Савол: Никоҳи бузилмасдан ота ўз қизини уйига олиб кетишга ҳаққи борми?

03.09.2017 21:05 1894

Савол: Никоҳи бузилмасдан ота ўз қизини уйига олиб кетишга ҳаққи борми? Агар никоҳ бузилса, шариат бўйича фарзанд кимнинг қарамоғида бўлади? Агар эр хотинидан норози бўлса, у аёлни охиратда нима кутмоқда? Аёлнинг отаси оила бузилишига ҳомийлик қилса, айтайлик адвокат, суд ҳақи, пора ва йўлкираларни кўтарса ва фарзандларнинг етим қолишига сабаб бўлса бунинг ҳам жавобгарлиги борми? Бу кунларда долзарб бўлиб турган бу саволларга жавоб учун олдиндан раҳмат.

Жавоб: Никоҳ талоқ билан бузилади, талоқни эса фақат эр беради. Айрим ҳолларда хотин ҳам никоҳни бузишга ташаббус қилиб қозига (судга) мурожаат қилиши мумкин. Бунга эр нафақа қилмаслиги, ёки жинсий алоқага ярамай қолгани каби ҳолатлар мисол бўлади.

Агар никоҳ бузилса ва эр-хотин алоҳида яшай бошласа, болаларга ҳақли киши онаси ҳисобланади. Уларнинг нафақаси ота зиммасида бўлади, онани бунга мажбур қилинмайди. Болаларнинг онаси йўқлигида уларга ҳақли киши она тарафдан буви ҳисобланади. Кейин болаларнинг катта опаси, сўнг холалар ва кейин аммалар туради. Бу аёллар турмушга чиқса, улардан болаларга ҳақдорлик соқит бўлади. Агар улар ажрашса, соқит бўлган ҳуқуқи яна ўзига қайтади.

Ўғил бола то ўзи еб-ичадиган, ўзи кийим кийиб, ўзи ҳожатга борадиган бўлгунча унга она ва буви ҳақли саналади. Агар бола бу ишларда ўзи мустақил бўлса, энди эркакларнинг одоб-ахлоқи билан зийнатланиши керак. Бундай одоб беришга эса ота қодирроқдир. Хассоф раҳимаҳуллоҳ буни етти ёш деб белгилаганлар. Демак ўғил бола еттига кирганда ота қўлига ўтиши керак. Қиз бола эса ҳайз кўриб балоғатга етгунча она қўлида тарбия топади. Чунки у мустақил бўлгач, то балоғатга етгунча аёллар одобини ўрганишга муҳтож бўлади. Бунга эса она қодирроқ. Балоғат ёшидан кейин қиз бола ҳимоя ва муҳофазага эҳтиёжманд бўлади. Буни эса ота ўринлата олади.

Агар аёл эрга итоатсизлик қилса ёки сабабсиз талоқ сўраса, шариат қоралаган ишларни қилган бўлади.

Агар хотиннинг отаси қизига талоқ сўраш жоиз бўлган ҳаракатларга ҳомийлик қилса, бунинг гуноҳи йўқ. Аммо талоқ сўраш ножоиз бўлган ҳолатларда унинг бу ишларга аралашуви дуруст бўлмайди.

Эр савол эгаси бўлгани учун саволлар аёлнинг бурч ва мажбуриятлари, ҳамда аёлнинг отаси хусусида бўлибди. Аммо эркакнинг муаммода адолат билан туришини ва масалага аёл томонидан ҳам қарашини насиҳат қиламиз.

Валлоҳу аълам.

Мубашшир Аҳмад