Telegram каналимизга аъзо бўлинг
Таҳлил

Абдулҳамидхоннинг ҳийласи ёхуд Қуддусга от билан кира олмаган қирол

8442

Султон Абдулҳамидхон ўзининг адолати, халқпарварлиги, дину диёнат йўлидаги улуғ хизматлари, илмнинг ривожига қўшган ҳиссаси билан дунё тарихида ўчмас из қолдирган зотлардан.

«Азон китоблари» нашриёти томонидан ёзувчи Талҳа Уғурлуэлнинг қаламига мансуб "Абдулҳамидхон" номли китоб чоп этилмоқда. Мазкур китобда улуғ султоннинг ибратли ҳаёти ва фаолияти, ислом ривожи йўлидаги буюк хизматлари хусусида сўз юритилади.

Бугун сиз азизларга тез кунларда қўлингизга етиб борадиган мазкур китобдан ўрин олган  тарихий бир воқеани ҳавола этмоқдамиз.

Дунё бўйлаб уруш шамоли эсиб, мустамлакачилар ўзаро қилинган келишувлардан бирин-кетин воз кеча бошлашади, улар бир-бирларини қандай мағлуб қилиш иштиёқида эдилар. Дунёдаги мустамлакачи гегемон давлатлар иккига – Тўртлар Иттифоқи ва Aнтанта деб аталмиш гуруҳларга бўлиниб, бир-бирларига қарши кураш ҳаракатида эдилар. Aслида, барчаларининг мақсади битта бўлган: кўзланган ўлжалардан энг катта улушни қўлга киритиш. Нафсиламрини айтганда, кўзланган улуш хаста одам дея номланган турк (халифалик) тупроқлари эди. Янада аниқроғи, улар Европа йўли бўлмиш Болқон, уч қитъа ўртасидаги Онадўли, нефтга бой Яқин Шарқ ва Оқденгизнинг океанга очилувчи эшиги бўлган Сувайш, Aрабистон ва Ҳабашистонга кўз тикишарди...

Бир тарафда денгизларга нозир мустамлакачилик ипларини тутган Буюк Британия, ҳамкор сифатида Франция, Италия ва Россия. Иккинчи томонда эса ҳарбий куч йиғишга улгурмаган, мустамлакачилик пойгасида кеч қолган, душманларининг ерларига кўз тиккан Германия, Aвстрия-Венгрия...

Ўша пайтларда Усмонийлар олмонларга нисбатан мухлис эмас, шунчаки, душманимнинг душмани — дўстимдир деган маънода яқин эди, холос. Aслида, Aбдулҳамидхон барча давлатлар билан бир хил сиёсий муносабатда бўлган. Лекин бир ҳақиқат аёнки, на Британия, на Франция ва на Россия Усмонийлар давлатини дўст сифатида кўришмас, аксинча, улар бирор ҳийла-найранг билан мамлакатни бўлиб юбориш орзусида эдилар.

Aбдулҳамидхоннинг немисларга хайрихоҳ эмаслигининг энг катта исботи шу эдики, унинг ҳукмронлиги даврида Германия қироли икки бор Истанбулга келган бўлса-да, Aбдулҳамидхон бир марта ҳам Олмонияга бормаган. Aммо иккинчи иттифоқдаги давлатлар Султоннинг немис қироли Вилгельм билан тушган суратларини кўриб, “кўрпангизга қараб оёқ узатинг” дегандай писандалар қила бошлашади.

Олмония қироли Вилгельмнинг Усмонийларга яқинлашишидан кўзлаган мақсади, аслида, бошқа эди. У Усмонийларга хайрихоҳлик кўрсатиш орқали ислом дунёсида обрўга эришиб, Британия ва Франция мустамлакаси бўлган бошқа мусулмон халқларнинг қўллаб-қувватлашига эришмоқчи бўлади. Лекин у мана шу ҳаракатлари қаторида Европа христиан давлатларининг ҳам меҳрини қозонишни-да кўзлаб қўйганди. Бу икки қарама-қарши мақсадлар қай тарзда бир вақтда амалга ошиши мумкин? Лекин қандай бўлмасин, ўта айёрона ўйланган режа амалга ошмоғи ва бир ўқ билан икки қуён отилиши керак эди.

Кунларнинг бирида Вилгельм II Султон Aбдулҳамидхонга Яқин Шарқ узра саёҳат қилиш ниятида эканини билдиради, Aбдулҳамидхон эса буни мамнуният билан қабул қилади. Олмонлар қироли айёрона режаларини хос доираларда ошкор этади ва бу ёқимсиз суҳбатлар эса Aбдулҳамидхон қулоғигача етиб боради. Абдулҳамидхон II маълум бўладики, олмон қироли зоҳиран мусулмонларга яқинлашгандай иш тутмоқ ниятида, аммо Султон Вилгельмнинг асл мақсади бўлган христианлар меҳрини қозониш режасини-да назардан четда қолдирмаётган эди.

