Қуръонни билмаганларнинг айби нима? ("Дўстим билан баҳс" рукнидан)

22:38 13.09.2017 2974

Дўстим бошини қашиб қолди. Мени мот қилишни ўйлаётгани шундоқ кўриниб туради. У сўзларига урғу бериб, гап бошлади:

– Хўп, яхши. Унда Қуръонни билмаган, ҳеч қандай китоби бўлмаган, пайғамбар келмаган қавмлар ҳақида нима дея оласан? Уларнинг гуноҳи қандай бўлади ва Қиёмат куни уларнинг жойи қаерда бўлади? Масалан, Узоқ Шимолдаги эскимослар ёки Африка чангалзорларидаги ёввойи одамларни айтяпман. Уларни Қиёматда нималар кутади?

Мен унга шундай жавоб бердим:

– Биринчидан, хатойингни тўғрилаб қўяй. Сен саволларни нотўғри тарзда бера бошладинг. Аллоҳ ҳеч кимни ўз мағфирати ва раҳматидан бебаҳра қолдирмаслиги ҳақида бизга хабар берган, бу тўғрида Қуръони каримда шундай марҳамат қилинади: «Ҳар бир уммат ичида ҳам албатта бир огоҳлантиргувчи - пайғамбар ўтгандир» (Фотир сураси, 24-оят).

Қуръонда зикр қилинган пайғамбарлар уларнинг ҳаммаси эмас. Минглаб пайғамбарлар ўтганларки, улар ҳақида бизга ҳеч нарса маълум эмас. Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай марҳамат қилади: «Аниқки, Биз сиздан илгари (кўп) пайғамбарлар юборгандирмиз. Улардан Биз сизга ҳикоя қилиб берган кишилар ҳам бор, яна улардан Биз сизга ҳикоя қилмаган кишилар ҳам бордир» (Ғофир сураси, 78-оят). Аллоҳ таоло ҳатто асаларига ҳам шундай уқтиради: «Парвардигорингиз асаларига ваҳий – амр қилди: «Тоғларга, дарахтларга ва (одамлар) қурадиган инларга уя солгин» (Наҳл сураси, 68-оят).

Аллоҳ таолонинг ваҳийлари ва фармонлари турлича бўлади: гоҳида Ҳазрати Жаброил китоб ҳолида олиб келади, баъзан Аллоҳ бандасининг қалбига нур шаклида йўллайди, гоҳида қалбдаги қувонч ва мамнунлик, баъзан донишмандлик, гоҳо реаллик, баъзида итоат, художўйлик, қўрқув шаклида келади. Сезгир қалб ва кучли ҳис қилиш туйғусига эга бўлган ҳар бир инсон Аллоҳ таоло марҳаматидан бўлмиш бу ҳадяни олади.

Ким қулоқларини беркитиб олса, қалбини Аллоҳнинг сўзларига очмаса, бундайларга муқаддас китоблар ҳам, пайғамбарлар ҳам, қанчалик кўп бўлмасин амру маъруфлар ҳам ёрдам бермайди. Аллоҳ таоло айтадики, Унинг раҳматини истаган ҳар бир кишига мағфират беради ва Ўзи қилаётган ишлар учун ҳеч кимга ҳисоб бермайди.

Гоҳида Аллоҳ таоло Ўз донишмандлиги билан бировни огоҳлантиради, бошқасининг энг суст имонини ҳам қабул қилиб, гуноҳларини кечади. Ким билсин, эҳтимол ёввойи занжининг Аллоҳдан қўрқиб, кўкка термулган ягона нигоҳи барча ибодатларимиздан кўра афзалроқдир?

Ёввойи занжи қабилаларининг динини чуқур ўрганиб чиқиш шуни кўрсатдики, уларда ҳам пайғамбарлар ва биздаги муқаддас китобларга ўхшаш самовий китоблар бор экан. Масалан, Мов-мов қабиласи Мужайн деган худога сиғинаркан. Улар ана шу худони ягона, танҳо деб ҳисоблайди. Улар наздида у туғмаган ва туғилмаган, унинг тенги ёки ўхшаши йўқ, у кўринмайди, унинг изидан бошқа нарсасини билиб бўлмайди, у яратгувчи, ҳаммага ризқ беради, ҳадялар улашади, у меҳрибон, касалларга шифо беради, камбағалларга кўмаклашади, ёмғир юборади, илтижоларни эшитади. Қабиланинг наздида чақмоқ – унинг қиличи, момақалдироқ гумбарлаши эса – унинг қадам товушлари экан. Ахир бу Мужайн – Аллоҳнинг ўзгинаси эмасми? Агар уларнинг тарихида бу билимларни олиб келган пайғамбарлар ўтмаган бўлса, бу гапларни улар қаердан билган? Даврлар ўтиши билан одатдагидай бу динга ёлғон яшиқлар, лўттивозликлар кириб келган ва мусаффо динни бузиб ташлаган.

Нием-нием қабиласида эса Ягона Тангрига ишонишади, уни Мубули деб аташади. Қабила қавмининг таъкидлашича, чангалзорлардаги ҳамма нарса унинг амри билан қимирлайди, ёмон одамларга момақалдироқни юборади, яхши одамларни ҳаёт лаззатлари, фаровонлик ва хотиржамлик билан мукофотлайди. Шайлук қабиласида ҳам ягона худога сиғинишади, уни Жук деб аташади. Улар наздида бу худо ошкор, ҳам пинҳон, у осмонда туради, аммо унинг мавжудлигини ҳамма ерда ҳис этиш мумкин, бутун борлиқни у яратган.

Данка қабиласида ҳам ягона илоҳга ишонишади, уни Ниялан деб аташади. Бунинг сўзма-сўз маъноси «Осмондаги худо» дегани.

Бу ақидаларни Исломдан бошқа яна нима деб аташ мумкин? Булар мазкур халқлар тарихида самовий ваҳий пайғамбар ўрнини босгани эмасми? Дарҳақиқат, ҳаммамизнинг динимиз бир! Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай марҳамат қилади: «Албатта, иймон келтирган зотлар, яҳудий бўлганлар, насронийлар ва собиийлар (фаришталарга сиғинувчилар) – (улардан) қайсилари (аввал қайси динда бўлганларидан қатъи назар, иймонга келиб ёлғиз) Аллоҳга, охират кунига ишонса ва яхши амаллар қилса, ўшаларга Парвардигорлари ҳузурида ажр бордир ва улар учун хавфу хатар, ғам-андуҳ йўқдир» (Бақара сураси, 62-оят). Лекин вақт ўтиши билан одамлар соф динни бузиб юборишди.

Ягона Аллоҳга, охират кунига, қайта тирилишга ва Қиёматга ишонган, солиҳ амал қилганларнинг барчасини Аллоҳ таолонинг ўзи ажр-мукофот билан тақдирлайди.

Мустафо МАҲМУД

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!