Telegram каналимизга аъзо бўлинг
Илм

Фаришталар Одам алайҳиссаломга қандай сажда қилган?

2386

Баъзан "Аллоҳдан бошқага сажда қилиш ширк бўлади-ку, нега фаришталар Одамга сажда қилган?" деган саволга дуч келиб қоламиз. Хўш, фаришталар Одам алайҳиссаломга қандай сажда қилишган? Мавзумиз шу ҳақида.

Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилган: "Эсла, фаришталарга: "Одамга сажда қилинглар!" деганимизни. Бас, сажда қилдилар, магар Иблис бош тортди, мутакаббирлик қилди ва кофирлардан бўлди" (“Бақара”, 34).

Бу ҳақида бошқа бир неча оятлар ҳам бор.

Демак, ушбу оятда Аллоҳ таоло фаришталарга Одамга сажда қилишни буюрган ва улар сажда қилган. Фақатгина Иблис такаббурлик ила бош тортган ва кофирлардан бўлиб қолгани айтилмоқда.

Имом Раббоний раҳимаҳуллоҳ: "Фаришталарда уларга Ҳақ таолодан бирон амр бўлса "Нега?"  деган савол бўлмайди. Улар не ишга буюрилса, ўша ишни шаксиз бажарадиган итоаткор махлуқлардир", деб айтган.

Иблис эса асли жинлардан бўлгани учун бўйсунмай, кофирлардан бўлиб қолган.

Муфассир уламоларимиз бундай айтишган: 

"Фаришталарнинг Одам алайҳиссаломга қилган саждаси Аллоҳга итоат, ибодат ва ушбу амрга итоат ила Аллоҳга қурбат топиш маъносида бўлган. Одам алайҳиссаломга эса ушбу сажда шарафлаш, икром этиш ва таъзим маъносида бўлган".

Тафсири Табарий. 1/301. Васит. 1/119. Бағавий. 1/35. Кашшоф. 1/273.

Имом Замахшарий бу ҳақида бундай деган: "Аллоҳ таоло фаришталарга Одамга сажда қилишни буюрди. Бу сажда ҳурмат ва таъзим саждаси бўлган". 

Имом Қуртубий бу оят тафсирида бундай келтирган: "Одамлар бу сажда ҳақида у ибодат саждаси бўлмаганига иттифоқ қилишган (яъни бу сажда ибодат учун бўлмаган). Аммо кайфияти қандай бўлганига ихтилоф қилишган. Жумҳур уламолар фаришталарга намоздаги сажда ҳолати каби пешонасини ерга теккизишлари амр этилган. Зотан, шариат ва урфдаги саждалар зоҳиран шундайдир. Шу сабабли, ушбу сажда Аллоҳга итоат, Одамнинг эҳтиром қилиш, унинг фазлини изҳори бўлган, деб айтишган.

Баъзи уламолар ушбу сажда энгашиб таъзим қилиш бўлганини айтишган.

Аллома Мажлисий фаришталарнинг Одамга саждаси ҳақида бундай деган: "Мусулмонлар бу сажда ибодат саждаси бўлмаганига ижмоъ қилишган. Сўнгра бу хусусида уч қавлда ихтилоф қилишган:

1. Бу сажда Аллоҳ таоло учун бўлган.  Одам алайҳиссалом эса қибла бўлган (яъни бу ўринда сажда буюрилган тараф бўлган халос).

2. Сажда аслий луғатда итоаткорлик ва бўйсунишдир (яъни улар итоат этиб бўйсунишган, саждадан мурод бўйсуниш бўлган).

3. Ушбу сажда Одам алайҳиссаломга таъзим ва икром этиш маъносида бўлган. Бу саждани буюрган Аллоҳ таолонинг Ўзи бўлгани боис ушбу сажда Аллоҳга ибодат бўлган. Муфассирларнинг бир жамоаси шундай ихтиёр этилган. Бу биз келтирган қавлларнинг энг яхшироғидир.

(Яъни бу ўриндаги сажда ҳақиқий сажда бўлган, аммо саждадан мурод Аллоҳ итоати ва ибодати бўлган. Одам эса буюрилган кимса бўлган, холос).

Хулоса: биз ушбу сажда ҳақида тафсирчи уламоларимиздан  қисқа ва лўнда маълумотлар келтирдик.

Баъзи уламолар бу саждани фақатгина таъзим бўлган дейишган, баъзилар эса росмана сажда бўлган дейишган.

Энг мақбул қавл эса фаришталар Аллоҳ таоло буюргани учун шаксиз бўйсуниб сажда қилишган. Аммо бу сажда зоҳиран Одамга бўлса-да, моҳиятан Аллоҳ таолонинг Ўзига бўлган. Зотан, Аллоҳдан бошқага ибодат саждаси қилиш мумкин эмаслигини Аллоҳ таолонинг Ўзи буюрган. Лекин ибодатларни Эгаси Аллоҳнинг Ўзи бўлгани боис инсонга сажда қилишган амр этган ва бу У Зотнинг ўз хоҳиши бўлган.

Зотан, Аллоҳ бирон нарсани ихтиёр этса бирон кимсага маслаҳат қилмайди ва ҳеч кимдан сўрамайди ҳам.

Одам алайҳиссаломга эса ушбу сажда ҳурматлаш ва улуғлаш маъносида бўлган.

Валлоҳу аълам.

Суннатуллоҳ Абдулбосит

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Халқаро суд Арманистоннинг Озарбайжонга қарши даъвосини рад этди

136 11:30 08.12.2021

Жамол Қошиқчини ўлдиришда гумонланувчи Парижда ҳибсга олинди - ОАВ

252 10:46 08.12.2021

Бухоро: қадимий мадрасага гўзаллик салони рекламаси ўрнатилган

346 10:12 08.12.2021

Афғонистон: ўрмонларни ҳимоя қилиш учун ҳарбий бўлинма тузилди

201 09:39 08.12.2021

БААда дам олиш кунлари ўзгаради

766 09:15 08.12.2021

Минглаб фуқародан асоссиз айбловлар олиб ташланди, юзлаб фуқаро оқланди

429 08:08 08.12.2021
« Орқага