Дунёда айрим муаммоли можаро ўчоқлари борки, деярли ярим асрдан бери ўчмайди. Гоҳ ёнади, гоҳ тутаб ётади. Заҳматкаш афғон диёри ҳам шундай “ўчоқ”лардан бири. Бу ерга тикилган пулларнинг, тўкилган қонларнинг, ишлатилган қуролларнинг ҳисобини олиш қийин. Аввал янгиликларни қарасангиз, Афғонистон ҳақида ҳеч бўлмаса битта хабар берилган бўларди.
Лекин охирги пайтларда бу мавзу бироз унутилгандек туюлмоқда. Ҳатто халқаро ёрдам ёки Афғонистонда тинчлик ўрнатиш борасидаги музокаралар борасида ҳам жим-житлик чўккан, гўё. Толибларнинг бу давлатни деярли тўлиқ назоратга олгани боисми, Халқаро ҳарбий контенгентнинг Афғонистондан чиқиб кетиши туфайлими, буниси номаълум. Каттароқ эҳтимолга кўра, Афғонистон қайғуси Россия-Украина урушининг соясида қолиб кетаётган бўлиши ҳам мумкин. Худди суяк синган пайтда эски буйрак оғриғи бир муддат унутилгани каби.
AzonTV да эфирга берилган «Фикрат» таҳлилий кўрсатувининг навбатдаги сонига эксперт сифатида таклиф этилган сиёсатшунос Фарҳод Толипов билан ана шу масалага ҳам баҳо бериб ўтилди.
- Ҳозир бутун дунё қайнаяпти, - дейди сиёсатшунос. – Бармоқ билан хаританинг исталган жойига боссангиз, бирор ўткир ёки энди авж ола бошлаган ёхуд ҳали кўринмас, лекин “газак” олаётган можаро борлигини кўрасиз. Деярли ҳамма жой нотинч ҳозир. Шундай вазиятда Афғонистон масаласи унутилдими, деб сўрасангиз, йўқ, унутилмаган, деб айтган бўлардим. Фақат ўзимизнинг эътиборимиз Украина ва Кавказорти ҳудудларида, Сурия ва Европага чалғиётгани боис бизга шундай туюлиши мумкин. Шу боис “Афғонистон муаммоси иккинчи даражага тушиб қолди, Украина соясида қолиб кетди”, дейиш ҳақиқатга тўғри келмайди. Йўқ, Афғонистон ҳали ўзини эслатади. Чунки Афғонистоннинг ҳукумати тўлалигича ҳокимиятни эгаллай олмади. Чунки, аввало, ҳали халқаро ҳамжамият уни ҳукумат сифатида тан олгани йўқ. Бирлашган Миллатлар Ташкилотида унга ўрин берилмаган. Афғонистоннинг молиявий активлари ҳалигача музлатилган ҳолда турибди. Афғонистон ҳукуматига қайтариб берилмаган. Бундан албатта Толибон ҳаракати норози. Қолаверса, Толибон ўтган йили август ойида берган ваъдасида турмади – инклюзив ҳукумат тузмади. Янги ҳукуматда ҳамма аҳоли гуруҳлари ва сиёсий қатламлари тамсил этилмаган, дейди сиёсатшунос Фарҳод Толипов.
Бошловчи Ғайратхўжа Сайдалиев масалага янада ойдинлик киритиш мақсадида “халқаро ҳамжамият Афғонистонга ёрдам бергиси келяптими ўзи” деган саволни ўртага ташлади.
Дарҳақиқат, ҳеч бир тузилма Толибонга бундай таклиф билан чиққани йўқ. Ёки сиёсий маслаҳат бериш борасида ҳам халқаро ҳамжамият “жим” қолмоқда. Фақат воқеалар аввалида Туркия ва Қатар аэропортни бошқаришда ўз ёрдамини таклиф қилганди, холос. Шунингдек, Ўзбекистоннинг афғон темир йўлларини қуриш ва ривожлантириш борасидаги кўмаги ҳам бундан мустасно. Булар ҳаммаси иқтисодий йўналишга оид. Бироқ сиёсий консультациялар ва тавсия-таклифлар масаласи ҳамон очиқ қолмоқда.
- Афғонистон бу борада жуда ночор аҳволда турибди. Гуманитар ёрдам борасида ҳам жиддий таклифлар йўқ. Толибоннинг ўзи ҳам бундай ёрдам сўрамаяпти. Қолаверса, бундай маслаҳатчиларни таклиф ҳам қилаётгани йўқ. Бироқ ҳаммасини вақт кўрсатади. Чунки ҳозирга келиб, сиёсий воқелик биз кутганимиздан кўра тезроқ ва биз кутмаган томонга ўзгариб кетмоқда, дейди сиёсатшунос Фарҳод Толипов.