Январь
Қозоғистонда намойишлар
2 январь куни Қозоғистонда газ нархи ошиши сабабли норозилик намойишлари бошланди. 4 январь куни норозилик намойишлари нефт қазиб олувчи Манғистов вилоятидан бошқа вилоятларга ҳам тарқалди. Олмаота шаҳри халқ намойишлари марказига айланди. 5 январга ўтар кечаси Қозоғистон президенти Қосим-Жомарт Тоқаев мамлакат ҳукуматини ишдан бўшатиб, уни намойишлар учун масъул қилиб қўйди.
Февраль
Қишки олимпиада
4-20 феврал кунлари Пекинда Қишки Олимпия ўйинлари бўлиб ўтди. Якуний ҳисобда медаллар бўйича Норвегия, Германия ва Хитой кучли учликдан жой олди.
Россия-Украина урушининг илк куни
24 февраль куни тонг саҳарлаб, соат бешлар атрофида Россия Украина ҳудудига бостириб кирди. Кремл наздида уч кунда тугаши керак бўлган уруш ҳали ҳамон давом этмоқда ва ортиқча таърифга муҳтож эмас...
Март
Хитойда самолёт ҳалокати
21 март куни China Eastern Airlines авиакомпаниясининг Кунминдан Гуанчжоуга учаётган Boeing 737 йўловчи самолёти Хитой жанубидаги Тенгсян округида тоғли ҳудудга қулаб тушди. Самолёт ҳалокатида бортдаги барча 132 киши: 123 йўловчи ва 9 экипаж аъзоси ҳалок бўлди.
Апрель
Россиянинг БМТ кенгашидан қувилиши
7 апрел куни БМТ Бош Ассамблеяси Россиянинг Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашидаги иштирокини тўхтатди. Қарорни 93 давлат, жумладан, НАТО аъзолари, Сербия, Исроил, Украина қўллаб-қувватлади. Жазоир, Беларус, Хитой, Шимолий Корея, Куба, Эрон, Ўзбекистон, Тожикистон, Қозоғистон каби 23 давлат ташаббусга қарши овоз берди. Бетараф қолган – 58 давлат, жумладан Саудия Арабистони, Жанубий Африка, БАА, Ҳиндистон. Ҳозирча Ливия бундай қарорга келган ягона давлат бўлди.
Макроннинг иккинчи президентлик муддати
24 апрел куни Францияда президентлик сайловларининг иккинчи босқичи бўлиб ўтди, натижада Эммануэл Макрон 58,54 фоиз овоз билан ғалаба қозонди. Унинг рақиби, “Миллий бирдамлик” етакчиси Марин Ле Пенни сайловчиларнинг 41,46 фоизи қўллаб-қувватлади.
Макрон 2002 йилдан бери сайловларда иккинчи марта ғалаба қозонган биринчи Франция президенти бўлди. У 2017 йилги сайловлардан кейин биринчи марта мамлакат тепасига келган эди.
Май
Еревандаги намойишлар
1 май куни Ереванда Қорабоғ бўйича музокараларда Арманистоннинг енгилгани юзасидан минглаб аҳоли иштирокида митинглар бўлиб ўтди.
Финляндия ва Швециянинг НАТОга яқинлашуви
Мамлакатлар НАТОга аъзо бўлиш учун май ойининг ўрталарида ариза топширдилар. Ҳужжатлар иттифоқнинг барча аъзолари томонидан ратификация қилингандан кейингина давлатлар ташкилотга тўлақонли аъзо бўлишлари мумкин бўлади. 5 июл куни Финляндия ва Швециянинг НАТОга киришини биринчи бўлиб Канада тасдиқлади.
Ҳозиргача уларнинг аризалари 30 та давлатдан фақат иккитаси – Венгрия ва Туркия томонидан ратификация қилинмаган. Расмий Будапешт буни 2023 йилнинг февралида амалга ошириш ниятида.
