Жиҳод, халифалик ва такфир. Қандай қилиб Россия мутаассибларни доғда қолдиргани ҳақида

17:26 12.09.2017 1776

Исломга тамға ўлароқ ёпиштирилаётган террор, такфир каби ёрлиқларнинг бош боиси жаҳолат (ўз динимизни яхши билмаслигимиз) ва ғанимларнинг бундан устомонлик билан фойдаланаётганидир. Агар бир-икки асрдан бери давом этиб келаётган ғафлат ва жаҳолатимизни йўқота олсак, динимизга ёт бўлган бундай иллатлардан осон қутуламиз. Қуйидаги мақолада аср вабосига айланган мазкур иллатлардан халос бўлишнинг йўллари ва натижаси ҳақида Россия тимсолида ёзилган бўлиб, бундан хулоса чиқарсак, албатта ҳаммага манфаат бўлади. Қолаверса қуйидаги мақолада устозимиз шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф раҳимаҳуллоҳ ҳақида ҳам илиқ сўзлар айтилган.

Таҳририятдан

Собиқ иттифоқида кузатилган демократик ўзгаришлар Ислом динига ҳам таъсир этди – динга қарши курашилган даврга чек қўйилди. Ўнлаб йиллар давомида худосизликнинг ҳукм суриши оқибатида Ислом таълими тизимини барбод қилиниши ва маҳаллий диний мактабларнинг тугатилиши натижасида Ислом уммати катта йўқотишларга юз тутди. Ўз вақтида жуда кучли бўлган диний кадрлар тайёрлаш тизимини оладиган бўлсак, бутун иттифоқ учун фақатгина Бухоро мадрасаси қолди. У ерда ҳам ўқув дастури қаттиқ мафкуравий назорат остида эди.

Совет тузуми парчаланганидан кейин диний ва ижтимоий ҳаётнинг жадал тикланиш даври кузатила бошлади. Россияда ҳар қандай мусулмонлар маркази ва ташкилотларининг рўйхатдан ўтиши ҳамда эркин фаолият юритиши учун кенг имкониятларни тақдим этилди. Ислом дини бўйича китоблар, газета ва журналлар мамлакатнинг турли ҳудудларида босиб чиқарила бошланди. Юзлаб россияликлар мусулмон мамлакатларидаги ўқув юртларида диний таълим олиш учун йўл олди.

Шу билан бир қаторда, Россия ҳудудида ташқи омиллар таъсирида Исломни сиёсийлаштириш ва радикаллашув жараёни ҳам бошланиб кетди. Диний мазмундаги турли маълумотлар оқими билан такфир ва жиҳодга чақирувчи фатво, хутба ва таълимотлар мамлакат ичига кириб келишни бошлади. Бундай жараёнлар Чеченистондаги жанговар ҳаракатлар даврида чўққига чиқди.

Владимир Путин давлат бошқарувига келиши билан Шимолий Кавказдаги фаол ихтилофлар тугатилди ва сиёсий вазият тобора барқарорлашди. Президент Россияни Ислом дунёсининг ажралмас бўлаги дея атаб, ўзаро ҳамкорликни ривожлантиришга урғу берган ҳолда Ислом конференцияси ташкилотига аъзо бўлиш ташаббуси билан чиқди.

Бироқ, Россия мусулмонлари оммаси ғоявий қарама-қаршиликда радикал оқимларга «кураш»ни бой беришда давом этарди. 90-йиллардаги умумий чалкашлик, иккиланишлардан фойдаланиб, радикал оқимлар, узоқ йиллар давомида мамлакат ахборот майдонини ўзларининг вайронкор ғоялари билан тўлдириб келарди. 20 йил давомида мамлакатнинг диний уламолари томонидан берилган фатво ёки раддияларнинг етишмаслиги туфайли, ҳаттоки номи чиқмаган имомларнинг фатвоси «якка ҳумкрон» кўринишга эга эди. Бу эса Россияга қарши ҳарбий жиҳодга чақириш учун диний асосга айланарди.

Юқоридагилардан келиб чиқиб, ўша даврдаги асосий талаб Россия мусулмонлари учун шаръий-ҳуқуқий асосни яратиш эди. Бу вақтда Европада экстремизмга қарши ягона самарали механизмга айланган ва мусулмон ёшларининг ишончини қозонган Европа тадқиқотлар ҳамда фатволар Кенгаши фаолият юритиб келаётган эди.

