Муддао нима ўзи?

03.09.2017 16:03 3116

Бу мақолани муаллиф виждон амри билан ёзганми ёки кимнингдир “фатвоси” боисми - бир нима дейиш қийин. Бироқ уни ўқиган оқил инсонлар қалбида оғриқ уйғониши тайин.

Диний масалалар – ким хоҳласа фикр айтаверадиган мавзулардан эмас. Бошқа дунёвий аҳамиятга молик масалаларда ҳар қанча баҳс қилиш мумкиндир, бундоқ мунозаралар “Ҳақиқат баҳслардан туғилади”, деган охори тўкилиб битаёзган “ҳикмат”ни-да оқлар? Илло, диний масалада гап айтмоққа журъат қилган кимса, аввало, ўзига ўзи бунга маънавий ҳуқуқим борми, дея савол бермоғи лозим. Акс ҳолда, Яратган ҳузурида гуноҳкор, бандаси олдида шарманда бўлиши ҳеч гап эмас. Аллоҳ шундан сақласин...

“Даракчи” газетасининг 2017 йил 31 августдаги сонида эълон қилинган “Имомат — комил имом ишидур” сарлавҳали мақолани ўқигани ҳамоноқ муаллифи билан қизиққанимиз боиси шунда: “Мўмин Абдулло”. Бу ном на илм аҳли, на вақтли матбуот, на-да ижтимоий тармоқ фаолларига таниш. Диний, маърифий-маънавий мавзуда илгари бирор нима қоралаб, тилга тушганини, катта эҳтимол, кимса билмас. Жанобимиз қай ният ва муддао ила адади катта газета орқали жамоатчиликка яхши таниш бўлган уламо Исҳоқжон домла Бегматовнинг “панжасига панжа урмоққа” журъат этганини билмадик. Билганимиз шуки, у бу амали ила, жуда юмшоқ айтганда, яхши иш қилмабди. Мақола сунъий айбловлар билан бир мўминнинг обрўсини тўкишга қасд қилинганини кўрсатаётирки, исми Мўмин, шарифи Абдулло (Аллоҳнинг қули) бўлган мусулмонга бундоқ амал ярашмас. Зеро, ҳадиси шарифда айтилади:

قال النبي صلى الله عليه وسلم: كل المسلم على المسلم حرام، دمه وماله وعرضه. رواه مسلم

“Мусулмоннинг бору буди мусулмонга ҳаромдир: қони ҳам, моли ҳам ва обрўси ҳам” (Муслим ривояти). Иккинчидан, чаласаводлик билан битилган бундай мақола наинки муайян инсон, балки диний аҳкомлар хусусида жамоатчиликда нотўғри қарашлар шаклланишига сабаб бўлиши эҳтимоли каттаки, масаланинг оғриқли жиҳати ҳам шунда. Динимиз мусаффолигини сақлаш, тарбияда унинг аҳамияти беқиёс эканини Давлат раҳбари куйиб-пишиб айтаётган, бу йўлда катта амалий ишлар қилинаётган бугунги кунда дин-у диёнат йўлида узоқ йиллардан бери холис хизмат қилиб, унча-мунча эътирофга лойиқ кўрилган уламога “панадан туриб тош” отиш уммат бирлиги, миллат маънавиятига акс таъсир кўрсатмайди, деб ҳеч ким кафолат беролмайди.

