”ларни беҳисоб тарзда қайта топшириш имконияти, ўқишдан ҳайдашнинг ниҳоятда камлиги, баъзан умуман бу даҳмазадан тамоман қутилиш каби ишлар ҳисобига олиб борилади. Бу борада яна турли танловлар (масалан, Қувноқлар ва зукколар баҳси, турли жойларга саёҳатлар, гўзаллик ва касб танловлари), машҳур кишилар билан учрашув каби тадбирлар анча қўл келади.

5. Ақлий муҳитни бузиб ташлаш. Бу мавзуда сўзлашдан олдин бир савол бермоқчимиз: нима учун олимлар турли анжуман ва симпозиумларга боришни ёқтирадилар? Ваҳоланки, у ерда илмий муаммоларни ҳал этишдан кўра кўпроқ маишатбозлик ва кўнгилочар тадбирлар билан шуғулланишга тўғри келади. Бу шунинг учунки, мазкур анжуманлардан олимлар ақллироқ бўлиб қайтишади. Юзлаб ақлли одамларнинг бир жойга тўпланиши сабабидан бир жойда ажойиб “ақл майдони” яратилиши мумкин, ана шу майдон ичига кириб қолган одамлар бошқаларнинг кўз ўнгида ақллари тўлишиб, яхши ғояларни кашф этишлари мумкин. Бироқ ана шу ақлий майдон паст даражадаги тебратишлар таъсирида осонгина парчаланиб кетиши мумкин. Ана шу майдонга ўн нафаргина овсар одамни қўшиб юбориш билан уни тамоман барбод қилиб ташлаш мумкин. Агар ўша овсарлар кўпроқ бўлса, улар ўз телбалик майдонларини яратишади ва бу ундаги одамларнинг янада овсарлашувига олиб келади. Ана шундай натижаларга эришиш учун олий ўқув юртларига иқтидорсиз, телба, маданиятсиз, жангари одамларнинг қабул қилинишига қўйилган тўсиқларни йўқ қилиб ташлаш керак. Бунинг учун олий ўқув юрти муаллимларига ўзларича талабаларни танлаб олишларига йўл қўймаслик, уларга салоҳиятли ёшларнинг кириб қолишининг олдини олиш, кўпроқ ёмон ўқийдиганларни қабул қилиш керак бўлади. Ушбу мақсадга эришиш учун эса қабул қилинадиган талабалар сони ниҳоятда кўпайтириб юборилади. Талабаларнинг кўплиги бюджетдан қўшимча маблағ талаб қилмаслиги учун ортиқча талабалар ўқиш пулини ўзлари тўлайдиган бўлишади, муаллимлар сони кўпайтирилмайди, балки дарс ҳажми оширилади.

6. Раҳбар кадрларни танлаш. Таълим тизимидаги юқори раҳбарлик мансабларига бу вазифаларга жавоб бера олмайдиган одамларни тайинлаш керак. Агар улар тўғри танланса, тизимнинг тезда барбод бўлиши кафолатланади. Таълим тизимидаги раҳбарлик лавозимларига энг аввало ҳамкасблари орасида обрўси бўлмаган ва ҳурмат қозонмаган одамлар қўйилади. Иккинчидан, бундай вазифаларга эти қотган “хўжалик одамлари”ни қўйиш керакки, улар асло ишни яхшилашда маълум фикр эгаси бўлишмасин. Учинчидан, бунга ўртамиёна, иқтидорсиз ва ютуқларга эришмаган кадрлар қўйиладики, улар ҳомийларига бутунлигича ва тўла итоаткор бўлишни, ички сирларни асрашни биладиган бўлишади. Бундайлар одатда калтабин, аммо ўзига ишончи катта, ёлғондакам фаол, қўрқоқ, эътироз билдирмайдиган, очкўз кимсалар бўлишади.

7. Бўяб-бежаб кўрсатиш. Таълимни барбод қилиш дастури жамоатчиликнинг қаршилигига учрамаслиги учун уни бўяб-бежаб кўрсатиш лозим. Бунда энг яхши восита ёлғончиликдир. Ижтимоий руҳшуносликнинг таълим беришича, ёлғон қанчалар даҳшатли бўлса, унга ишонтириш шунчалик осон кечади. Одамлар ўзларини ёмон одамлар (душманлари) сездирмасдан, майда-чуйда нарсаларда алдашларига кўпроқ ишонишади, аммо ўзларидан чиққан яхши одамларнинг сурбетларча, кўтарасига алдашларига унча-мунча одам ишонмайди. Бошқаларни ишонтириш учун матбуот орқали тизимни янгилаш, ислоҳотлар ўтказиш, инновациялаш каби замонавий чўпчаклар билан ахборот шов-шуви ташкил қилиш, жамоатчилик эътиборини иккинчи даражали масалалар билан чалғитиш, ишга асло фойда бермайдиган турли ислоҳотлар ўтказиш зарур бўлади. Масалан, беш балли баҳолашни ўн балли қилиш, ўқитиш муддатини тўрт йилликдан беш йилликка ёки аксинча қилиш, бакалаврлик, магистрлик, касб йўналиши бўйича ўқитиш кабиларни аввал жорий қилиш, сўнг улардан воз кечиш, ёзги таътил муддатини кўпайтириш ёки камайтириш каби фойдасиз ишларга зўр бериш лозим. Бу каби иккинчи даражали янгиликларни жорий қилиш муаллимларнинг фаол қисмига ёмон таъсир қилиб, уларнинг ишдан ҳафсаласини пир қилади.

Дмитрий Сандаковнинг фикрича, мазкур дастур беш-ўн йилга мўлжалланган. Ана шу муддатдан кейин у аксинча натижа беришни бошлайди, яъни олий ўқув юртини битирганларнинг ўзлари мактаб ва бошқа ўқув юртларида дарс беришни, дарсликлар ёзишни бошлаб юборишади. Шундан кейин таълим тизимининг чириши ортга қайтариб бўлмайдиган ва ўз-ўзини қўллаш сифатларига ўтиб бўлади. Муаллиф мақоласи охирида фикрларини исботлаш мақсадида бир неча аниқ далилларни ҳам келтиради: Россия бош вазири Дмитрий Медведев олий ўқув юртларининг 140 минг муаллимини ишдан бўшатган; Беларусда профессор футболчидан юз баравар кам маош олади; Беларус таълим вазири “мактаблардаги қоғозбозлик бундан ҳам кўп бўлиши мумкин”, деган; Беларусда бир талабага Европа Иттифоқига қараганда етти баравар кам маблағ сарфланади ва ҳоказо. Бу маълумотларга эътироз билдириш эса инсофга тўғри келмайди.

Аҳмад МУҲАММАД

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!