Нишонга тегмаган маломат тошлари

27.08.2017 15:20 1645

Яқинда асосан зиёлилар, жамиятнинг фикрловчи қатлами вакиллари тўпланган даврада нохуш бир манзаранинг гувоҳи бўлдим. Давранинг тўрида ўтирган сочи оппоқ, салобатли, кўринишидан “катта олимлиги” яққол билиниб турган бир киши негадир масжидларнинг имомларига қарши даҳанаки “жанг” бошлаб юбордилар. Эмишки, ҳозирги имомларнинг аксарияти замонавий илмлардан “ғирт” бехабар эмиш, уларнинг кўпи ҳатто компьютерга яқинлашишга қўрқармиш, боз устига улар замонавий илм билан шуғулланувчиларни назар-писанд қилмас эмиш ва ҳоказо ва ҳоказо. Нотиқ ўз фикрларини даврадагиларга сингдиришда жуда жўшиб кетди шекилли, имомларнинг шахсиятига ҳам бир қур маломат тошлари отиб кўрди: уларнинг ҳар маросимдан қанча пул олишию, каттароқ “чўзмаган” жойга бормаслиги, шундоқ замонда чопон кийишию салла ўрашигача бўлган “нуқсонлари”ни чайнашдан эринмади... Унинг даъволари даврадагилардан бир-икки кишига ёқиб тушдими, ҳарқалай, у ер-бу ердан нотиқни қўллаган овозлар ҳам эшитилиб қолди...

Кўнгилга оғир ботувчи бу воқеа фақат бир мартагина содир бўлганида, эҳтимол, бу ҳақда ёзиб, нуктадон ўқувчиларнинг қимматли вақтларини олиб ўтирмаган бўлар эдик. Аммо кейинги пайтларда масжид имомлари, қолаверса уламолар ва дин ходимлари шаънига айтилаётган аччиқ-тизиқ, ҳатто масхараомуз гапларнинг хийла кўпайгани кўз юмиб бўлмас ҳақиқатдир. Бордию бундай гапларни содда, оми кишилар гапирганида “Ҳа энди, узоқ йиллик даҳрий тузум замонида “Муштум” журналида эшон ва муллаларни қоринни катта қилиб, бошида қозондек саллаю қўлида тасбеҳ билан тасвирлашавергани буларнинг қон-қонига сингиб кетган-да, энди бу сохта тасаввурдан қутулиш қийин кечаётгандир-да”, деб ўзимизни овутган бўлардик. Аммо, минг таассуфки, масжид ходимлари, диний уламолар шаънига энг “залворли” туҳмат ва бўҳтонларни кўп ҳолларда жамиятнинг онгли қатлами, ақлли-ҳушли зиёлилар, олимларнинг чаплаётгани бу мавзуга жиддийроқ қараш, уларга асл ҳақиқатни бироз англатиш, бу ҳақда тушунча бериш заруратини юзага келтиради.

Бошларига тинмай туҳмат ва маломат тошлари ёғдирилаётган имомлар ва диний олимлар аслида кимлар? Улар Ойдан ёки бошқа бирор олис юртдан келиб қолишганми ёки орамизда туғилиб, орамизда яшаб, сизу бизларга ихлос билан хизмат қилаётган тўлақонли жамият аъзоларими? Улар шаънига қилинаётган хуружларда бироз бўлса-да асос борми?

“Имом” сўзи луғатда “олдинда турувчи, пешво, раҳбар” маъноларини билдиради. Масжидда ҳамманинг олдида туриб, намозларини ўқиб берувчи мусулмонлар жамоасининг бошлиғи ва ғоявий раҳбари “имом” дейилади. Ўтмишда Ислом давлати халифаларини ҳам имом деб аташган. Илм ва тафаккур бобида юксак мақомга эришган салоҳиятли алломалар, мазҳаббошилар, муҳаддисларга ҳам «имом» унвони берилган, масалан: Имом Бухорий, Имом Муслим, Имом Аъзам, Имом Ғаззолий каби.

