Telegram каналимизга аъзо бўлинг
Илм

Боши берк кўчадаги деизм ва атеизм (8-қисм)

2919

Иммануил Кантнинг ҳаёти ва асосий қарашлари (1724-1804)

Классик ахлоқ далили

Мазкур бобда Кантнинг ахлоқ далилига батафсил тўхталмай, балки умумий маълумот бериб ўтилади.

Инсоннинг ахлоқий, яъни ички тажрибасидан келиб чиққан ҳолда Худонинг борлигини исботлашга қаратилган “ахлоқ далили” дейилиши билан хаёлга биринчи бўлиб Кант келади. Кантнинг наздида инсон ахлоқий мажудот, ахлоқли бўлишга “мажбур” мавжудотдир. Инсонни бахтли бўлишга лойиқ қилувчи омил ахлоқлилик ҳисобланади. Ақл дунёсида ахлоқлилик ва бахтиёрлик бирлашган бир тизимнинг мавжудлигини ўйлаш инсон сифатида бизнинг ҳаққимиздир. Бироқ ахлоқлилик ўй сифатида қоладиган бўлса, у бахтиёрлик билан якунланмайди. Бахтиёрлик рўёбга чиқиши учун ҳар ким зиммасидагини бажариши лозим. Ҳатто бу ҳам кифоя эмас: барча башарий амалларни уларнинг манбаси мутлақ ихтиёрга бориб тақаладигандек адо этиш зарур.

“Догматик эътиқод” эътиқодга илм тўнини кийдиришга, “догматик эътиқодсизлик” эса эътиқодсизликка илмий пойдевор топишга уринишдир: Кант ҳар иккисини ҳам хато деб ҳисоблади. Унинг фикрича, агар бирор нимани илмга асосланган ҳолда тасдиқлашнинг иложи бўлмаса, уни инкор этиб ҳам бўлмайди. Бугунгача ҳеч ким Худонинг (ва охират ҳаётининг) йўқлигини аподиктик (қатъий, тўғри ва мажбурий) тарзда исботлай олмаган. Кантга кўра, шунинг ўзи ҳам ахлоқ учун муҳим аҳамиятга эга. У инсон ахлоқ қонунининг буйруғи ва догматик эътиқодсизлик орасида тиқилиб қолмаслиги керак деб ҳисоблаган. Эътиқодсизлик ахлоқ қонунининг талабини бекор қилмайди, бу талабни бажариши керак бўлган инсоннинг умидсизлик домига тушишига сабаб бўлади. Бу эса ахлоқ қонунига зиён етказмай қолмайди. Зеро, инсон – тасодифан пайдо бўлган баъзи ҳолатлардан ташқари – табиатда ахлоқ тамойилларининг талабларига тўлиқ жавоб бера оладиган изчил яхлитликни кўролмайди. Ўзи тинчликпарвар ва ростгўй бўлса-да, атрофида ёмонлик урчиб ётганига албатта кўзи тушади. Дунёда унга дуч келган кишилар қанчалик яхши бўлмасин, уларнинг саъй-ҳаракатлари гўёки бунга кўзини юмиб олгандек бўлган табиатнинг ёмонликларию дардларидан ва бевақт ўлимдан қутқаролмайди. “Ундай бўлса, ахлоқли бир зот бўлган Яратувчининг борлигини қабул қилиш зарур. Инсон шунчаки ҳаётда эмас, балки амалий ахлоқнинг заруратлари билан изчил бўлган фикр ичида бор бўлишни истаса, Худонинг борлигига ишониши ихтиёрий эмас, мажбурий бўлади”, – дейди Кант.

Баъзи камчиликларига қарамай, Кантнинг ушбу классик ахлоқ далили ҳам фалсафа, ҳам илоҳиётшуносликка анчайин таъсир кўрсатган. Чунки бошқа назарий далиллар сингари иддаоли эмас, инсоннинг ички, яъни ахлоқий тажрибасига таянгани туфайли марказида инсон бўлган далил сифатида намоён бўлган ва метафизикага қизиқмайдиганларнинг ҳам эътиборини тортган.