Минг афсуслар бўлсинки, Россияда бу жараён 2000-йилларда муваффақиятли амалга оширилгани йўқ. Ислом масалалари учун масъул мулозимлар Россия мусулмонлари учун мустаҳкам шаръий-ҳуқуқий асос яратилиши талаб қилинаётган бир ҳолатда вазиятга тўғри баҳо бера олмади. Экстремизм ва терроризм таҳдидлари олдида яққол ожизлик 2011 йилгача (9 йил) давом этди ва Россия Федерацияси Президенти Бошқарув департаменти ички сиёсат масалалари бўйича бош маслаҳатчисининг ишдан кетишига олиб келди. Бошқарувга давлат ва Ислом ўртасидаги муносабатлар тизимида пайдо бўлган бўшлиқларни аниқ тушунишини намойиш этган мутахассислар гуруҳи келди. 2012 йилдан бошлаб россиялик мусулмонларни экстремизм ва терроризмдан ҳимоя қилишнинг диний-ҳуқуқий механизмини яратиш бўйича мунтазам равишда тадбирлар ўтказила бошланди. Бу жараён икки муҳим йўналишни ўз ичига оларди: имомлар миллий мактабини ривожлантириш ва ватанига нисбатан муносабатини аниқ шакллантириш, рус жамиятида мусулмонларнинг ўрнини тушуниш, экстремизм ва терроризмнинг вайронкорлигини диний нуқтаи назардан асослашга имкон берувчи шаръий-ҳуқуқий базани яратиш эди. Шу ўринда, барча диний низомлар, бир тарафдан, Россиядаги мавжуд шароитни ҳисобга олиши, бошқа тарафдан, мамлакат мусулмон аҳолисининг кўп қисми учун манба сифатида қабул қилиниши назарда тутилган эди.

Бунинг учун Россия муфтиятига нафақат асосланган диний фатволарни тузишга ёрдам берадиган, балки ушбу фатволарни ўзининг мустақил Ислом уламоси сифатидаги нуфузи билан тасдиқлаб бера оладиган машҳур мўътадил фикрли олимлар зарур эди. Сир эмас, рус ёшларининг давлат диний идораларига ишончи ўша даврда суст эди ва ёшлар орасида уларнинг обрўсини мустаҳкамлаш ҳам асосий вазифлардан бири эди. Юқоридагилар эътиборидан, мавжуд масалалар ечимига Абдулла Бин Байя (диний уламо, Мавритания собиқ адлия вазири) бошлиқ шайх Али Муҳиддин ал Қорадоғий (Ироқ), шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф (Ўзбекистон) ва дунё таниган бошқа уламолар ҳамда россиялик муфтийлар гуруҳи жалб этилди.

Москва диний декларацияси – экстремизмга қарши курашда мафкуравий асос

2012 йилнинг май ойида Москва шаҳрида россиялик диний арбоблар ва дунёга машҳур нуфузли уламолар иштирокида биринчи форум бўлиб ўтди. Форум якунида жиҳод, халифалик ва такфир масаларини ўз ичига олган Москва диний декларацияси деб ном олган ҳужжат қабул қилинди (гуруҳ ишида Доғистон муфтий ўринбосари ҳам иштирок этган эди). Ушбу декларация россиялик мусулмонлар учун жиҳод, халифалик ва шаърият меъёрларига амал қилиш тушунчаларини тўғри талқин қилиш билан боғлиқ бўлган муҳим масалаларни ўз ичига олди. Жиҳод тушунчаси Қуръони Карим, ҳадислар ва уламоларнинг фикрлари, айниқса, салафийлар кўп таянадиган (масалан, Ибн Таймия каби) асл манбалар асосида ёритиб берилди. Асосий мақсад – экстремистларнинг Қуръони Карим ва суннатга таяниб ўз радикал қилмишларини оқлашга имконият қолдирмаслик ҳамда уларни мусулмон ёшлари орасида қўллаб-қувватланишдан маҳрум этиш эди.

Шайх Абдулла Бин Байя ёки шайх Муҳаммад Содиқ даражасидаги уламолар билан ҳамкорлик қилиш учун асосий сабаб уларнинг бир неча ўқув юртларида таҳсил олганликлари ҳақидаги ҳужжат (диплом)лари эмас, балки уларнинг Ислом илмидан дарс бериш ва фатво чиқаришга ижоза (рухсат)га эгалигида эди. Шу сабаб, Москва диний декларацияси ўз мақоми ва мавқеига кўра Қоҳира Ислом декларацияси билан бир қаторда қўйилади. Бу Россиянинг халқаро майдондаги ютуғи бўлди.