Яқинда Россия мусулмонлари раҳбари Равил Ғайнуддиннинг “Ислам в России” (“Россияда Ислом”) китобида қизиқ маълумотларни ўқиб қолдим. Унинг ёзишича, октябр инқилобидан олдин ҳар бир маҳалла ёки қишлоқ имоми ўша жой аҳлининг тўлақонли диний ва ижтимоий раҳбари, ҳақиқий маслаҳатгўйи, ҳамма ишда пешвоси бўлган экан. Уларнинг иши фақат диний маросимларни ўтказиш билангина чекланиб қолмаган. Одамлар оиласида жанжал-можаро чиқса ҳам, рўзғорда қийналиб қолишса ҳам, фарзандини тарбиялаб-йўлга сололмаса ҳам, экини ҳосил бермаса ҳам, қудуғи қуриб қолса ҳам, моли йўқолса ҳам, ҳатто самовари тешилиб қолса ҳам энг аввало имомга мурожаат қилар, ундан тегишли ёрдам ёки молиявий кўмак ёхуд фойдали маслаҳат, ҳеч бўлмаганда руҳий тасалли олар экан.

Бу ишлар-ку мусулмон аҳолиси озчилик бўлган империя ўлкасига хос, тегишли бўлиб келган. Бизнинг юртларда маҳалла ёки қишлоқ имомларининг вазифалари бундан-да кўп ва кенг қамровли бўлган. Масжид имомлари мусулмонларнинг ибодатларини адо этишларида раҳнамолик қилишади, жамоатга намоз ўқиб беришади, диний арконларни ва фиқҳий масалаларни тушунтириб беришади, янги пайдо бўлган диний муаммолар ечимини топишади, оилавий можароларга аралашиб, жанжаллашган ва аразлашганларни яраштиришади, янги оила қураётган келин-куёвларнинг ёки ўртасига талоқ тушган эр-хотиннинг никоҳини ўқишади, вафот этганларнинг дафн маросими ва жанозасини ўтказишда бош-қош бўлишади, катталар ва ёшларга диний таълим беришади, янги туғилган чақалоқларнинг қулоғига азон чақириб, танглайини кўтаришади, ақиқасини ўтказишда қатнашишади, болаларни тарбиялашда маслаҳат беришади. Хуллас калом, имомлар барча диний маросимлар ва кўпгина миллий урф-одатларни ташкил этиш ҳамда ўтказиш ишларига раҳбарлик қилишади. Бирор мусулмон хонадони ёки оиласи йўқки, у имомнинг хизматига, ҳеч йўқ унинг маслаҳати ёки тавсиясига муҳтож бўлмасин!

Имомларнинг бурч ва вазифалари фақат булар билан чекланмайди. Улар мусулмонларнинг талаб ва эҳтиёжларини, истак-хоҳишларини ҳукуматга, маҳаллий раҳбарларга етказишади. Ўз навбатида уларнинг тавсия ва фармойишларини мусулмонларга, халққа тушунтириб, тарғиб қилишади. Имомлар ва диний ходимларнинг булардан ҳам бошқа жуда кўп юмуш ва хизматлари бор.

Энди улар шаънига асоссиз ёпиштирилаётган маломат ва туҳматларни бирма-бир кўриб чиқайлик. Кўпинча имомлар ва диний ходимларни фақат “эскича”ни ўрганиб, замонавий илмлардан бехабар қолганликда айблашади. Бу айбловларга фақат бир жиҳатдан қўшилса бўлар... “Беш бармоқ баробар эмас” ёки “шоли ичида курмаги ҳам бўлади” дейишади. Бошқа соҳаларда бўлгани каби имомлар ичида ҳам илми саёзлари ёки замонадан ортда қолаётганлари битта-яримта учраб қолар?!

