Telegram каналимизга аъзо бўлинг
Иймон

Абдуллоҳ ибн Зубайрни йиғлатган мактуб

2504

Абдуллоҳ ибн Зубайр (Аллоҳ у кишидан рози бўлсин)нинг Мадинада бир экинзори бўлиб, у Дамашқдаги халифа Муовия ибн Абусуфён (Аллоҳ у кишидан рози бўлсин)нинг экинзорига қўшни эди.

Бир куни Ибн Зубайрнинг экинзорига Муовиянинг ишчилари кирди. Олдин ҳам бундай ҳолат бир неча марта рўй берганди. Шундоқ ҳам улар орасида адоват бор эди. Шунинг учун бу ҳолатдан ғазабланиб, Дамашқдаги Муовияга шундай хат ёзиб юборди:

"Абдуллоҳ ибн Зубайрдан "жигарларни еб юрган" Ҳинднинг ўғли Муовияга. Сенинг ишчиларинг экинзоримга киришяпти. Уларга айт, чиқиб кетишсин. Акс ҳолда, Аллоҳга қасамки, сен билан бошқача гаплашаман".

Хат Муовияга етиб борди. У мулойим одам эди. Хатни ўқиб, ўғли Язидга:

- Менга таҳдид қилаётган бу одам ҳақида нима дейсан, - деди. 

- Унинг устига қўшин тортиб, калласини олдиртириб келинг, - деб жавоб берди Язид. 

- Аксинча, уни "солиҳ ва меҳрибон"га айлантирайлик.

Шу билан Абдуллоҳ ибн Зубайрга қуйидаги мактубни ёзди:

"Абусуфён ўғли Муовиядан "икки белбоғ соҳибаси" Асмонинг ўғли Абдуллоҳ ибн Зубайрга. Аммо баъд...

Аллоҳга қасамки, ўртамиздаги нарса бутун дунё бўлса ҳам уни сизга бериб юборардим. Экинзорим Мадинадан Дамашққа қадар чўзилган тақдирда ҳам уни сизга тортиқ айлардим. Шу мактубим етиб борган заҳоти экинзоримни экинзорингизга, ишчиларимни эса ишчиларингизга қўшиб олинг. Зеро, Аллоҳнинг жаннати еру осмонлар кенглигичадир".

Ибн Зубайр мактубни ўқиб шу қадар йиғладики, кўз ёшларидан соқоллари ҳўл бўлиб кетди. Дамашққа Муовиянинг олдига бориб, унинг бошидан ўпди ва, сизни Қурайш ичра мана шу мақомга юксалтирган мулойимлигингизни Аллоҳ аритмасин, деди...

Арабчадан Муқим Маҳмуд таржимаси

P.S. Асмо бинти Абу Бакр “зун нитоқайн - икки белбоғ соҳибаси”... (Ҳижрат куни белбоғини иккига бўлиб, бири билан Расулуллоҳнинг егулик идишларини, бошқаси билан сув идишларини боғлагани учун шундай шарафга эришган) эди.

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Ҳолвапаз нега йиғлади?

2471 08:30 15.04.2020

Аллоҳдан қўрқиб йиғлаш боби

1985 00:00 27.08.2019
« Орқага