Кантнинг фикрича, “ахлоқли ўйлаш инсонни Худонинг борлигини қабул қилиш сари етаклайди”. Файласуфга кўра, Худо эътиқоднинг эмас, билишнинг мавзуси бўлганида, ҳурриятдан ва ахлоқнинг эркидан сўз очишнинг маъниси қолмасди. Эътиқодни билиш сингари қабул қилмаслик билан уни иррационал деб ҳисоблаган бўлиб қолмаймиз, чунки у таянган ахлоқ маълумотлари чин маълумотлардир. Уильям Г. Уолш айтганидек, ахлоқ бу тарихий ҳақиқатдир. Ахлоқ тушунчалари инсоннинг рационаллигининг энг очиқ белгилари ҳисобланади.  

Гётенинг ҳаёти ва асосий қарашлари (1749-1832)

Иоганн Вольфганг фон Гёте. Германиянинг Франкфуртида дунёга келди. Донғи дунёга таралган адабиётшунос, шоир, ҳуқуқшунос ва ёзувчи. Гёте жуда яхши таълим олди, болалагида ҳашаматли уйларидаги кутубхонада махсус ёлланган ўқитувчилардан юнон, лотин, иврит, фарнцуз, инглиз ва италян тилларини ўрганди, шунингдек, тарих, адабиёт, табиий фанлар, математика, расм ва мусиқа дарсларини олди. Университетда ҳуқуқшунослик йўналишида ўқиди, турли мақолалар ёзди.

У Қуръонни ва Муҳаммад алайҳиссаломнинг ҳаётларини ўрганди. Ғарбда исломни танишга бўлган интилиш Гердер[1] (1744-1803) билан бошланган, Фридрих Шлегел[2] (1775-1854) ва Гёте билан жадаллашган эди. Ушбу жараёнда Гёти муҳим ўрин тутди.

Гёте арабчадан лотинчага ўгирилган ўнта сурани ўрганиб чиқиб, “фикр юритувчи инсонлар Тангрининг борлиги ва бирлиги ҳақидаги далилларни уларнинг табиатдаги тажаллисидан топади” деган хулосага келди.

1774 йилда ҳазрат Али ва ҳазрат Фотима ўрталаридаги мулоқотдан илҳомланиб “Муҳаммаднинг навоси” номли шеърини битди. 1819 йилда ёзган “Шарқу Ғарб девони” орқали ёшларнинг ҳақиқий ислом билан танишишларини истади.

Сильвестер де Саси[3] (1758-1839) тузган  “Араб куллиёти” асари орқали Саъдий Шерозий (1291 йилда вафот этган), Ҳофиз Шерозий (1315-1390) ва Абдураҳмон Жомий (1414-1492) билан танишди, қолаверса, Мавлоно Румийдан ҳайратланди. “Шарқ ва Ғарб ҳеч қачон бир-биридан айро бўлолмайди, – деди Гёти ва шундай хулосага келди: – Агар ислом Тангрига таслимият бўлса, ҳаммамиз исломда яшаяпмиз ва ўламиз”.  

Дўсти Гердерга ёзган мактубида у шундай деган эди: “Қуръонда Мусо дуо қилганидек дуо қилишни истайман: Раббим, менинг тор қалбимни кенгайтиргин!”[4]

Лейбниц сингари фикр юритган ва Муҳаммад алайҳиссалом ҳеч қачон дин доирасидан ташқарига чиқмаганларини таъкидлаган Гёте шундай ёзган эди: “Қуръон яратилганми? Билмайман. Лекин китобларнинг энг улуғидир. Бунга мусулмонлардек ишонаман”.

У “Фауст” асарининг ниҳоясида дунёнинг ягона ҳокими Тангри эканлигини таъкидлаб ўтди. Ҳофиз Шерозийнинг “Девон”ини ўқигач, худди шундай асар ёзишни дилига тугди. Шундай қилиб, унинг “Девон”и “Фауст”дан кейинги энг муҳим асари бўлди. Гёте бу асарни ёзишда нафақат Ҳофиз Шерозийдан, балки Қуръон ва ҳадислардан ҳам илҳом олди.

1774 йилда Веймар герцоги Карл Августиннинг таклифига биноан ҳукуматга ишга кирди ва молия вазири сифатида фаолият олиб борди. 1779 йилда Шимолий Германиядаги Гарц тоғларида айланиб юрар экан, табиат гўзалликларидан таъсирланиб, қалби коинотнинг яратувчисига нисбатан севги билан тўлиб-тошди ва бу ҳисларини шеър орқали ифодалади.

Қуръони карим Аллоҳ таоло томонидан Жаброил алайҳиссалом орқали Муҳаммад алайҳиссаломга Қадр кечасида нозил бўла бошлаганини билган ва буни эътироф этган Гёте етмиш ёшида шундай ёзган эди: “Қуръон осмондан Пайғамбарга туширилган бу муборак кечани Гёте нима учун ҳурмат билан нишонламасин?..”