Аммо мустақилликдан кейин имомларнинг илмий, ғоявий ва назарий савиялари кескин ошди. Уларнинг аксарияти Тошкент Олий Ислом институти (маъҳади) ва Тошкент Ислом университетини битириб, олий диний маълумот олган. Қолганлари мамлакатдаги ўн иккита ўрта махсус ислом билим юртининг (мадрасаларнинг) битирувчиларидир. Бундан ташқари, уларнинг кўпчилиги бошқа соҳаларга ихтисослашган олий ўқув юртларини ҳам тугаллашган. Маълумот учун эслатиб қўяй: барча олий ва ўрта махсус ислом билим юртларида диний илмлардан ташқари иқтисод, компьютер таълими, тарих, адабиёт, жуғрофия, физика каби замонавий фанлар ва чет тиллари ўқитилади. Самарқанддаги Имом Бухорий халқаро марказида имомлар малакаси мунтазам равишда ошириб бориляпти. Имомлар орасида фан номзодлари ҳам анча-мунча (масалан, собиқ имомларимиздан Раҳматулла қори Обидов тарих фанлари номзодидир). Ёки Тошкент шаҳар бош имом-хатиби Анвар қори Турсунов филология фани бўйича етук мутахассислардан саналади. Бир имомимиз электрон сайтлар учун ёзган мақолалари билан республика танловида ғолиб чиқиб, “Олтин қалам” соҳиби бўлди. “Ислом.уз” интернет портали таркибидаги “Сийрат.уз”, “Фиқҳ.уз”, “Қуръон.уз” каби бир неча сайтларни асосан имомлар ёки дин ходимлари бошқаришади. Тошкентдаги Хожа Аламбардор, Шайх Зайниддин, Мирза Юсуф жомеъ масжиди қошида алоҳида интернет сайт мунтазам ишлаб турибди, ундаги мақола ва хабарлар долзарблилиги, ҳозиржавоблилиги ва савияси жиҳатидан унча-мунча сайтлардан олдинда. Бу каби мисолларни кўплаб келтириш мумкин.

Яна масаланинг бошқа томони ҳам бор. Имомларга “саводсиз”, “ҳозирги илмлардан бехабар” каби тумтароқ ёрлиқларни ёпиштираётган зиёлилар ва “катта олимлар” улар билан илмий суҳбат қуришга, уларнинг билим савиясини аниқлаб кўришга, улар ёзган китоблар билан танишишга, минглаб намозхонларга (улар ичида турли соҳа олимлари ва турли касбдаги зиёлилар кўпчилик) манзур ва маъқул тушаётган диний суҳбатларини тинглашга вақт ёки имкон топа олишганмикин? Биргина Тошкент шаҳри масжидларида имомлик қилаётган Салоҳиддин Шарипов, Одилхон қори Исмоилов, Раҳматуллоҳ Сайфиддинов, Муҳаммадзуфар Аҳмаджонов ва бошқаларнинг илмий-диний суҳбатлари ва маърузалари унча-мунча олимларни қойил қолдириши шубҳасиз.

Ана шулар каби “саводсиз ёки чаласавод” имомлар Қуръон тафсири, Суннат ва ҳадис, дин тарихи, Ислом фиқҳи (ҳуқуқшунослиги) каби диний илмлардан ташқари, замонавий илмлардан тиббиёт, наботот (ботаника), ҳайвонот (зоология), фалакиёт илми (астрономия), ҳомилашунослик (эмбриология), руҳшунослик (психология), иқтисод ва зироат (деҳқончилик) соҳаларида шунчалик кенг ва чуқур билим-тушунчаларга эгаки, улар бутун умрини ана шу илмлардан бирортасини тадқиқ қилишга бағишлаган соҳа мутахассислари билан бемалол тортиша олишади. Масалага чуқурроқ кириб борадиган бўлсак, бу “саводи йўқ” имомлар ўз билимлари ва салоҳиятлари билан минг-минглаб одамларнинг дунёси ва охиратига фойда келтираётган, уларни тўғри йўлга чорлаётган, хатоларини кўрсатиб бериб, қиёматдаги жазодан қутулишларига ёрдам кўрсатаётгани ҳолда машҳур ёзувчи Абдулла Қаҳҳор таъбири билан айтганда, “сера кислотасининг бўри тишига таъсири” каби “ўта муҳим” мавзуларда тадқиқот олиб борган ва ўзини етук олим санаб, имомлар ва диний илм вакилларига бурун жийираётган “олимча”ларнинг ўзлари инсониятга, халққа, жамиятга нечоғли фойда келтиришаётган экан?!