Июнь
Афғонистондаги даҳшатли зилзила
2022 йил 22 июнь куни маҳаллий вақт билан 01:24да Афғонистон ҳудудида 6,2 (бошқа маълумотларга кўра – 5,9 магнитудали зилзила содир бўлди. Камида 1500 киши ҳалок бўлди ва яна 2000 киши жароҳат олди, бу 2022 йилдаги энг ҳалокатли зилзила сифатида тарихдан жой олди.
Июль
Борис Жонсоннинг истеъфоси
7 июль куни Борис Жонсон Консерваторлар партияси ва Британия ҳукумати раҳбаригидан кетишини эълон қилди. У 2019 йил июлидан бери Буюк Британия Бош вазири лавозимида ишлаб келаётган эди.
Япония собиқ бош вазирининг ўлдириши
8 июль Япония тарихида энг мудҳиш кунлардан бири сифатида муҳланиб қолади. Бу кунда Япониянинг собиқ бош вазири Синдзо Абэга суиқасд уюштирилди. У митинг пайтида отиб ўлдирилди. Расмийлар, ўқлардан бири бўйиннинг ўнг томонига теккани ва Абэнинг кўкрак қафаси ҳудудида тери остидан қон кета бошлаганини тасдиқлади. Ҳужумда гумон қилинган 41 ёшли Тетсуя Ямагами воқеа жойида полиция томонидан қўлга олинган ва қуроли мусодара қилинди. Жиноятчи ҳеч қандай қаршилик кўрсатмаган. Абэ Япония тарихида энг узоқ вақт Бош вазир лавозимини эгаллаб, 2020 йили соғлигидаги муаммо сабабли ўз хоҳишига кўра лавозимидан кетган эди.
Август
Ненси Пелосининг Тайванга ташрифи
2 август куни АҚШ Конгресси Вакиллар палатаси спикери Ненси Пелоси Тайванга келди.
Пелосининг Тайванга ташрифи ҳақидаги хабарлардан сўнг Хитой ва АҚШ ўртасидаги муносабатлар кескинлашган. Пекин Вашингтонга Тайван ҳеч қандай суверенитетга эга бўлмаган "ягона Хитой" тамойилига амал қилишини эслатди. Ушбу ташриф фонида Хитой армияси зирҳли техникаларини Тайван бўғози соҳиллари бўйлаб ҳудудларга жойлаштира бошлади.
Сентябрь
45 кунлик вазир
5 сентябрь куни мамлакат Консерваторлар партияси раҳбари Лиз Трасс Буюк Британиянинг янги бош вазири этиб эълон қилинди. Бироқ атиги лавозимда 45 кун ўтирганидан сўнг у истеъфога чиқди ва Британия тарихидаги энг қисқа муддат бош вазир бўлган шахсга айланди.
"Қиролича ўлди, яшасин Қирол"
8 сентябрь куни Британия монархлари орасида энг узоқ ҳукмронлик қилган Буюк Британия қироличаси Елизавета II 96 ёшида вафот этди. Елизавета II даврида 15 бош вазир алмашди. Қироличанинг тўнғич ўғли, 73 ёшли Чарлз III янги монарх бўлди. У 1969 йилда бошлаб тахтнинг расмий вориси эди. Унинг тахт учун навбат кутган даври ҳам Британия монархияси тарихидаги энг узун давр ҳисобланади.
Эронда намойишлар
Сентябрь ойи ўрталаридан бери мамлакатда Махса Аминий полиция томонидан ҳибсга олинганидан кейин ўлими муносабати билан тартибсизликлар ва норозилик намойишлари бошланди. Мамлакат аҳолиси унинг ўлимида расмийларни айблади.
Остонанинг қайтиши
19 сентябрь куни президент Қосим-Жомарт Тоқаевнинг Қозоғистон пойтахти номини Нур-Султондан Остонага ўзгартириш тўғрисидаги фармони кучга кирди. Бу ўз тарихида шаҳар номининг олтинчи ўзгаришидир. 2019 йилда республикани қарийб 30 йил бошқарган Нурсултон Назарбоев президентликдан кетганидан сўнг Остона номи Нур-Султон деб ўзгартирилган эди. Аввалги номни қайтариш масаласи 2022 йил январидаги тартибсизликлардан кейин муҳокамага қўйилган эди.
