Чоршанба маҳаллий вақт билан соат 00:54'да Афғонистон пойтахти Кобул жанубидаги Хост шаҳри яқинида содир бўлган 5,9 баллик зилзила қурбонлари мингдан ошди, жароҳатланганлар эса 1,5 мингдан кўп.
Зилзила эпицентридаги Гаян туманида 1800'га яқин уй вайрон бўлган, яраланганлар Шарон, Пактика ва Ургун касалхоналарига ётқизилган.
БМТ ва Европа Иттифоқи жабрланган жамоаларга фавқулодда ёрдам таклиф қилмоқда: "Идоралараро баҳолаш гуруҳлари аллақачон зарар кўрган бир қатор ҳудудларга жойлаштирилган", - деб ёзади БМТнинг Афғонистондаги Гуманитар масалаларни мувофиқлаштириш бошқармаси.
Европа Иттифоқининг Афғонистон бўйича махсус вакили Томас Никлассон Twitter'да шундай деб ёзди: "Европа Иттифоқи вазиятни кузатмоқда ҳамда Иттифоқ жабрланган одамлар ва жамоаларга фавқулодда ёрдам кўрсатишни мувофиқлаштиришга тайёр".
UNICEF ташкилоти Гаян туманига 12 нафар тиббиёт ходимидан иборат гуруҳни, Пактика вилоятидаги Бармал тумани ва Хост вилоятининг Спера туманига бир нечта мобиль соғлиқни сақлаш ва озиқ-овқат гуруҳларини юборган.
Толибон етакчиси Ҳибатуллоҳ Охундзоданинг айтишича, юзлаб уйлар вайрон бўлган, қурбонлар сони яна ортиши мумкин. Қутқарув гуруҳлари бинолар остида қолганларни қидиришда давом этмоқда, дея қўшимча қилди у.