Диний ходимларнинг иззат-нафсига тегаётган яна бир маломат ҳам худди юқоридагиси каби қумдан ясалган қаср каби мўрт ва асоссиз. Муаллим ёки қурувчи бўладими, муҳандис ёки шифокорми, чорвадор ёки деҳқон бўладими, хизматчи ёки ҳуқуқшуносми, барча касб эгалари ҳам келажакда оиласини боқиш, ҳамма каби ҳаёт кечириш, фарзандларига тарбия ва билим бериш каби юмушларни маблағ билан таъминлаш пайидан бўлади. Бунинг учун мактаб ва олий ўқув юртларида таҳсил олади, касб-ҳунар ўрганади, малакасини оширади ва ҳоказо. Улар каби имом ҳам келажакда халқимга, диндошларимга, ватанимга хизмат қилай деб болаликданоқ илм олиш пайида бўлади. Беш-олти йил Қуръони каримни тўла ёки бир қисмини ёд олади, ҳадис илмидан сабоқ олади, фиқҳ, Ислом асослари ва тарихи каби диний илмларни ҳам бир неча йил мобайнида эринмай ўрганади. Унинг таҳсили булар билан тугамайди, у яна савдо-сотиқ (байъ), мерос, никоҳ ва талоқ, гўдакни эмизиш, иқтисод, закот каби жамият учун зарур бўлган кўплаб масалаларни ҳам яхши билиши зарур. Ана шунча илмларни эгаллаб, етук имом бўлиш учун бир йигит камида йигирма-йигирма беш йил таълим олиши керак.

Шунча вақти ва кучини, маблағи ва ҳаракатларини сарфлаб имом бўлиб етишган киши энди шу иш ортидан тирикчилигини ўтказиши, оиласининг нафақасини таъминлаши керак. Муаллим дарс бериб, шифокор беморни даволаб, қурувчи иморат тиклаб пул топгани каби имом ҳам, истаймизми-йўқми, мусулмонларнинг никоҳ, талоқ, жаноза, дафн, хатми Қуръон каби ибодат ва маросимларига бош-қош бўлиш ва уларни ўтказиш йўли билан пул топади. Уй қураётганда уста ишлатсангиз, пешона тери қуримай туриб ҳақини тўла берасиз. Шифохонада даволансангиз ҳақини бермай бир кун ҳам у ерда қола олмайсиз.

Хуллас, “текинга мушук ҳам офтобга чиқмайди” дегандай, ҳеч ким бирор хизматини пул олмасдан бажариб бермайди. Унда нега ҳамма касб соҳиби қилган ишига пул олса бўладию, имом ўз хизматига ҳақ олса, ғавғо кўтарилади? У “текинхўр”дан олиб, “очкўз”га солинади, пул дардида елиб-югуради, дея айбланади? Унинг минган машинаси зарбулмасалга айланади? Нима, бошқалар машина минмаяптими? Бир олимимиз куйинганларидай, “имом машинали бўлса, маросимларингизга кечикмайроқ боради, кўпроқ одамга хизмат қилишга улгуради-ку, ахир!”.

Оддийгина никоҳ маросимини олиб кўринг. Имомнинг никоҳ ақдини боғлаши, яъни келин-куёвнинг никоҳини ўқиши билан бир ҳаром иш ҳалолга айланади. Яъни, қиз ва йигит никоҳсиз қўшилса, уларнинг бу қўшилуви зино бўлади, зинокорлик Ислом шариатида тақиқланган энг оғир гуноҳлардан саналади. Зинодан бола туғилса, у “валади зино” бўлади, унинг гувоҳлиги ҳам ўтмайди. Имом никоҳ ўқиб, шаръий, ҳалол оила қурилишига асос солган бўлсаю, унга хизмати учун берилган беш-ўн сўм пул унда нега кўпчиликнинг уйқусини қочирмоқда, ғашига тегмоқда?

