Отинойилар Қуръон мусобақасини аёл-қизлар ўртасида кўпроқ тарғиб этишга чақирилди

12:50 14.01.2018 733

Шу йилнинг 11 январ куни “Шайх Зайниддин” жоме масжиди Мажлислар залида Тошкент шаҳри ва туманлари бош имом хатибларининг хотин–қизлар масалалари бўйича ёрдамчилари (отинойилар)нинг навбатдаги йиғлиши бўлиб ўтди. Тадбирда Республика Қорилар мусобақасининг ташкилий ҳайъат ҳаками Муҳиддин Нўмонжонов, Ўзбекистон мусулмонлари идораси Хотин–қизлар бўлими бош мутахассиси Ф.Ҳақбердиевалар иштирок этди.

Йиғилишдаги асосий масала муҳтарам юртбошимиз ташаббуслари билан ўтказилаётган Республика Қуръон мусобақасининг аёл-қизлар йўналиши бўйича тушунтиришлар, ташкилий масалаларга қаратилди. Мусобақа босқичлари, ўтказилиш тартиблари, баҳолаш мезонлари тушунтириб ўтилди. Бу борада отинойилар жойларда барча аҳли Қуръон аёл-қизлар иштирок этиши мумкин бўлган катта танловнинг мазмун-моҳиятини тушунтириш, одамларни хабардор қилиш ишларига янада фаоллик билан ёндошишлари лозимлиги уқтирилди.

Шунингдек, йиғилишда туман бош отинойилари маълумотларига кўра, имом хатиблар ва отинойилар саъйи ҳаракатлари билан оилавий муросасизликлар ва ажримлар сони ўтган йилгига қараганда анча пасайганлиги таъкидланди. Шунга қарамай, ҳозирда давом этаётган оилавий ажримларга айрим эркаклардаги “оила раҳбари” деган маъсулиятни йўқолиб бораётгани, аёл-қизларимизнинг динимиз ва ўчмас анъаналаримизга хос ахлоқ ва шарму ҳаё чегараларидан узоқлашаётгани сабаб бўлаётгани жуда ачинарлидир. Бундай салбий ҳолатлар, оиладаги фарзандларимиз тарбиясидаги назорат сусайишига сабаб бўлиб, албатта шу оилавий муҳитда вояга етаётган фарзандлар тарбиясида ўзини намоён қилмоқда.

Юқорида келтирилган оилалардаги нохуш ҳолатларни олдини олиш борасида отинойилар туманларда ташкил этилган “Аёллар маслаҳат маркази” билан ҳамкорликда ишланиши ва аёл–қизларимизга ислом арконлари ва шаърий аҳкомларни тушунтиришда отинойиларнинг ўрни тўғрисида гапирилди.

Манба: Vakillik.uz

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!