Афғонистон ғарбидаги вилоят маркази Ҳирот шаҳрида шанба куни кечқурун микроавтобус портлаши оқибатида етти киши ҳалок бўлди, яна ўн киши жароҳатланди, дея хабар беради маҳаллий ҳукумат.
Афғонистон давлат ахборот агентлиги Бахтар Ҳирот касалхонаси бош шифокори Муҳаммад Ориф Жалолийга таяниб, ҳалок бўлганларнинг тўрт нафари ва жароҳатланганларнинг беш нафари аёл эканлигини маълум қилди. Ўн нафар жабрланувчининг барчаси касалхонага ётқизилган.
Афғон матбуотига кўра, фожиа вилоят маркази Ҳожи Аббос маҳалласида содир бўлган. Ижтимоий тармоқлардаги маҳаллий журналистларнинг хабар беришича, жабрланганлар орасида ёш болалар ҳам бор. Қайд этилишича, ярадорларнинг бир қисмининг аҳволи оғир, шу боис қурбонлар сони ортиши мумкин.
Мамлакатда фаолият юритаётган қуролли гуруҳларнинг ҳеч бири содир бўлган воқеа учун жавобгарликни ўз зиммасига олмади.