Исҳоқжон Муҳаммад (Бегматов) домла пойтахтимиздаги “Тўхтабой” жомеъ масжиди имом-хатиби сифатида фаолияти мобайнида ўзининг маърифий-тарбиявий маъвизалари, одамларни тўғри йўлга чорловчи ижтимоий тармоқлар, оммавий ахборот воситаларида чоп этилган мақолалари, телевидение ва радиолардаги чиқишлари билан ном қозонганини, келинг, инкор этмайлик. Узоқ ўтмишда эмас, бор-йўғи икки йил аввал - 2015 йилда “Йилнинг энг яхши имоми” деб топилгани, 2016 йилда эса “Олтин қалам” мукофоти насиб этганининг ўзиёқ кўп нарсадан далолат бериб турибди. Нима дейсизки, муаллиф “Мўмин Абдулло” “...мингйиллик урф-одатларимиз ва дин арконлари ўртасида қарама-қаршилик йўқ эканини” даъво қилиши асносида ўзининг таги пучроқ бу фикрларини муҳтарам домланинг чиқишларидан кир қидирган ҳолда асос топишга чиранади. Бу борада қарама-қаршиликлар етарлича эканига кўплаб мисоллар топиш мумкин. Мамлакатимизнинг маълум ҳудудларида келин-куёв олов атрофида айланишини олайлик. Бу оташпарастлик вақтидан қолган “одат” экани сир эмас. Ёки ҳайит кунларидаги манзарани кўз олдингизга келтиринг. Мўминлар учун байрам бўлган бу кунларни майит чиққан хонадон эгалари “қайта аза”га айлантириб юбормаяптими? Ёхуд ҳайкал пойида эгилиш муқаддас динимизнинг қайси аҳкомида битилган? “Мўмин Абдулло” инимиз шу ва шунга ўхшаш бидъат-хурофотлар хусусида бонг урса, динга ҳам, миллатга ҳам, юртга ҳам манфаатли иш қилган бўлмасмиди? Йўқ, диндошимизнинг нияти бошқачадай туюлади бизга. У Исҳоқжон домланинг “Келин салом бидъатми ёки...” номли мақоласини танқид қилиб, келинларнинг одоб ва ибо билан салом бериши шариат кўрсатмаларига хилоф дейишда муболаға бор, дейишгача боради. Тақсир, Аллоҳдан ўзгага руку ҳолатидек кўринишда таъзим қилиб бўлмаслигидан хабарингиз йўқми? Шугинани билмас экансиз, сизнинг диний илмингизга асосли шубҳа туғилиши аниқ. Ахир, салом қилаётган пайтда келин намоздаги руку ҳолати сингари ҳаракат қилади. Бундай ҳолатда мазкур ишнинг одоб ва ибо билан бўлаётганининг заррача аҳамияти йўқ. Зеро, Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратлари келинлар салом қилганда руку баробарида эгилиши нотўғри эканини алоҳида таъкидлаганлар. Хўп, Исҳоқжон домланинг бу борадаги гапларига эътироз билдирибсиз, дунё тан олган шайх ҳазратларининг айни мазмундаги сўзларини-да инкор қилмассиз? Шундан келиб чиқиб, “Уялинг, иним”, десак, бизни биров айбсизмас?!

Мақолада, шунингдек, домланинг “Сумалак баҳона...” номли мақоласини ҳам тилга олиб, буни ҳам миллий урф-одатларга боғлаган ҳолда талқин қилиш асносида эътироз билдиради. Аслида мазкур мақолада “қўрқинчли” нарса йўқ. Ҳурматли уламо бу билан бор-йўғи сумалакка муқаддас таом деб қараш нотўғрилиги (муқаддас нарсани еб бўлмайди-да чунки) таъкидлаган. Уни тайёрлаш билан боғлиқ вазиятларда юзага келиши мумкин бўлган бидъатлар танқид қилинган. Сумалак ковлаш жараёнида қозонга қараб, нима ният қилсанг, ижобат бўлади, деган қараш аҳоли орасида кенг тарқалгани ҳеч кимга сир эмас. Бундай қарашлар эса ҳеч нима билан оқлаб бўлмайди. Ҳатто қадимий урф-одатлар билан ҳам. Ёки буниям инкор қиламизми?