Фатво – энди фақатгина мутаассибларнинг қуроли эмас

Москвадаги диний конференциянинг муваффақиятидан сўнг, натижаларни Россиянинг мусулмон ҳудудларида ҳам мустаҳкамлаш вазифаси турарди. 2012 йилнинг ноябрь ойида Маҳачқалъада «Доғистон – тинчлик ҳудуди» номли халқаро конференция бўлиб ўтди. Москва диний декларациясига асосланган Доғистон фатвоси Доғистон уламолари ва шайх Али Муҳиддин ал Қорадоғийларнинг биргаликдаги ҳаракатлари натижасидир. Икки кун давом этган диний хулосани тайёрлаш ишларида, йиллар давомида терроризмга қарши курашган ва курашда 60 га яқин, муфтий Саидмуҳаммад Абубакр, шайх Саид афанди Чиркави (Доғистон сўфийлари маънавий устози) сингари биродарларини йўқотган Доғистон уламолари иштирок этишди.

Република раҳбарияти томонидан расмий равишда таклиф этилган доктор Ал Қорадоғий ушбу ҳудудда тарихий даврлардан бошлаб мусулмонлар истиқомат қилиб келаётганини ва уларда ўзларининг диний амалларини бажаришга барча шароитлар мавжудлигини ҳисобга олган ҳолда Доғистонни нафақат “тинчлик ҳудуди” (“дар-ус-салам”) балки “ислом ҳудуди” (“дар-уль-ислам”) деб тан олиниши кераклигини диний асослар билан исботлаб берди.

Доғистондан ташқари, Москва диний декларацияси асосида Ставропол воҳаси, Шимолий Осетия, Қабардин-Болқория ва Ингушетияда ҳам илмий форумлар ташкил этилди. Уларнинг якуни бўйича, юқорида таъкидлаб ўтилган вилоятларга нисбатан «дарул ҳарб» (“уруш ҳудуди”) шаърият тушунчасини қўллаб бўлмаслик ҳақида фатво ва декларациялар қабул қилинди. Чеченистон Республикаси раҳбари Рамзан Қодиров Москва декларациясини ишлаб чиққан Бин Байя, Ал Қорадоғий ва бошқалар билан шахсан суҳбатлашгач, ҳамкорлик тўғрисида келишув имзолади. У Чеченистоннинг барча масжидларида Москва декларациясини оммавий тарзда ўқиб эшиттирилиши кераклиги ҳақида кўрсатма берди. Юқоридаги барча тадбирлар федерал ҳукумат ҳамда Ислом маданияти, илм-фан ва таълимни қўллаб-қувватлаш Россия фонди кўмагида амалга оширилди.

Россия мусулмонларининг ижтимоий доктринаси

Икки йил аввал Волга Булғорлари томонидан 922 йилда Исломни қабул қилинган кунни нишонлаш жараёнида Россия мусулмонларининг Ижтимоий доктринаси қабул қилинди. 2015 йилнинг 14 июнида Россия муфтийлари кенгаши ва Мусулмонлар диний идораси раиси Равил Гайнутдин, Россия мусулмонлари марказий идораси раҳбари Талгат Тажуддин, Шимолий Кавказ мусулмонларини мувофиқлаштириш маркази раиси Исмоил Бердиев ҳамда Татаристон мусулмонлар диний идораси раҳбари Камил Самигуллинлар ушбу ҳужжатга имзо қўйдилар. Имзолаш вақтида Татаристоннинг аввалги ва ҳозирги раҳбарлари Минтемир Шаймиев ва Рустам Миннихановлар иштирок этдилар.

