ПАЙҒАМБАР
Сиз башар фарзанди, Абдуллоҳ ўғли,
Араб саҳросидек оташин, чўғли,
Пайғамбар бўлдингиз, музаффар туғли,
Ассалому алайка, ё Муҳаммад,
Ассалому алайка, ё Аҳмад.
Ё, Аллоҳ Расули, тенги йўқ Инсон,
Сизнинг йўлингизни ёритгай Қуръон,
Сиз — Олам сарвари, Сиз — нури жаҳон,
Ассалому алайка, ё Муҳаммад,
Ассалому алайка, ё Аҳмад.
Қиёмат айёми, Маҳшар айёми,
Сизга насиб этсин Маҳмуд мақоми.
Мудом тилингизда умматлар номи,
Ассалому алайка, ё Муҳаммад,
Ассалому алайка, ё Аҳмад.
Сиз билан олишди мушриклар аввал,
Бир нафас тинмади жанг ила жадал,
Раббано қўллади Сизни ҳар маҳал,
Ассалому алайка, ё Муҳаммад,
Ассалому алайка, ё Аҳмад.
Сизнинг муродингиз ҳидоят эрур,
Шўрлик бандаларга иноят эрур,
Сизга уммат бўлмоқ саодат эрур,
Ассалому алайка, ё Муҳаммад,
Ассалому алайка, ё Аҳмад.
Сизнинг зиёратга келмишдир жаҳон,
Сиз боис Мадина тун-кун чароғон,
Қуёш кетмас бундан, ой боқар шодон,
Ассалому алайка, ё Муҳаммад,
Ассалому алайка, ё Аҳмад.
Қабрингиз қошида турфа умматлар,
Сувратлар бошқаю ўзга сийратлар,
Ахир, хос Инсонга алвон сифатлар,
Ассалому алайка, ё Муҳаммад,
Ассалому алайка, ё Аҳмад.
Бир ёнда иймони бутунлар турар,
Бир ёнда такаббур, манманлар юрар,
Бари ҳам Аллоҳдан кушойиш сўрар,
Ассалому алайка, ё Муҳаммад,
Ассалому алайка, ё Аҳмад.
Раҳмдил Инсонсиз, бағри кенг Расул,
Барчага яхшилик тилайсиз нуқул,
Лекин куфр билан кимлардир машғул,
Ассалому алайка, ё Муҳаммад,
Ассалому алайка, ё Аҳмад.
Кимдир пок бўлгали ичади қасам,
Лекин ичи қора, Шайтонга ҳамдам,
Улар Сизга фақат орттиради ғам,
Ассалому алайка, ё Муҳаммад,
Ассалому алайка, ё Аҳмад.
Ҳазрат, сўранг бизнинг гуноҳимизни,
Бошланг тўғри йўлга гумроҳимизни.
Эгамга етказинг оҳ-воҳимизни,
Ассалому алайка, ё Муҳаммад,
Ассалому алайка, ё Аҳмад.
Дунёда яхшилар кўп ҳали, шукр,
Улар бор, ёғилар замин узра нур.
Умматсиз йўқ Сизга ҳаловат, ҳузур,
Ассалому алайка, ё Муҳаммад,
Ассалому алайка, ё Аҳмад.
Келдим зиёратга, озурда жонман,
Ранжу балолардан тўйган Инсонман.
Сизнинг пойингизда гардман, тўзонман,
Ассалому алайка, ё Муҳаммад,
Ассалому алайка, ё Аҳмад.
Ҳақ деб нина билан тоғларни қаздим,
Бандаман, рост йўлдан гоҳида оздим.
Тавбамнинг изҳори, шу шеърни ёздим,
Ассалому алайка, ё Муҳаммад,
Ассалому алайка, ё Аҳмад.
Абдулла Орипов