Энг аянчлиси, тўйга сарфланган катта маблағлар, солинган беками-кўст дастурхонлар, ёшларга қилинган сарполару мебел-жиҳозлар, келинга юборилган лимузинлару машҳур ашулачининг яллалари икки ёшни мутлақо бахтли қила олмайди. Келин-куёв шаръий никоҳ ўқитганларидан кейингина ҳақиқий, исломий, шаръий оила қурган бўлишади ва шундагина чинакам бахтли, саодатли бўла олишади. Баъзи ота-оналар тўйга қанчалаб маблағни сочишади, беш-олти ашула айтиб кетган яллачига тахлам-тахлам пул қистиришади, аммо имомнинг никоҳ ўқигани учун уч-тўрт минг сўм пул олгани уларнинг қорнини оғритади, малол келади. Кўзларига ана шу пулгина кўринади. Агар имом никоҳ ўқимаганида фарзандларининг никоҳ кечасидаги қўшилуви кўчада учрашиб, хилватда жинсий алоқа қилган икки зинокорнинг иши билан бир хил бўлиши мумкинлиги ҳақида улар ўйлаб ҳам кўришмайди. Дафн ва жаноза борасида ҳам худди шу фикрларни қайтариш мумкин.

Имомнинг кийиниши ҳақидаги гап-сўзлар ҳам худди юқоридаги каби ҳеч қайси қуюшқонга сиғмайди. Уларнинг ибодат, диний маросим ҳамда байрамлар чоғида узун тўн кийиб, салла ўрашлари имомларнинг “кўнгилхуши” ёки “сатанглиги” эмас, балки бу одат Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссаломнинг суннатлари, яъни имомларга кўрсатмаларидир. У зот ҳам жамоат намозига имомлик қилсалар, аксари ҳолларда узун тўн кийиб, бошларига салла ўраганлар. Бундай диний кийимлар бошқа дин ва таълимотлар, масалан, яҳудийликда ҳам, насронийликда ҳам, буддавийликда ҳам жорий қилинган. Демак, бу борада ҳам имомларга тақалаётган айбномаларда заррача асос йўқлиги очиқ кўриниб турибди.

Хуллас калом, шунақа гаплар. Мен имомларни хато ва ёмон ишлардан мутлақо холи, маъсум деб таърифламоқчи эмасман. Барча касб соҳибларидаги каби уларда ҳам хато-камчиликлар етарли. Аммо бу нарса имомларни ёппасига ёмонотлиқ қилиш, уларга йўқ ердаги айбларни тақаш, бемалол маломат тошларини отиш ҳуқуқини бермайди. Бир тоифани бирор хатода айблаш учун киши ўзига “мен-чи, мен бундай хатога йўл қўймаяпманми, мухолифимни айблашга ҳақлиманми?” деган саволни ҳам бериб кўриш керак. Бир-икки шифокорнинг порахўрлиги учун барча тиббиёт ходимларини айбламаймиз-ку! Ёки бир муҳандиснинг ишдаги хатолари учун барча муҳандисларни ёппасига хатокор, саводсизга чиқармаймиз-ку! Шунинг учун ушбу ёзувлар орқали айрим оғзига кучи етмайдиган, бўлар-бўлмасга тилига эрк бериб, бегуноҳ кишиларга туҳмат ва маломат тошларини отувчиларга нишонни сал тўғрироқ олишни маслаҳат бермоқчи бўлдик. Ҳар ишда инсоф, адолат ва меъёр бўлгани яхши-да!

P.S. Мақоламизга худди шу ерда нуқта қўймоқчи эдик. Бироқ бир ҳамкасбимиз мавзуимизга оид юқоридагилардан ҳам нохушроқ воқеани айтиб қолди. Бир таниқли шифокор опамиз қайсидир имомнинг қилмишларидан шунчалик қаттиқ хафа бўптиларки, ўз динларидан чиқиб, Москвага боришга, нақ православ диний академиясида насронийликни қабул қилишга бел боғлаб қолибдилар. Хайриятки, бир неча аҳли илмларнинг тушунтиришлари кор қилиб, опахонимиз бу қалтис ниятларидан қайтибдилар. Сўзимизни опахон кабиларга бир-икки савол бериш билан якунлаш ўринлига ўхшади: бир имомнинг қилмиши учун нега бутун Ислом динини айбдор қилиш керак? Бу носоз кўчада аварияга учраган ҳайдовчининг барча йўлсозларни ва ЙҲХХ ходимларини бараварига айбдор қилганига ўхшамайдими? Сизлар нима дейсизлар, муҳтарам ўқувчилар?

Аҳмад МУҲАММАД
2015 йил 26 сентябрь