Telegram каналимизга аъзо бўлинг
Илм

Абдуллоҳ ибн Муборак: Хулқи гўзал эди...

350

Дунё ҳаётининг зийнати бўлмиш бойлик, мол-дунёдан парҳез қилишдан ҳам улуғроқ зоҳидлик борми? Динимиз мусулмон кишининг моли нисобига етса, закотни адо этганидан сўнг садақа қилишга ундайди. Ибн Муборак ҳам молларини муҳтожларга инфоқ-эҳсон қилар эди. Хусусан, фозил кишилар, толиби илмлар ва уламо биродарларига бирор баҳона билан молини шунчаки бериб юборарди. Ўнг қўли қилган садақани чап қўли билмас, тақводорлигини ва парҳезкорлигини пинҳона қиладиган зоҳид эди.

Ҳадиси шарифда “Ким Аллоҳ таоло учун холис камтарлик қилса, Аллоҳ таоло унинг мартабасини баланд қилади”, дейилган. Ибн Муборак илмда ва зоҳидликда ўта камтарин эди. Яҳё ибн Яҳё Андалусий Мадинаи мунаввара имоми Молик ибн Анас ҳузурида илмий мажлисга қатнашгани ҳақида шундай ҳикоя қилади: “Бу мажлисга қатнашиш учун ибн Муборак рухсат сўраб кирди. Шунда имом Молик ўрнидан сурилиб, ёнидан жой берди. Шу пайтгача у бошқа бирор кишига ўрнидан сурилиб жой бермаган эди. Қачон бирор масала ҳақида сўз кетса, имом Молик ибн Муборакдан: – “Бу масала тўғрисида қандай фикр билдирасиз? – деб сўрар эди. Шунда Абдуллоҳ Ибн Муборак унга аста жавоб берар эди. Мажлисдан сўнг, у туриб чиқиб кетди. Имом Молик у кишининг одоби ва камтарлигидан ҳайратда қолди ва ўтирганларга: – Бу киши Ибн Муборак

– Хуросон элининг фақиҳидир, – деди”.

Абу Али Равзоийнинг қуйидаги сўзи Ибн Муборакнинг ҳамсафарларига ихлоси, уларга хизматда садоқати ва камтарлигига далолат бўлади. У айтади:

“Мен Ибн Муборакка Макка йўлида ҳамсафар бўлдим. Саҳрога кирганимиздан кейин у менга:

Сен амир бўласанми ёки мен бўлайми? – деди. Мен:

Сиз бўлинг, – дедим. У:

Ундай бўлса, менга қулоқ солиб, итоат этасан, – деди ва халтани елкасига кўтариб олди. Мен унга:

Қўйинг, мен кўтараман, – дедим. У менга:

Мен амирми ёки сен? – деди. Мен:

Сиз амирсиз, – дедим. Бир кеча йўлда тунаб қолганимизда ёмғир қуйиб берди. Ибн Муборак бир кийимни олиб, тонг отгунча мени ёмғирдан тўсиб чиқди. Мен у кишига:

Сиз амир бўлинг, дегандан кўра ўлимимни афзал билдим. Биз манзилимизга етиб ажрашаётганимизда, у менга:

Эй Абу Али, агар бирон инсон билан ҳамсафар бўлсанг, худди шундай йўл тутгин, – дедилар”.

Бундай воқеалар Ибн Муборакдаги камтаринлик, одамлар хизматида ихлос ва садоқатининг кўринишларидир. Булар ибн Муборак эгаллаган мусулмон ахлоқининг гўзал манзараларидир. Бундай улуғ хислатлар уни одамларга яқинлаштирди ва замондошлари ўртасида фазилатли ва машҳур қилди. Ваҳоланки, у ўзини ҳеч ким танимаслигини, ҳар бир қилган яхшилиги яширин бўлишини хоҳларди. У Аллоҳ таоло учун камтарлик, хокисорлик қилди. Аллоҳ таоло унинг борган жойидаги, яшаган еридаги мартабасини кўтарди ва машҳур қилди. Хатиб Бағдодий, ибн Халлиқон ва бошқаларнинг ҳикоялари Ибн Муборакка нисбатан одамлар қалбидан ўрин олган меҳр-муҳаббат ва у етган улуғ мартабага ишора қилади.

Ашъас ибн Шуъба Миссисий шуларни айтиб берган: “Ҳорун ар-Рашид Раққага келди. Одамлар кавушларининг иплари узилиб, йиртилиб кетишига ҳам қарамай, Абдуллоҳ ибн Муборакнинг ортидан югуришарди. Чанг-тўзон кўтарилди. Ҳорун ар-Рашиднинг онаси қасрдан туриб бу ҳолатни кўрди ва:

Нималар бўляпти? – деб сўради.

