Telegram каналимизга аъзо бўлинг
Янгиликлар

«Афғонистоннинг музлатилган пулларини қайтариш вақти келди...» – Покистон

883

Покистон Ташқи ишлар вазири Билавал Бҳутто Зардорий Ислом ҳамкорлик ташкилоти Бош котиби Ҳусайн Иброҳим Тоҳа билан Кашмир масаласидан исломофобиягача, Фаластиндан Афғонистонгача, турли минтақавий ва халқаро мавзуларни муҳокама қилди. 

Миллий матбуотда тарқатилган хабарга кўра, Ислом ҳамкорлик ташкилоти Бош котиби Тоҳа ўзига ҳамроҳлик қилган 5 кишилик делегация билан расмий ташриф доирасида Покистон пойтахти Исломободга келди.

Тоҳа дастлаб Ташқи ишлар вазирлигида Билавал Бҳутто Зардорий билан делегациялараро учрашув ўтказди. 

Тоҳа йиғилишдан кейин берган муштарак матбуот баёнотида, Ислом ҳамкорлик ташкилоти Афғонистондаги Толибон бошқаруви билан алоқада бўлиб, халқаро ҳамжамиятнинг, айниқса аёлларнинг таълимини ташвишга солаётган муаммоларга ечим топиш учун ишлаётганини билдирди. 

Тоҳа Толибон Ислом ҳамкорлик ташкилотининг баъзи хавотирларига нисбатан беэътибор эмаслигини айтиб: "Бу очиқчасига осон вазият эмас ва ечим топиш учун улар билан муҳокама қилишда давом этамиз", деди.  

Жамму Кашмир масаласига тўхталиб ўтган Тоҳа Ислом ҳамкорлик ташкилоти ҳар доим Покистоннинг Кашмир бўйича позициясини қўллаб-қувватлаганини таъкидлади.

Афғонистон "қўнғироғи" 

Ташқи ишлар вазири Зардорий ҳам Афғонистоннинг музлатилган 7 миллиард долларлик активларини қайтариш лозимлигини урғулади:

“Афғонистонда гуманитар инқироз кучайиб бормоқда. Шу боис халқаро ҳамжамият бу инқирозни олдини олиш учун Афғонистондаги муваққат ҳукумат билан ҳамкорлик қилиши керак”, деди у. 

Зардорий Ислом ҳамкорлик ташкилотининг Афғонистонда янги ваколатхона очганини олқишлаб, ташкилот Афғонистондаги вазиятни яхшилаш учун тўғри платформа танлаганини эътироф этди. 

“Афғонистондаги вазиятни мураккаб, лекин таслим бўлмаслигимиз керак. Аксинча, биз уларни (Толибон) терроризмга қарши курашга, қизларнинг таълим олиши ва бошқа масалаларга ундашимиз керак”, деди Зардорий.

Фаластинни қўллаб-қувватлаш 

Зардорий Тоҳа билан исломофобия мавзусини муҳокама қилганликларини айтиб, Покистон ташкилотнинг исломофобияга қарши махсус вакил тайинлашини қўллаб-қувватлаганликларини таъкидлади. 

Фаластинликларга қарши янги зўравонлик тўлқинини қоралаган Зардорий Покистон Фаластин халқининг адолатли ишини қўллаб-қувватлашда давом этишини билдирди. 

У, шунингдек, Кашмир масаласига тўхталиб, “Ҳиндистонни Жамму ва Кашмирда инсон ҳуқуқларини энг ёмон поймол қилишда” айблади. 

Ислом ҳамкорлик ташкилоти Жамму Кашмир муаммосига доимий ечим топиш учун дипломатик саъй-ҳаракатларга раҳбарлик қилиши кераклигини айтган Зардорий дунёни Фаластин ва Жамму Кашмир муаммоларини ҳал қилишга чақирди. 

Зардорийнинг қайд этишича, Ислом ҳамкорлик ташкилоти Бош котиби Тоҳанинг минтақага ташрифи Ислом умматининг Жамму ва Кашмир халқи билан ёнма-ён турганини кўрсатиб беради.

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Каховка ГЭСи: қурбонлар ҳақида расмий маълумот берилди

1064 18:12 08.06.2023

Тожик мигрантлари муаммолари, Лавровнинг ташрифи ва ЕОИИ масаласи

1115 15:35 08.06.2023

Ўзбекистон – Истанбулдаги анжуман диққат марказида

737 13:07 08.06.2023

Канада: мусулмонлар мактабдаги  ЛГБТ дарсларига қарши чиқишди

1443 10:32 08.06.2023

Мадина шаҳри 2023 йилги Ҳаж мавсумига тайёр

747 09:49 08.06.2023

Эрон гипертовушли ракета ишлаб чиқарувчи дунёдаги тўртинчи давлат бўлди

1490 15:30 07.06.2023
« Орқага