Ҳужжатда, жумладан шундай дейилади: “Мусулмонларнинг уюшган жамоаси – Россия фуқаролик жамияти ва давлатининг мустаҳкам асосларидан биридир. Ислом динининг асосий меъёрларига мувофиқ, ўзлари яшаб турган мамлакатнинг давлат манфаатларини ва хавфсизлигини ҳимоя қилиш мусулмонлар учун савобли иш ҳисобланади. Янги таҳдидлар ва ихтилофлар шароитида Россия Ислом ташкилотлари мусулмонларни замонавий Россия жамиятига уйғунлашишида ёрдам беришга интилмоқда. Ушбу ташкилотлар турли миллат ва динлар билан тотувликда яшашга ундайди. Давлат ҳокимияти органлари ва мусулмон ташкилотлари ҳамкорлиги, нафақат диндорларнинг ижтимоий-иқтисодий муаммоларини ҳал этишни, балки россияликларнинг руҳий ва ахлоқий меъёрларини шакллантириш масалаларини ҳам қамраб олиши керак”.

Ҳужжат тайёрланиш босқичида муфтийликлар томонидан батафсил ўрганилганлиги диққатга сазовордир. Ҳужжатга ҳисса қўшганлардан бири доcтор Али Полосиннинг айтишича, биргина Талъат Тажуддин (Мусулмонлар марказий идораси раҳбари)нинг ўзи ҳужжат лойиҳасига 40 дан ортиқ ўзгартишлар киритди, Шимолий Кавказ ва Татарстон мусулмонлар идораси 30 тадан ўзгартиш ва изоҳлар киритишган – барчаси ё тўлиқ қабул қилинди, ё ҳисобга олинди. Ушбу доктринага шайх Али ал Қорадоғий маълумотларига асосланган, Магасда махсус қабул қилинган, Ватанга муҳаббат ҳақидаги Ингушетия декларациясидан бир бутун парча ҳам киритилди. Бу мавзудаги аввалги суҳбатлар «Ватанга муҳаббат – иймондандир» номли заиф санадли ҳадисга бориб тақаларди. Бу изоҳ, албатта, етарли эмас эди ва доктор ал Қорадоғийнинг Қуръони Карим ва суннатдан келтирган далиллари Ингушетия декларацияси матнига киритилган. Масаланинг яна бир томони, ушбу ўринда қиёслашнинг шаръий усулидан фойдаланилди, яъни – агар Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи васаллам) аҳолисининг кўп қисми мушриклардан иборат бўлган ўз Ватани (Макка)га чексиз муҳаббатини инобатга олинса, демак уламолар ҳар бир мусулмон ўз Ватанига муҳаббати иймондандир деган хулосага келишмоқда.

Ушбу доктринани қабул қилинишида яна ўзига хос бир жиҳат кўзга ташланади, бу – Россия муфтийлари кенгаши ва Мусулмонлар диний идораси раиси Гайнутдин, Россия мусулмонлар Марказий идораси раҳбари Тажуддин, Шимолий Кавказ мусулмонларини мувофиқлаштириш маркази раиси Бердиев ҳамда Татаристон мусулмонлар диний идораси раҳбари Самигуллинлар бир стол атрофида йиғилганидир. Бу Россия муфтиятлари барқарорлигининг тикланиши тимсоли бўлди. А.Гришиннинг Президент маъмуриятида маслаҳатчи вазифасини бажариб юрган кезлари муфтиятлар фаолиятига очиқдан-очиқ аралашиши туфайли овоза бўлган бир неча можаролар диний идоралар тизимини ишдан чиқарганини эслатиб ўтиш жоиз. Шимолий Кавказ мусулмонларини мувофиқлаштириш маркази – бу бирлашмалигини инобатга олиб, Шимолий Кавказ муфтийларининг кўпчилиги Пятигорскдаги йиғилишида ушбу Доктринани қабул қилиб имзолашди.

Мафкуравий ишларнинг биринчи маҳсули

Яна бир эътиборга молик жиҳат шунда эдики, амалга оширилган ишлар қоғозбозлик ва кўзбўямачиликдан йироқ эди. Россиялик мусулмонлар оммасига тақдим этилган ҳужжатлар Ислом олами, шу жумладан салафийлар томонидан ҳам жиддий қабул қилинди (аслида, насиҳат ва мурожаатларнинг кўпи асосан уларга қаратилган эди). Салафийлар делегацияси Доғистон фатвоси муҳокама қилинган конференцияга ташриф буюришди. Сўнгра, салафийлар шайх ал Қорадоғий билан шахсан учрашишни илтимос қилишди. Уламо уларни ўзига ажратилган меҳмонхонада қабул қилди ва улар ўртасида «тинчлик ва Ислом ҳудуди» ҳамда «уруш ҳудуди» тушунчалари мавзуида узоқ вақт давом этган мунозара бўлиб ўтди. Шайх барча масалаларга фақат Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи васаллам) сийратлари ва ҳадисларга таяниб ойдинлик киритиб берди. Натижада, Доғистон «тинчлик ҳудуди» ҳисобланиши тўғрисидаги доктор ал Қорадоғий мулоҳазалари делегация томонидан асосли деб топилди ва қабул қилинди.