Хуросонлик бир олим келганлар, исмлари Абдуллоҳ ибн Муборак, – дейишди. Ҳоруннинг онаси:

Аллоҳга қасамки, ҳақиқий подшоҳлик мана шу. Миршаблар ва амалдорлар билан одам тўплаган Ҳоруннинг подшоҳлиги бунинг олдида ҳеч нарса эмас, – деди”.Абу Наъим Асбаҳонийнинг “Ҳулятул авлиё ва табақотул асфиё” китобида Ибн Муборакнинг сийратлари, маноқиблари ва айтган сўзлари батафсил баён қилинган. Бир ривоятда айтиладики, Абу Ҳанифа ундан тақводорлигининг бошланиши ҳақида сўрайди. Ибн Муборак буни шундай ҳикоя қилиб беради: “Боғда дўстларим билан бирга кечгача еб-ичиб ўтирдик, мен танбур ва уд чалишни яхши кўрар эдим, сўнгра саҳаргача ухлаб қолдим. Тушимда бошим тепасидаги дарахт устида ўтирган қушни кўрдим. У қуш менга: “Имон келтирганлар учун диллари Аллоҳнинг зикрига ва нозил бўлган ҳаққа мойил бўлиш, илгари китоб берилган, сўнг муддат ўтиши билан диллари қотиб кетганларга ўхшамаслик вақти келмадими?! Уларнинг кўплари фосиқдирлар!” (Ҳадид сураси, 16) оятини айтиб берди. Мен: Ҳа шундай деб, сесканиб ўзимга келдим ва удимни синдирдим. Сўнгра олдимдаги чолғу асбобларни ёқиб юбордим, мана шу тақводорлигимнинг бошланиши эди”.

Ибн Муборакнинг Хуросон, Куфа, Басра, Мадина, Макка ва Шомда истиқомат тутган тақводор, покдомон, зоҳид, фозил, шайхларга шогирд тушиши унинг зоҳидлик ҳаётига катта таъсир кўрсатди. Унинг зоҳид ва муҳаддис бўлиб етишишида сезиларли таъсир кўрсатган улуғ шайх зоҳидлик, тақводорлик ва ҳадис илмида мўминлар амири бўлган олим Суфён Саврийдир.

Муҳаммад ибн Мусаннога Абдуллоҳ ибн Синон қуйидагиларни айтган экан: “Ибн Муборак ва Муътамир ибн Сулаймон билан Тарасусда эдим. Бирдан жарчи: “Душман...” деб жар солди. Ибн Муборак одамлар билан чиқдилар. Икки томон сафланганида бир румлик чиқиб, яккама-якка олишувга одам чорлади. Бир киши чиқди, румлик қаттиқ курашиб, уни ўлдирди. Шу тарзда олти мусулмон шаҳид бўлди. Сўнгра у икки саф ўртасида гердайиб юриб, ўзига яна рақиб талаб қила бошлади. Юраги дов бериб, ҳеч ким унга рақиб бўлиб чиқавермади. Ибн Муборак менга юзланиб:

Эй фалончи, мабодо мен ўлдирилсам, у-бу ишларни қиласиз, – дедилар. Сўнгра уловларини тез ҳаракатлантириб ўртага чиқдилар ва ўша румлик билан олишиб кетдилар. Чамаси бир соатча олишиб, румликни ўлдирдилар ва бошқа рақиб талаб қилдилар. Иккинчи киши чиқди, уни ҳам ўлдирдилар. Шу тариқа олти ёғийни ўлдирдилар ва яна рақиб талаб қилдилар. Рақиблардан ҳеч кимнинг юраги дов бермади. Ибн Муборак уловларини югуртириб, икки саф орасидан ўтдилар-да, кўздан ғойиб бўлдилар. Биз нима бўлганини сезмай қолдик. Қарасам, у киши ўз жойларига келиб турган эканлар. Менга қараб:

Эй Абдуллоҳ (ибн Синон), агар менинг тириклигимда бу воқеа тўғрисида бирор кимсага оғиз очсанг, – деб, баъзи сўзларни айтдилар”.

