Telegram каналимизга аъзо бўлинг
Янгиликлар

Қирғизистон: “Ислом — тинчлик таянчи” мавзусидаги халқаро илмий-амалий анжуман ўтказилди

629

Жорий йилнинг 29-30 сентабрь ва 1 октябрь кунлари Ўш шаҳрида Қирғизистон мусулмонлари идораси Ўш шаҳар қозилиги томонидан ўтказилган "Ислом — тинчлик таянчи"  мавзусидаги халқаро илмий амалий анжуман бўлиб ўтди.  Тошкент шаҳар “Убай ибн Каъб” жомеъ масжиди имом-хатиби  устоз Абдулҳаким қори Матқулов бошчилигида бир гуруҳ юртимиз уламоларидан ташкил топган делегация мазкур анжуманда иштирок этиб келдилар.

Дастлаб, ўзбек-қирғиз “Дўстлик” божхона чегара постида Ўзбекистон делегациясини Қирғизистон мусулмонлари идораси муфтийси биринчи ўринбосари Ҳабибуллоҳ ҳожи домла ва Ўш шаҳри мусулмонлари қозиси Убайдулла домла Сарибаев кутиб олишди.

Ташрифнинг биринчи куни “Ош гранд – Алай” меҳмонхонаси йиғинлар залида Қирғизистон Республикаси президентига қарашли дин ишлари бўйича давлат комиссияси директори Абдикадиров Тойғонбой Жоробаевич қабулида расмий учрашув бўлиб ўтди. Учрашувда Абдикадиров Тойғонбой меҳмонларни ташрифлари билан табриклаб, ўтказилаётган анжуман мақсадлари, анжуманнинг икки давлат ўртасидаги муносабатларнинг янада ривож топиши, диний масалаларда ҳамжиҳатликни қўллаб-қувватлаши, юртимиз мусулмонлари, Вазирлар маҳкамаси ҳузуридаги дин ишлари бўйича қўмита ва Ўзбекистон мусулмонлар идораси фаолияти ҳамда юртимизда олиб борилаётган диний ислоҳотларни кузатиб бораётгани ҳақида сўзлаб ўтди. Сўзи ниҳоясида жорий йилнинг ноябрь ойида муфтий ҳазрат ва бир қанча уламолар билан бирга Ўзбекистонга ташриф буюриб, ДИҚ ва ЎМИ раҳбарияти билан дўстлик риштасини янада мустаҳкамлашни режалаштирганини таъкидлади.

30 сентябрь куни юртимиз вакиллари Ўш вилояти губернатори Зияуддин Исламович қабулида бўлдилар. Қабул давомида губернатор ушбу ўтказилаётган анжуманнинг давлатлараро, айниқса, ўзбек-қирғиз халқлари учун катта аҳамиятга эга эканлигини таъкидлаб, Ислом дини асрлар давомида ота-боболаримиз дини бўлгани, ушбу динни қўллаб қувватлашини айтди.

Ўзаро учрашув давомида Абдулҳаким қори Матқулов ҳам ўз сўзида жорий йилда Ўзбекистон президентининг давлат маслаҳатчиси, Дин ишлари бўйича қўмита ҳамда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раҳбариятлари бошчилигида бир гуруҳ уламолар бутун республика бўйлаб, юртимиз мусулмонлари билан масжидларда юзма-юз кўришиб, илмий маърузалар қилганлари, мусулмонларни қизиқтирган саволларга жавоблар бериб борганлари катта натижалар берганини айтиб ўтди.

Сўнгра Ўш шаҳри мери Мамбетов Алмаз Ишембекович билан учрашув бўлиб ўтди. Учрашувда шаҳар мери анжуманда ишроклари учун делегациямиз вакилларига миннатдорчилик билдирди. Ўзаро суҳбатда Абдулҳаким қори Матқулов ҳам ушбу анжуманнинг туркий тилларда сўзлашувчи халқлар учун катта манфаат бериши, яхшиликларга хизмат қилишини таъкидлаб ўтди.

30 сентябрь куни Ўш давлат университети анжуманлар залида “Ислом — тинчлик таянчи” мавзусидаги халқаро илмий амалий анжуман ўз ишини бошлади. Унда Ўзбекистон, Қозоғистон, Туркия, Россия ва Қирғизистон давлатлари ҳамда кузатувчи сифатида Миср Араб давлати диний уламолари ўз маърузалари билан иштирок этдилар.