“Биринчи апрель ёки ёлғонга қарши курашиш куни” номли мақолани танқид остига олар экан, “Мўмин Абдулло” бировга зарар етказмаган ҳолда, енгил ҳазиллашишда ёмонлик йўқлигини айтади. Қўшиламиз. Бироқ мақолада Исломда ҳазилнинг ҳар қандай тури тақиқланади, деган гапнинг ўзи йўқ. Домла унда турган-битгани ёлғондан иборат, одамларга зарар етказадиган ҳазиллардан қочиш кераклигини айтади. Бемаза ҳазиллар оқибатида ҳаётда қанақа кўнгилсизликлар бўлмаган, бўлмаяпти? Муаллиф бу борада ҳадисдан мисол келтиради. Яхши. Фақат ҳадис ўқийдиган одам фақат битта ҳадис билан чекланмаслиги, бошқа ҳадисларни ҳам ўқиши керак-да. Бир гапида ҳадисдан далил келтирган одам, иккинчи гапида бошқа бир ҳадисни инкор қилиш чаласаводликдан бошқа нима?

“Мўмин Абдулло”да Исҳоқ Муҳаммад домланинг аёллар уйда ёлғиз бўлганда уйга бегона эркак келса, нозу карашма қилмасдан, эшикни очмасдан жавоб берсин, деган мазмундаги тавсияларига ҳам эътироз уйғотибди. “Шарқ аёллари аслида назокати билан, ширинсўзлиги билан ибрат эмасмиди?” дея таъкидлайди. Шу нуқтада асабимиз бироз бўшашиб кетади: ҳой, мусулмон, бировнинг ҳасми ҳалоли бўлган аёлнинг бегона эркакка “назокат ва ширинсўзлик” билан очиқ муомала қилишини фазилат дейиш учун ориятни токчага улоқтириш керак эмасми? Тасаввур қилинг, аёлингиз уйда ёлғиз. Уйингизга бегона эркак келса-да, аёлингиз эшикни очиб, табассум ва майин озовда кутиб олмоқда?! Айни уйда кутиб олган пайтда эр келса буни қандай тушунади? Ёки хотин ҳам мақола муаллифи айтганидек, ўз эрига қараб “дадаси, жаҳл қилганингиз нимаси? Шарқ аёллари назокати билан ибрат эмасми” деб жавоб бериши керак бўладими? Белида белбоғи бор қайси эркак бунга чидаб туради? Ҳадиси шарифда айтилади:

وقال صلى الله عليه وسلم: ألا لا يخلون رجل بامرأة إلا كان ثالثهما الشيطان. رواه أحمد والترمذي عن ابن عمر رضي الله عنهما

“Огоҳ бўлинг, зинҳор эркак ва аёл ёлғиз қолмасин. Илло учинчиси шайтон бўлади” (Имом Аҳмад ва Термизий Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилган).