Қисқача айтадиган бўлсак, Гёте насронийликдаги таслис ақидасини рад этган, Аллоҳнинг борлиги ва бирлигига ишонган эди.

Фрэнсис Бэконнинг ҳаёти ва асосий қарашлари (1749-1832)

Файласуф, олим, адвокат, ҳуқуқшунос, давлат арбоби ва ёзувчи. 1561 йилда Лондонда таваллуд топди. Отаси Николас Бэкон қиролича Елизавета I даврида адлия вазири бўлиб ишлаган.

Фрэнсис Бэкон файласуф ва ёзувчи бўлиш билан бирга депутат, сарой адвокати, қиролнинг муҳрдори каби лавозимларда ишлади. “Янги Органон, “Аввалгиларнинг билмаганлари”, “Илмнинг ривожланиши”, “Янги Атлантида” сингари асарларни ёзди.  

“Инсон ҳар доим ҳам қаҳрамон бўлолмас, лекин ҳар доим инсон бўла олиши мумкин”, деган Бэконнинг наздида фалсафа сари илк қадам табиатни тушуниш учун ўтказилган тадқиқ ва тажрибадир. Биз кўрган ва мушоҳада юритган шу моддий табиатни атрофилича ўрганиб, кейин эса қарашимизни махсус қонун ва шартларга ўгиришимиз зарур. Шундай қилиб, ушбу махсус қонун ва шартларни қамраб олган табиатнинг умумий шарт ва қонунларини ўрганиш мумкин бўлади. Йўлимизда шу тариқа давом этсак, тилга олинган қонун ва низомларни қамраб олувчи умумий тамойилларга етиб борамиз. Ана шу йўлда илдамлаган ҳолда ҳар илмда очиқ-равшан бўлган зарурий маълумотларни қўлга киритамиз ва коинотни вужудга келтирган асосий унсурларнинг сабабларини тушуниб оламиз, қолаверса, метафизик ва улвий ҳақиқатни англашимиз мумкин бўлади.

Бэконнинг бу қарашлари Ибн Рушднинг фикрларига ҳамоҳангдир. Ибн Рушд ҳам Бэкон сингари аввало жузъларни тадқиқ қилиш зарурлигини уқтирган эди. Шунингдек, Бэкон мусулмон мутафаккилари Ибн Мисквайҳ[5] (1030 йилда вафот этган) ва Ибн Туфайл[6] (1105-1185) каби фикр юритган. Улар содда фалсафий қараш ва тушунча билан ақл йўлидан борган ҳолда Аллоҳнинг борлигини идрок этиш мумкинлигини айтишган эди. Бэкон эса шундай деди: “Оз фалсафа (илм) инсонни Тангридан узоқлаштиради, кўп фалсафа (илм) эса Унга яқинлаштиради”.     

Амин Ариқ

(давоми бор)  (1-қисм) (2-қисм) (3-қисм) (4-қисм) (5-қисм) (6-қисм) (7-қисм) (8-қисм)

Таржимон: Аброр Адҳам ўғли


[1] Иоганн Готфрид Гердер – олмон мутафаккири

[2] Олмон адиби ва файласуфи

[3] Антуан Исаак Сильвестер де Саси – француз тилшуноси ва шарқшуноси

[4] “У: “Эй Раббим, менинг қалбимни кенг қил...” (“Тоҳа” сураси, 25-оят).

[5] Аҳмад ибн Муҳммад Мискавайх – эронлик файласуф

[6] Абу Бакр Муҳаммад ибн Абдол Молик ибн Муҳммад ибн Туфайл ал-Қаисий ва-Андалусий – андалуслик ҳаким ва файласуф

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Атеист

838 18:05 15.09.2022

Илмсизлик оғдирган, бағрикенглик қайтарган ҳидоят ҳикояси

878 18:30 11.09.2022

Устоз Мубашшир Аҳмад: Атеистларга мурожаат! 

1051 17:45 10.09.2022

Бошида атеистларни илмли деб ўйлардим...

733 16:25 10.09.2022

Динга қарши пост(лар)га муносабат ёки мусулмон қандай бўлиши керак?

726 18:55 08.09.2022

Атеистларнинг хатолари

1927 09:02 08.09.2022
« Орқага