Тошкент Ислом институтида махсус сиртқи бўлим очилади

14.09.2017 10:30 1776

Тошкент Ислом институтида махсус сиртқи бўлим очилади. Бу ҳақда Ўзбекистон Мусулмонлари идорасининг muslim.uz портали хабар бермоқда.

Хабарда айтилишича, махсус сиртқи бўлим бу йил яъни 2017 2018 ўқув йилидан илк бор ўз фаолиятини бошлайди. Сиртқи бўлимдан асосий мақсад Республикамизда фаолият олиб бораётган илмий-тадқиқот марказлари, масжид ва зиёратгоҳларнинг ўрта махсус билимга эга бўлган имом-хатиб, имом ноиби, зиёратгоҳ масъули каби мутахассисларини олий маълумотли кадрлар билан таъминлашдан иборат. Махсус сиртқи бўлимда ўқиш муддати 3 йилдан иборат бўлиб, унга ҳужжат топширмоқчи бўлганлар ўрта махсус таълим муассасасини тугатган, Ўзбекистон мусулмон идораси (ЎМИ) тизимида маълум муддат давомида фаолият олиб бораётган бўлиши талаб этилади.

Махсус сиртқи бўлим талабалари учун ҳар томонлама қулай шарт-шароитлар яратиб берилади. Уларга ТИИ (Тошкент ислом институти – таҳр.)нинг юқори малакали, узоқ йиллик тажрибага эга бўлган профессор-ўқитувчилари дарс беришлари кўзда тутилмоқда. Талабалар институт махсус фан ва ўқув аудиторияларидан, ахборот ресурс марказидаги дарсликлар, манба ва адабиётлардан, компютер хоналаридан фойдаланишлари мумкин. Улар ўқув машғулотлари пайтида бепул тушлик билан таъминланадилар. Махсус сиртқи бўлимни тугатган талабаларга диний олий маълумот даражасидаги ТИИ дипломи берилади”, дейилади хабар матнида.

Аввалроқ azon.uz сайти Тошкент Ислом академияси очилиши ҳақида хабар берган эди.