Бир киши Ибн Муборакка:

Менга насиҳат қилинг? – деганида у киши:

Ортиқча назарни тарк қил, намоздаги хушуни қўлга киритасан. Ортиқча сўзни тарк қил, ҳикматга муваффақ бўласан. Ортиқча овқатни тарк қил, ибодатга мушарраф бўласан. Одамларнинг айбларини қидиришни таркқил, ўз айбингни билишга киришасан. Аллоҳнинг зотига шўнғишни тарк қил, шубҳа ва ишончда эҳтиёткор бўласан, – деб жавоб бердилар.

Абдуллоҳ ибн Муборак ҳақида бундай ривоят бор у киши Шом шаҳрида ҳадис ёзаётган эди, ёзаётган қалами синиб қолиб, бир кишидан қайтариб бериш шарти билан қаламини олди. Ёзиб бўлгач, қайтариш ёдидан кўтарилиб, қаламдонга солиб қўйди. Марв шаҳрига келганида қаламни кўриб қолди ва уни қайтаришни унутгани ёдига тушди. Сўнг қаламни эгасига етказиш учун яна Шом сафарига отланди.

Бир куни Ибн Муборакдан бир гадой пул сўраган эди, у бир дирҳам эҳсон қилди. Дўстлари:

Бу гадойлар қовурилган гўшт ва ширинликлар, ноёб таомларни истеъмол қилишади. Унга бу пулнинг бир қисмини берсангиз ҳам, кифоя қилар эди, – дейишди. Шунда Ибн Муборак:

Аллоҳ ҳаққи, улар кўкат ва нондан бўлак бирор таом йейишмайди деб ўйларканман. Агар улар ширинлик ва гўшт ейишса, унда уларга бир дирҳам етмас экан, деди ва ўз хизматкорларидан бирига: Гадойни қайтариб келгин-да, унга ўн дирҳам бер, деб буюрди.Абдуллоҳ ибн Муборак шундай ҳикоя қилади: “Бир йили Маккада қурғоқчилик бўлди. Халқ уч кунгача истисқо (ёмғир сўраш) намози ўқиди. Аммо ёмғир ёғавермади. Ўзим ёлғиз дуо қилай деб халқдан четландим ва бир ғорга кирдим. Бир пайт бир ҳабаш қул кириб, икки ракат намоз ўқишга киришди. Ғор қоронғи бўлгани учун у мени кўрмади. Қул бошини саждага қўйганича, “Илоҳим, бандаларинг уч кун ёмғир сўрашди, бермадинг. Сенинг иззатинг ҳаққи, ёмғир юбормагунингча бошимни саждадан кўтармайман”, деб дуо қилди. У ҳали бошини кўтармай туриб, ёмғир қуя бошлади. Кетаётганида унинг ортидан эргашдим. Бир ҳовлига кириб кетди. Бир оздан сўнг ҳовлидан бир киши чиқиб келди. Мен унга қул сотиб олмоқчилигимни айтдим. Уй эгаси менга бир қулини кўрсатди. Бошқасини сўрадим.

Яна биттаси бор-у, сал дангасароқ, сизга тўғри келмайди, – деди уй эгаси. У ўша қул эди. Мен уни йигирма динорга сотиб олдим. Шунда қул менга:

Эй Ибн Муборак, мени нега сотиб олдингиз? Мен сизга хизмат қила олмайман, – деди. Уни уйга олиб келдим. У таҳорат қилмоқчи бўлди. Таҳорат олгач, намоз ўқиди. Саждага борганида нимадир деб пичирлади. Сўзини эшитиш учун яқинроқ бордим. У: Эй Сирлар соҳиби, сир фош бўлди, мен танилиб қолганимдан кейин ортиқ яшашни истамайман деб илтижо қилаётган экан. Сўнг, бир муддат жим бўлиб қолди. Қарасам, ўлган экан...” Абдуллоҳ ибн Муборак нафақат мусулмонларга, балки мусулмон бўлмаган бошқа дин вакилларига ҳам яхшилик қилардилар. Хоразмий “Муфидул улум” китобида ушбу воқеани келтиради: “Абдуллоҳ ибн Муборакнинг яҳудий қўшниси бор эди. У уйини сотмоқчи бўлди. Ундан уйни қанчага сотмоқчилигини сўрашганида, икки мингга сотишини билдирди. Унга:

Уйингнинг баҳоси бир минг туради, – дейишди.

Тўғри, лекин минги уй учун, қолган минги Абдуллоҳ билан қўшни бўлиш учун, – деди. Ибн Муборакка бу хабар етгач, қўшниларини чақирдилар ва уйнинг пулини бериб:

Уйни сотмагин, – дедилар”.