Октябрь
Қрим кўпригида портлаш
8 октябрь куни эрталаб Қрим кўпригида юк машинаси портлади, шундан сўнг кўприкнинг темир йўл қисми бўйлаб ўтаётган поезддаги ёнилғи баклари ёниб кетди. Кўприкнинг автомобил қисми қулаб тушган. Тўрт киши ҳалок бўлди. Декабрь ойида таъмирдан сўнг, магистралда ҳаракат тикланган.
Британияни забт этган ҳинд
25 октябрда қирол Чарлз III Риши Сунакни Буюк Британиянинг янги бош вазири этиб тайинлади. У сўнгги олти йил ичида бешинчи бош вазир, 2022 йилда эса Британияда учинчи ҳукумат раҳбари бўлди. Сунак барча рақиблари чиқиб кетганидан кейин бу лавозимга ягона номзод бўлиб қолди.
Илон Маск Twitter'ни сотиб олди
27 октябрь куни тадбиркор ижтимоий тармоққа эгалик қилувчи компанияни сотиб олиш бўйича келишувга эришди. Компания Маскка 44 миллиард долларга тушди. Twitter'ни сотиб олгач, Маск директорлар кенгашини ишдан бўшатиб, унинг ягона раҳбарига айланди. Шунингдек, миллиардернинг Twitter бош директори сифатидаги дастлабки қарори бир қатор топ-менежерларни ишдан бўшатишга оид бўлди.
Тартибли корейсларнинг бетартиблиги
Жанубий Корея пойтахти марказида Хеллоуин байрамини нишонлаш чоғида тиқилинч юз берди. Ҳодиса оқибатида 158 киши ҳалок бўлди, 200 га яқин киши жароҳат олди. Жабрланганларнинг аксарияти 18 ёшдан 30 ёшгача бўлган ёшлардир. Ҳодиса минглаб одамлар "Ҳамилтон" меҳмонхонаси яқинидаги тор хиёбонда қолиб кетганида юз берган. Ўша куни кечқурун Итаевон ҳудудига 100 000 дан 130 000 гача одам ташриф буюрган, бироқ расмийларнинг айтишича, атиги 200 га яқин полициячи бириктирилган.
Ноябрь
АҚШ сайловлари
8 ноябрь куни АҚШда оралиқ сайловлар бўлиб ўтди. Конгресснинг бутун Вакиллар палатаси (435 конгрессмен), Сенатнинг учдан бир қисми (35 сенатор) ва губернаторларнинг ярмидан кўпи қайта сайланди. Сайловлар натижасида республикачилар Вакиллар палатасида, демократлар эса Сенатда кўпчилик овозни қўлга киритди.
Дунё аҳолиси 8 миллиардга етди
15 ноябрь куни БМТ Ер сайёраси аҳолиси сони 8 миллиард кишидан ошгани ҳақида хабар берди. 7 миллиард одамдан 8 миллиард кишига ўсиш 12 йил давом этди. Ташкилот прогнозларига кўра, 2037 йилга бориб дунё аҳолиси 9 миллиардга, 2058 йилга бориб эса 10 миллиардга етади. Энг юқори чўққи 2080 йилга бориб, Ер шарида 10,4 миллиард одам яшайди. БМТ ҳисоб-китобларига кўра, бу даража 2100 йилгача сақланиб қолади.
Жаҳон чемпионати 2022
2022 йилнинг 20 ноябридан 18 декабрига қадар Қатар футбол бўйича жаҳон чемпионатига мезбонлик қилди. Месси бошчилигидаги Аргентина терма жамоаси финалда Франция терма жамоасини мағлуб этиб, ўз тарихидаги учинчи чемпионликни қўлга киритди. Хорватия терма жамоаси учинчи ўрин учун ўйинда Марокашни мағлуб этиб, Қатардаги жаҳон чемпионатининг бронза медали соҳибига айланди. Дунёнинг кучли тўртлигига кирган Марокаш терма жамоаси турнир кашфиёти сифатида эътироф этилди.