Яна бир ўринда “Мўмин Абдулло” масжид веб-сайтидаги мақолада келтирилган “Агар болалар ўн ёшда намоз ўқимаса, уринглар” мазмунидаги ҳадисни тилга олиб, уни “маслаҳат” деб атайди. Тавбангдан кетай, номи-аъмоли сирли бўлган муаллиф қандай “ҳадисшунос”ки, уни (ҳадисни) ўз қаричи билан ўлчаса, ўзича талқин қилса? Муаллифнинг фикри мазмунича, ота фарзанди даҳрийлик йўлини танласа ҳам унга индамаслиги керак, бу бош қомусимизда акс этган эмиш. Худо сизни кечирсин, тақсир, ота ўз фарзандини комил инсон бўлиб етиши йўлида истаган услубда тарбия олиб боришга ҳақли. Бош қомусни тиркаманг, унда фуқароларнинг виждон эркинлиги кафолатланган, илло вояга етмаган бола отанинг тасарруфидан муҳофазаланган эмас. Аксинча, бош қомусимизда оталар фарзанд тарбияси ва таъминоти учун масъул экани таъкидланган. Намоз – руҳий тарбия воситаси экани, руҳияти соғлом боладан жамиятга катта манфаат борлиги, шу сабаб ўрни келганда қаттиққўллик қилиш отанинг хос ҳуқуқи дейилса, ҳақиқатга терс бўлмас. Қолаверса, Давлат раҳбарининг “Ижтимоий барқарорликни таъминлаш, муқаддас динимизнинг софлигини асраш – давр талаби” мавзусидаги анжуманда сўзлаган нутқида: “Кейинги йилларда халқимиз ўртасида кенг тарқалган “Ўз уйингни ўзинг асра!” деган даъватга бугун “Ўз болангни ўзинг асра!” деб қўшимча киритиш вақти келди, деб ўйлайман” деб, ота-оналар ўз фарзандларига масъул эканликлари таъкидлаб турилган бўлса, ёки “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракатининг IV қурултойидаги нутқда: “Шу маънода, бугунги кунда юртимизда тобора кенг тарқалиб бораётган “Ўз болангни ўзинг асра!” деган даъват фақат қуруқ шиор бўлиб қолмасдан, ҳар бир ота-она, ҳар бир фуқаронинг қалбига, юрагига чуқур кириб бориши, амалий ҳаракатга айланиши зарур” деб, тегишли давлат идораларига топшириқлар берилган бир вақтда “Мўмин Абдулло”нинг оталарни тарбия масаласида чегаралаб қўйишини Ўзбекистон қонунчилиги ва ўзбек фарзандларини комил инсон қилиб тарбиялашда қилинаётган тинимсиз уринишларга панжа ортидан қараш деб баҳолаш мумкин.

Нима дейсизки, “Мўмин Абдулло” инимиз томонидан ақидавий масалада ҳам Исҳоқ домла танқид қилинади. Биз ҳам ўртада ҳакамликдан қочиб, битта ҳолатни келтириш билан кифояланайлик: хабарингиз бор, домла узоқ йиллар Тошкент Ислом институтида дарс берган. Ақидадан яхши хабари бўлмаган одамга фиқҳ фанидан дарс ўтиш ўз-ўзидан топшириб қўйилмас, ахир?!

Илм бир умр ўқиб, ўрганиладиган жараён. Фаришталикка ҳеч ким даъво қилмайди. Беайб – Бир-у Бор Зот! Мақолада Исҳоқ Муҳаммадга оид маъмурий (жиноий эмас!) иш Зангиота туман суди томонидан кўриб чиқилиб, домлага нисбатан жарима солингани алоҳида таъкидланади. Дунёвий қонун-қоидаларни яхши ўзлаштирганимиз билан мақтана олмаймиз, шу боис бу борада бир нима демоққа ҳаддимиз сиғмайди. Буям бир синов, бунда ҳам ҳикмат борлигини айтиш билан чекланишдан бошқа чорамиз йўқдай. Дунёвий қонунлар, эҳтиёз сезилса, ўзгартирилади, маълум бир қўшимчалар киритилиб, баъзи меъёрлари бекор қилиниши мумкин. Бироқ диний аҳкомлар ўзгармасдир. Уларни ўзича талқин қилиб, таги пуч хулосалар чиқаришга ҳеч кимга ҳуқуқ берилмаган. Шуни унутмасак, бас.

Муҳаммад Темур АЪЗАМ

P.S. Мақола ёзиш асносида қизиқ бир ҳолатга дуч келинди. Бизнинг уйда “Даракчи” ва “Сўғдиёна” газеталарининг ҳар сони харид қилинади. Ушбу газеталар бир одамга тегишли эканини яхши биласиз. Ажабланарли томони, “Сўғдиёна”да муштарийлар томонидан юборилган диний саволларга Исҳоқжон Муҳаммад томонидан берилган жавоблар эълон қилинган...

Бундан хулоса чиқаришга катта ақл шарт бўлмаса керак?!