Анжуманда Абдулҳаким қори Матқулов ҳам сўзга чиқиб, аввало, барча анжуман иштирокчиларига Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий вазифасини бажарувчи Ҳомиджон домла Ишматбеков ва ДИҚ раисининг дуои саломларини етказди. Сўнгра “Ислом терроризмга қарши" мавзусида маъруза қилди. Маърузада Ислом динининг тинчлик дини, тинчлик ва хотиржамлик Аллоҳнинг катта неъматларидан эканлиги, тинчликни бузаётганлар, терроризмни амалга ошираётганлар, турли оқим ва гуруҳларга тарғиб қилаётганларнинг мақсади Ислом дини таълимотларини бузиш, одамларни ундан четлаштириш ва уларнинг қалбида иймонли кишиларга нисбатан нафрат ва ғазаб уйғотиш эканлиги, гуноҳсиз одамларга нисбатан гўёки “дин йўлида” амалга оширилган ҳар қандай зўравонликлар зулм ҳисобланиши, террорчилик ўз олдига бераҳмлик, шафқатсизлик, зулм, қотиллик ва азоб-кулфатларни мақсад қилиб қўйгани, террорчилик ҳаракатлари, яъни бегуноҳ кишиларга қарши қилинаётган жиноятлар Исломда улкан ва оғир гуноҳ ҳисобланиши, ҳар бир мусулмон ер юзида тинчлик, осойишталик ва адолат ўрнатиш учун Аллоҳ таоло олдида масъул эканлиги ҳақида нутқ сўзлади. Маъруаси сўнгида анжуман натижасида Ўрта Осиё ва МДҲ давлатлари барчаси бирга ҳаракат қилишлари лозимлиги ва бу билан кўзланган мақсадга эришиш мумкинлиги ҳақида ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди. Куннинг иккинчи ярмида анжуман ниҳоясида иштирокчилар томонидан резолюция қабул қилинди.

Сўнгра меҳмонлар ташрифи учун зиёфат дастурхони ташкил этилди.

Ташрифнинг иккинчи куни барча анжуман иштирокчилари белгиланган тақсимот бўйича Ўш шаҳрининг олий ва диний ўқув юртларига ташриф буюриб, “Ислом тинчлик дини. Илм олишнинг аҳамияти” мавзусида талабалар билан семинар ўтказдилар.

Абдулҳаким қори Матқулов Қирғизистон Республикаси таълим ва фан вазирлигига қарашли “Батирали Садиков” номидаги Қирғиз-Ўзбек халқаро университетига ташриф буюрди. Мазкур университет ташкил топганига 30 йилдан ошган бўлиб, унда 15 мингдан зиёд талабалар таҳсил олмоқда. Шундан 6.500 таси ўзбек талабалар ташкил қилади. Ташриф давомида делегациямиз университет ректори Чаткалбай Райимбаев бошчилигида университет ходимлари ҳамда талабалар билан учрашув ўтказдилар ва университетда таълим учун қилинган шарт-шароитлар билан танишдилар, талабаларнинг Ўзбекистон ҳақидаги илиқ фикрлари, икки миллат фарзандларининг ўзаро бир-бирлари билан чиройли муносабатларига гувоҳ бўлдилар. Раҳбариятнинг билдиришича, мазкур университетни битирган талабалар бугунги кунда дунёнинг турли бурчакларида фаолият олиб бормоқдалар. Сўнгра университетнинг мажлислар залида талабалар билан асосий учрашув бўлиб, Абдулҳаким қори Матқулов “Ислом тинчлик дини. Илм олишнинг аҳамияти” мавзусида маъруза қилди. Маъруза сўнгида сўнгги беш йилда Ўзбекистонда президент Шавкат Мирзиёев томонидан барча соҳада, жумладан, диний соҳадаги ислоҳотлар, таълим, фан, маориф ҳамда спорт соҳаларида жуда катта ишлар амалга оширилгани, айниқса, диний таълим учун имкониятлар берилгани, ҳақиқатан ҳам Ўзбекистонда 3-ренессансга пойдевор қўйилгани ҳақида сўзлаб берди. Ўз навбатида университетнинг профессор ўқитувчилари ҳам Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёв томонидан олиб борилаётган сиёсатни қўллаб-қувватлашлари, у кишининг чексиз ҳурматга сазовор эканликлари, ОАВ орқали барча чиқишларини кузатиб боришлари ҳамда икки халқ фаровонлиги учун  олиб бораётган фаолиятларини эҳтиром билан изҳор қилдилар.