2014 йил баҳорида, салафийларнинг «Аҳли сунна вал-жамоа» жамияти вакиллари – уламолар делегациясининг иккинчи ташрифи мобайнида улар шайх ал Қорадоғийга 15 та савол билан мурожаат этишди. Шайх ушбу саволларга шаърият асосида жавоб берди ҳамда “Россия мусулмонлари: уларнинг ҳуқуқлари ва мажбуриятлари” конференциясида эълон қилди. 2014 йил 7 мартда Бутунжаҳон мусулмон уламолари иттифоқи делегацияси, Доғистон муфтийси ва унинг ўринбосарлари ва «Аҳли сунна вал-жамоа» жамияти вакиллари иштирокида муроса комиссиясининг йиғилиши бўлиб ўтди. Мусулмонлар орасида муросага келиш бўйича сезиларли силжишга эришилди. Ал Қорадоғийнинг Доғистонга ташрифидан сўнг, унинг шахсий сайтига Россиядан кирувчилар сони бир неча бор ошгани, ва, энг асосийси – диний сабабларга асосланган жиноятларнинг сони бир неча баробарга камайгани диққатга сазовордир.

2012 йилдан амалга оширилган мафкуравий ишларнинг асосий натижасини ҳаётнинг ўзи кўрсатди. Радикал оқимларнинг диний-ҳуқуқий фаолияти монополиясига чек қўйилди. Мусулмон ёшлари диний асосланган ахлоқий меъёрларга эга бўлди. Бу меъёрлар Шимолий Кавказ ҳудудидаги ҳаётнинг етишмовчилигини оқлашга ундамайди – у ерда салбий жиҳатлар мавжуд. Бироқ ушбу жиҳатлар билан тинч ва қонуний усуллар билан курашиш керак, зўравонлик ва қон тўкилиши шаъриятда умуман тақиқланган.

Нисбатан оғир вазият вужудга келган ҳудудларда диний ҳужжатларнинг қабул қилиниши ва Ислом оламининг нуфузли олимлари билан суҳбатдан сўнг барқарорлик кўзга ташланди. Доғистонда диний сабабларга кўра қотилликлар деярли тўхтади. Ундан ташқари, кўп салафийлар муфтий Аҳмад ҳожи Абдуллаевни тан олди. Унинг қабулига келиб муҳим масалаларни муҳокама қилишни бошладилар. Умуман Шимолий Кавказ бўйича ўзаро исломий мулоқот йўлга қўйилди ва ривожланмоқда.

2013 йилнинг 22 октябрида Уфа шаҳрида «Оренбург мусулмонлари мажлиси» ташкил этилиши шарафига уюштирилган юбилей тадбирида Россия президенти мамлакат мусулмон оммасини ёшларнинг маънавиятини ошириш ва радикаллашувини олдини олишга йўналтирилган маданий, илмий, таълимий масалаларни ҳал этишда чет элдаги диндошлари билан ўзаро ҳамкорлик қилишга чақирди.

Карвон ўтаверади

Мафкуравий ва диний-ҳуқуқий чора-тадбирлар ҳақида сўз бораркан, уларни ҳаётга татбиқ этиш жараёнида Россияда Исломнинг жамиятдан ажралиб қолиши ва диний тангликни давом этишидан манфаатдор бўлган айрим гуруҳларнинг қаршилигига дуч келинганини ҳам айтиб ўтиш керак.