Бу воқеадан шундай ибрат чиқади: яҳудий бир киши Ибн Муборакдек яхши қўшниси борлиги учун уйининг баҳосини икки барабарга баҳолади. Ибн Муборак эса, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қўшничилик ҳақидаги: “Аллоҳ наздида қўшниларнинг яхшиси қўшнисига яхши бўлганидир”, деган ҳадисларига мувофиқ иш тутдилар.

Мовароуннаҳрнинг улуғ олими Абдуллоҳ ибн Муборак бир неча йил Марвда дарс берган эди. Феъли бузуқ бир одам ҳам ҳузурларига келиб турарди. Бу кимса бир куни Марвдан кетиб қолди. Абдуллоҳ ибн Муборак бундан жуда афсусланди.

Нега унинг кетганидан афсусланяпсиз? – деб сўраганларга, Ибн Муборак армон билан шундай жавоб берган эди:

У биздан айрилиб кетди-ю, аммо ёмон феълидан айрилмади. Агар яна бироз вақт қаторимизда юрганида, балки хулқи тузалармиди…

Аллоҳ таоло Абдуллоҳ ибн Муборакка баланд мартаба ато қилган эди. Вафот топганида бир киши тушида у зотни кўрди ва:

Аллоҳ сизга қандай муомала қилди? – деб сўради.

Абдуллоҳ ибн Муборак:

Аллоҳ таоло мени мағфират қилди, фазлига олиб, улкан марҳамат кўрсатди, лекин менга уйимнинг рўпара- сидаги темирчига берилган мақом насиб бўлмади, – деди. Киши уйқудан уйғонди, дилида темирчининг кимлиги ва қандай қилиб Абдуллоҳ ибн Муборакка берилмаган нарса унга берилганини ўйлаб қолди ва ибн Муборакнинг маҳалласига борди. Суриштириб кўрса, ҳақиқатда у кишининг уйи рўпарасида бир темирчи бўлиб, у ҳам вафот этган экан. Бориб, темирчининг хотинидан:

Эрингиз нима қилар эди? – деб сўради ва тушида кўрганларини айтиб берди. Аёл:

Эрим темирчи эди, кун бўйи ишлар, кечаси эса ухларди. Кечаси Абдуллоҳ ибн Муборакнинг таҳажжуд ўқишига ҳаваси келиб, ҳасрат қилар:

Биз ҳам кенгчиликда бўлганимизда, мен ҳам туни билан таҳажжуд ўқир эдим, – дер эди. Яна у ишлаётганида қулоғига азон товуши эшитилса, мабодо болғасини тепага кўтарган бўлса, шуни уриб қўяйин, демасди. Ўша заҳоти болғасини пастга туширар ва: “Азонни эшитганимдан кейин менга болғани ушлаб туриш ярашмайди”, дер эди ва масжидга қараб кетар эди, – деди.

Туш кўрган киши: Абдуллоҳ ибн Муборакдан ҳам мартабасининг юқори бўлишига шу нарса сабаб бўлган экан-да”, деди.Ибн Муборак хулқ-одобда, муомалада ва мусулмонларга яхшиликни раво кўришда, насиҳат қилишда намуна эди. Ҳар гал Қуръони каримни хатм қилганида, барча мусулмонларни баравар дуо қилар, уларни насиҳатдан ибратланишга чорлар эди. У кишидан:

Амалларнинг қайсиси афзал? – деб сўрашса,

Аллоҳ учун холис қилингани, – деб жавоб берарди.

Яна:

Замонамизда насиҳатни очиқ қалб билан қабул қилиб оладиган бирор-бир киши қолганини билмайман,

дер эди. Шу сабабли ҳам, ниҳоятда илтифот ва меҳрибонлик билан насиҳат қилар, дўстлари берган ҳадяларни қабул қилиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам каби уларга ҳам совға берарди. Дўстлари, яқинлари билан бирга ўтирганда, уларга ниҳоятда эътиборли бўлар, яхшилик ва эҳсонлар қилар, – “Нарсаларнинг энг лаззатлиси дўстлар билан ҳамсуҳбат бўлиш, кифоя қиладиган миқдорга қаноат қилиш ва Аллоҳ йўлидаги доимий дўстлик,” дер эдилар.

Ибн Муборак дўстларини ҳурматлаб, улар ҳақида:

Ким дўстлик, оға-инилик муносабатларига енгил-елпи қараса, уларни менсимаса, мурувватидан айрилади, дер эди. Ўзи билан ҳамсуҳбат бўлган ҳар қандай кишига яхшилик илинар, уни тўғри йўлга солиш учун ҳаракат қилар, бунинг уддасидан чиқолмаса, қаттиқ афсусланар эди.