Шу куни жума намозини адо этиш учун имом-хатиб Ташхожаев Анасхон қори Жалолиддин домла ўғли бошчилигида Ўш шаҳрининг энг катта жомеъ масжидлардан бири бўлган “Имом Ҳасан” масжидига ташриф буюрилди. Абдулҳаким қори Матқулов намоз аввалида минбарга таклиф қилинди ва жамоатга ўтказилган анжуманнинг асосий мақсад-мазмуни, Исломда биродарлик, Ислом умматининг бирлиги, Исломда миллатчиликнинг қоралангани, мусулмонлар ўзаро биродарликда ҳаёт кечиришлари лозимлиги, инсон ҳаққидан қўрқиш, ҳамда Ўзбекистонда бугунги кунда олиб борилаётган диний ислоҳотлар ва унинг натижаси ҳақида маъруза қилди.

Қирғизистон Республикаси муфтиёти қарори билан анжуманда иштирок этаётган юқори мартабали диний уламолар орасидан Ўзбекистон мусулмонлари идораси делегацияси раҳбари устоз Абдулҳаким қори Матқуловга таълим-тарбия ҳамда кўп йиллик дин ва илмий соҳадаги хизматлари, кўплаб диний мутахассислар етиштиргани учун “Эл ардоқлаган олим” фахрий ёрлиғига ягона номзод деб эътироф этди. Ушбу фахрий ёрлиқ Абдулҳаким қори Матқуловга Ўш шаҳар “Имом Ҳасан” жомеъ масжидида жума намози аввалида жамоат ҳузурида Ўш шаҳри мусулмонлар қозиси Убайдулла домла Сарибаев томонидан топширилди.

Жума намозидан сўнг муфтий ҳазрат қабулида мазкур анжуманни ташкил этганлари  учун Ўзбекистон Республикаси дин ишлари бўйича қўмита, Ўзбекистон мусулмонлари идораси раҳбарияти ҳамда юртимиз уламолари номидан чуқур миннатдорчилик билдирилди. Муфтий ҳазратнинг янги бошлаган лавозими билан муборакбод этиб, хайрли ишларида Аллоҳ таолодан муваффақиятлар тиланди. Юртимиз вакиллари томонидан муфтий ҳазрат ва уламоларга эсдалик сифатида қимматбаҳо зар чопонлар кийдирилди. Ташриф ниҳоясида Қирғизистон Республикаси муфтийси томонидан Ўзбекистонлик анжуман ҳайъати шарафига зиёфат дастурхони ташкил этилди.

Муфтий ҳазрат якуний сўзида икки халқ орасидаги муносабатларнинг янада ривожланиши, дўстлик, ҳамжиҳатлик ҳамда ўзаро фикр алмашиш йўлида барча имкониятларидан фойдаланишини таъкидлаб, буюк алломалар, устоз ва қорилар юрти бўлган Ўзбекистон билан янада чуқур алоқалар ўрнатиш тилагини билдирди.

Авазбек Давлатов

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Қирғизистон Марказий сайлов комиссияси сайти хакерлар ҳужумига учради

281 13:31 29.11.2021

Қирғизистонда парламент сайловининг дастлабки натижалари маълум бўлди

334 11:27 29.11.2021

Бугун Қирғизистонда парламент сайловлари ўтказилади

318 08:05 28.11.2021

Қирғизистонда давлат тўнтаришига уринишнинг олди олинди

1451 16:45 26.11.2021

Ўзбек-қирғиз чегара пости вақтинча ёпилади

1947 21:00 24.11.2021

Серикжан Мамбеталин: бизни ким ютиб юборади - Россиями ёки Хитой?

3721 14:06 23.11.2021
« Орқага