Ислом билан боғлиқ масалаларни тўлиқ тушуниб етмаган ва бу бўйича жиддий далилларга эга бўлмаган ислоҳотлар душманлари Сурия масаласи бўйича Бутунжаҳон мусулмон уламолари иттифоқи президенти шайх Қарзовийнинг аксил-рус изоҳи учун айблашдан ортиқроқ танқид топа олмадилар. Профессионаллик етишмаслиги туфайли улар бир неча жиҳатларни инобатга олишмади. Биринчидан, Юсуф Қарзовий Россия мусулмонлари учун диний ҳужжатларни тайёрлашда қатнашмади, ҳужжатларни тайёрлашда бошқа уламолар билан бир қаторда Абдулла Бин Байя (БМУИни тарк этган), Али ал Қорадоғий ёрдам беришди. Иккинчидан, тўғри, Бутунжаҳон мусулмон уламолари иттифоқининг нуфузи, унинг раҳбари – Ислом динининг йирик уламоси шайх Қарзовий номи билан ҳам боғлиқдир. Қарзовий мусулмонлар камчиликни ташкил этувчи ҳудудлар учун махсус ишлаб чиқилган «фиқҳ ал-ақаллият» (камчилик бўлганлар ҳуқуқи) диний-ҳуқуқий йўналиш асосчиси эканлигини айтиб ўтишнинг ўзи кифоядир. Унинг ишлари Европа тадқиқотлар ва фатволар Кенгаши фаолияти асосига айланди. Бироқ, Қарзовийнинг мақомидан қатъи назар, БМУИ сиёсий ёки вертикал бошқарувга асосланган тузилма ҳисобланмайди. Бутун дунё дин уламоларини бир жойда бирлаштирган муассаса сифатида, у кўпроқ профессионал гилдиялар (журналистлар уюшмаси кабилар)га ўхшайди. БМУИ аъзолари бир-бирларини танқид қилишга ҳақлидирлар; мухолифнинг нуқтаи назари диний мунозара жараёнида рад этиб бўлмайдиган ҳолатларда асосли деб қабул қилинади. Кенгашнинг баъзи аъзолари Қарзовий билан сиёсий қарашлари фарқ қилишини яширишмайди. БМУИнинг ўзига хос жиҳати ҳам шунда – фикрларнинг турфа хиллиги азалдан ушбу ташкилот хусусияти бўлиб келган.

БМУИнинг аъзоси бўлгани учун ҳурматли уламоларни экстремизм шериги сифатида кўрсатиш – бу фақат пасткаш одамларнинг қўлидан келади. БМУИ аъзоси – масалан, ўзбек шайхи Муҳаммад Содиқ (Россия Қаҳрамони Аҳмад Қодировнинг устози)ни олсак. У киши собиқ иттифоқ давлатларида экстремизмга қарши курашиш ва мусулмонларнинг маърифатини оширишга улкан ҳисса қўшган инсондир. Шунингдек, шайх Муҳаммад Содиқ Москва декларацияси матни устидаги ишларда иштирок этган.

Яна бир ҳужум йўналиши Ингушетиядаги ҳолатга қаратилди, аниқроғи республика раҳбариятининг муфтийликни тугатишга бўлган ҳаракатларига. Бу ҳолатни БМУИ вакилларининг республикага ташрифини салбий таъсири сифатида тақдим этилди. Бу икки ҳодисанинг бир-бири билан боғлиқлиги ҳақиқий сабабини, албатта, танқид муаллифлари тушунтириб ўтмаган. Тақдир тақозоси билан шайх ал-Қорадоғийнинг Ингушетияга қилган ташрифининг якуни Исо Хахмоев бошчилигидаги маҳаллий муфтиятнинг салафийларнинг норасмий етакчиси Ҳамзат Чумаков билан орани очиқ қилишга жиддий уриниши бир вақтга тўғри келиб қолди. Чумаков унинг жонига қасд қилишганини ҳам айтди. Бироқ узоқ йиллардан бери давом этиб келаётган ихтилофга республика раҳбари аралашиб, масалани қуролли тўқнашувгача боришига йўл қўймади. Ингушетияда мусулмонларнинг бирлаштириш ва жипслаштириш мақсадида муҳим диний масалалар бўйича баҳсларни ҳал этиш ва умумий позицияни ишлаб чиқиш учун мунозаралар майдони ташкил этилди.

Хулоса қилиб шуни айтиш мумкинки, обрўсизлантиришга уринишлар, “бемаъно ҳужумлар”, аслида, Исломдан қўрқув (исломофобия)нинг яширин механизми, барқарорликни кўролмаслик, россиялик мусулмонларнинг ижтимоийлашувини қабул қила олмаслик ва бундан сиёсий ўйинларда фойдаланиш феноменини юзага чиқаради. Бу эса ўз навбатида, танланган йўлнинг тўғрилигидан ҳамда фақат ва фақат олға интилиш кераклигидан далолат беради. Карвон ўтар...

Муаллиф: Марат Расулов

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!