Алий ибн Фузайл шуларни айтиб берган: “Отам ибн Муборакка:

Сиз бизни зоҳид бўлишга, камига қаноат қилишга, бори билан кифояланишга ундайсиз. Лекин ўзингиз тижорат қиласиз. Буни қандай тушунса бўлади?! – дедилар. Абдуллоҳ ибн Муборак:

Эй Абу Али, мен юзим ёруғ бўлиши, шаънимни сақлаш, Раббимнинг тоатига мадад бериши учун тижорат қиламан, – дедилар. Отам:

Эй ибн Муборак, агар тижорат ҳалол бўлса, қолганлари ҳам ҳалол бўлади, – дедилар”.

Абдуллоҳ ибн Муборак раҳматуллоҳи алайҳнинг хулқи шунчалар гўзал эдики, у кишининг ўзи бирор айб иш қилмасликдан ташқари, уни бошқалар томонидан қилинишига ҳам қаттиқ қарши турарди. Айниқса, ғийбатга асло йўл қўймас эди. У киши: “Кимдир бировни ғийбат қилиб қўйса, ғийбат қилганини унга айтмасин, балки Аллоҳ таолодан мағфират сўрасин”, деб таъкидлашдан чарчамасди. Абдуллоҳ ибн Муборакнинг мажлисида биров имом Абу Ҳанифани ғийбат қилди. Абдуллоҳ ибн Муборак: – Эй одам, сен нима учун имомнинг айбларини баён қиляпсан? У киши қирқ беш йил давомида бир таҳорат билан беш вақт намозни адо қилган, – деб унга танбеҳ берди.

Ибн Муборакнинг фазлини оширадиган хислатларидан бири у кишининг ҳар бир ишда ниятни тўғри ва пок қилишлари эди. У киши амалдан кўра ниятга кўпроқ эътибор қаратардилар. Ибн Муборакнинг шундай насиҳатлари ҳам бор: “Қанчадан қанча кичик ишлар борки, пок ният ўша арзимас ишни буюклаштиради. Қанчадан-қанча буюк ишлар борки, ният унинг қадрини тамоман тушириб юборади. Ният буюк ишлардан бўлиб, у қалбий ибодатдир. Уни тилга чиқариш шарт эмас. Ниятга қараб бандаларнинг амаллари орасида фарқ бўлади. Масалан, бир киши фақат намоз ўқиш ниятида таҳорат қилади. Иккинчи одам эса, намоз ўқиш нияти ҳамда Ал- лоҳ буйруғига бўйин эгиш мақсадида таҳорат қилади. Учинчи киши намоз ўқиш нияти, Аллоҳ буйруғига бўйин эгиш ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг таҳоратдаги суннатларини татбиқ қилиш ниятида таҳорат қилади. Тўртинчи одам намоз ўқиш нияти, Аллоҳ буйруғига бўйин эгиш, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг таҳоратдаги суннатларини татбиқ қилиш ва гуноҳларига каффорат бўлиши ниятида таҳорат қилади. Мазкур тўрт киши бир хил таҳорат қилишди, барининг таҳорати ҳам тўғри. Лекин ибодатга қалби билан бери- либ ният қилишидаги савоб даражаси тафовут қилади. Аҳли илмлар баланд даражага кўтарилишларининг сабабларидан бири шуки, улар энг улкан ажрларни қандай қилиб қўлга киритишни билишади. Шундай экан, ниятларингизни янгидан бошланг, Аллоҳ таоло учун амалга ошираётган ибодатларингизни қалбингиз билан ҳис қилинг, шунда ажр ва савоблар зиёда қилиб берилади”.

(давоми бор)

Аҳмад Муҳаммад Турсуннинг "Дунёни тебратган етти буюк" китобидан олинди

«Azon kitoblari» нашриёти

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Украинадаги вазият ва Путиннинг Марказий Осиёга ташрифи

463 21:50 01.07.2022

ИВВ Нукусдаги вазият ҳақида ахборот берди

771 21:45 01.07.2022

Нажосатлар ва уларни поклаш ҳақида (давоми)

179 21:30 01.07.2022

Турк тадбиркорлари Ўзбекистонга қайтмоқда

272 21:00 01.07.2022

Хотира

295 20:30 01.07.2022

Стэнли кубогини олган биринчи мусулмон хоккейчи

250 20:00 01.07.2022
« Орқага