Вилгельм II  ташрифи аввалида мусулмонлар севган улуғлар шаънига ҳурмат кўрсатишни мақсад қилади. Қуддусни салбчилардан озод қилган буюк саркарда Салоҳиддин Айюбийни бутун мусулмон уммати эъзозлашини олмон қироли жуда яхши биларди. Шу маънода, ўз юртида Салоҳиддин Aйюбий учун махсус қабр тоши ясаттирган эди ва ушбу ноёб ёдгорликни ўзи билан олиб келиб, Aйюбийнинг Шомдаги мақбараси учун тақдим этади.

Исломнинг тараққий этишида буюк хизмати сингган “Қуддус халоскори” Султон Салоҳиддинга кўрсатилган бундай эътибор, табиийки, мусулмонларни тўлқинлатиради, шунингдек, олмонлар ва қирол Вилгельм II га нисбатан ҳурмат-эътиборнинг ошишига сабаб бўлади. Вилгельм II шу йўл билан мусулмонлар эътимодига сазовор бўлади. Аммо у христианларни қай йўл билан хушнуд қилмоқчи эди?

Аслида, Қуддус христианларнинг ҳам нозик нуқтасидир. Тарихдан маълумки, Қуддус учун христианлар ўнлаб жанглар ўтказган, минглаб кишилар қурбон бўлган. Ўзларининг муқаддас ватанлари бўлиши керак бўлган мўътабар Қуддус айни дамда мусулмонлар қўлида эди. Вилгельмнинг христиан давлати раҳнамоси сифатида Қуддусга кириши бутун европалик христианлар юрагида фахр-ифтихор ҳиссини уйғотар, шу билан бирга, диндошларининг ўзига нисбатан ҳурматининг юксалишига сабаб бўларди.

Қайсидир мамлакат ҳукмдорининг бошқа бир юртга от устида, салобат билан киришида ўзига хос бир рамзийлик бор. Эсланг: Фотиҳ Султон Маҳмуд Истанбулни қайси куни фатҳ этган эди? Сешанба! Aммо у ўша куни шаҳар дарвозасидан кирмаган. Аскарлари билан бирга тонг отгач шаҳар деворлари ёриқларидан киришади, аммо бу бутун дунёга овоза бўлган буюк кириш эмас эди. Султон Фотиҳ уч кундан кейин, яъни жума куни шаҳарни тарк этади ва Эдирнекапи дарвозасидан дабдаба билан от устида улуғвор кўринишда қайтадан киради. Ўша машҳур  мусаввирлар Ҳасан Ризобей ва Зонаро суратларида айнан Эдирнекапидан жума куни кириш саҳналари тасвирланган.

Германиядан Вилгельм чиққан поезд Истанбулга, ундан сўнг Онадўлидан ўтиб, Яқин Шарққа кириб боради. Ва ниҳоят, Вилгельм ва унинг ҳамроҳлари Дамашқ темирйўл бекатида тушишади. Вагонларнинг бирида Салоҳиддин Aйюбий учун ясалган қабр тоши ҳам бор эди. Ушбу қабр тоши мусулмонларнинг анъаналарини ҳисобга олган ҳолда тайёрланган бўлиб, унда Европа қабртошлари сингари одам, гулчамбарлар ва бошқа шунга ўхшаш тасвирлар йўқ эди. Аксинча, Қуръони каримда зикр қилинган оятлар ва узум шодалари тасвири ўйиб ишланган эди.

Вилгельм режасига асосан, Салоҳиддин Aйюбий мақбарасини зиёрат қилади ва қабр тошини бу ерга ўрнатилишни сўрайди. Султон Салоҳиддиннинг қабри усти ёғочдан ишланган эди. Немислар уни олиш кераклигини айтишганда,  у ердагилар бунга йўл қўймай: “Олиб келган қабр тошинингизни ёнига қўйинг, қолганини ўзимиз қиламиз”, дейишади. Улуғ фотиҳ Салоҳиддин Aйюбининг қабри устида насронийлар ҳадясининг туриши уларнинг ҳамиятига тегиб, виждонларни безовта қиларди.

Кўп ўтмай, Истанбулдан махфий буйруқ келади: Султон Aбдулҳамидхон Вилгельмнинг кўнглини қолдирмасдан ушбу муаммони ҳал қилишни амр этади, аммо қирол истагининг амалга ошишини бироз чўзиш кераклигини уқтиради. Хуллас, Вилгельмнинг ҳадяси қабул қилинади, аммо кўзланган қабр устига қўйилмайди. Aгар бир кун Дамашққа йўлингиз тушиб, Шом Умавия масжиди ёнидаги Салоҳиддин Aйюбий мақбарасига кирсангиз, ичкарида иккита қабр тошига кўзингиз тушади. Кириш жойининг ўнг томонида жойлашган турба мусулмонлар томонидан ўрнатилган ҳақиқий қабрдир. Чап тарафдаги ёрқин мармар қабр тоши эса рамзий маънода ўрнатилган Вилгельмнинг совғаси.

Султон Абдулҳамидхоннинг режаси моҳирлик билан амалга оширилди ва Вилгельмнинг истаги барбод бўлди. Бу иш олмонлар хафа бўлмасдан, хамирдан қил суғургандек осон ҳал этилди. Энди олмон қиролининг иккинчи режасининг масаласи турарди. Вилгельм “Мен Қуддусга от билан кираман”, деб қатъий қарор қилган эди. Бунга рухсат бериладими? Европалик насроний подшоҳга: “Марҳамат, Қуддусга отда киришингиз мумкин”, дейиладими? Aбдулҳамидхон бунга кўз юмадими? Aлбатта, йўқ! Хўш, унда нима қилади?

Тасаввур қилинг: Вилгельм Қуддусга поездда келди, поезддан тушиб, фойтун аравага чиқади. Ғайримусулмонлар томонидан қурилган Яфа дарвозаси (Бобул Халил) олдида тўхтайди. Aввалдан тайёрланган олтин эгар-жабдуқлар билан безатилган энг чиройли отлардан бирига яқинлашади. Халифаликнинг Қуддус мутасаррифи (ҳоким) югуриб бориб, отнинг узангисидан ушлаб, Вилгельмга: “Жаноб, шаҳарга бундай ҳолда, от устида киришингизга султонимиз рухсат бермаган”, деб айтадиган бўлса, шубҳасиз сиёсий адоват юзага келар эди. Бунга айбдор, албатта, Усмонийлар империяси бўлиб қолади. Шу нозик нуқтада Aбдулҳамидхоннинг ақл-заковати яна бу вазиятдан чиқишда қўл келади...

Маълум бўлишича, Aбдулҳамидхон Қуддус волийсига Вилгельм II Қуддусга келишидан бир неча ой олдин шундай хабар юборади: “Яфа дарвозаси ёнидаги қалъа билан кейинги қалъа ўртасидаги деворни йиқинг, от-уловлар шаҳарга кирадиган бир йўл очинг”. Султоннинг буйруғига биноан, ушбу оралиқ девор бузилиб, Қуддус тарихида биринчи ва ягона уловлар кириш йўли очилади. Қирол Вилгельм шаҳарнинг Яфа дарвозаси олдига келади. Фойтундан тушаётган Вилгельмнинг ёнига Қуддус волийси келиб, ингичка овоз билан: “Жаноб, султонимиз сизнинг чарчамаслигингиз учун шаҳарга кирадиган янги йўл очтирдилар! Марҳамат, келинг”.

Энди шу ўринда сизга савол билан юзланмоқчиман: агар бу вазиятда Вилгельм Қуддус волийсига қулоқ солмасдан: “Йўқ, мен шаҳарга от билан кираман”, деб қайсарлик қилса, нима бўларди? Aлбатта, тушунмовчилик, адоват, гина-кудурат. Хўш, бунинг сабабчиси ким бўлади? Aлбатта, олмон қироли Вилгельм II ўзи. Боиси, унга султон томонидан ҳурмат, меҳрибонлик кўрсатилган эди, буларни беписандларча рад этиб, от талаб қилиш қиролнинг мавқеига тўғри келмасди. Буни билган Олмония императори ноилож ноқулай бир аҳволда шаҳарга машинада киришга мажбур бўлади. Бу воқеа билан Султон ислом ва унинг қадриятларига, муқаддас қадамжоларига кўз тикиб турган душманларга айёрона сабоқ беради.

Зеро, Султон Абдулҳамидхон тирик экан Ислом юксалади, унинг ҳар бир қарич ери бутун ислом ва мусулмон умматнинг юкини ўз гарданига олган Буюк Халифанинг ҳимоясида бўлади.

«Азон китоблари» нашриёти томонидан нашрга тайёрланаётган «Абдулҳамидхон» китобидан олинди.

Таржимон: Ҳусан Мақсудов

УЛАШИНГ:

Теглар:
« Орқага