Греция пойтахти Афинадаги илк расмий масжид ниҳоят ёзда ишга тушиши мумкин, дея ёзади Еkathimerini нашри.
Хабарда айтилишича, келгуси ҳафтада масжид бошқарув кенгашининг йиғилиши бўлиб ўтиши кутилмоқда. Йиғилишда масжид хавфсизлигини таъминлаш, тозалаш ва таъминот хизматлари учун тендер эълон қилинади. Бундан ташқари, масжид ходимлари ва бошқарув кенгаши аъзолари учун хоналар тайёрланади.
Тендер ўтказиш ишлари камида уч ойга чўзилиши эътиборга олинса, масжид ёзгача ишга тушиб қолиши мумкин.
Афинада масжид қурилиши ҳақидаги қарор 2006 йилда қабул қилинган ва бунинг учун давлат бюджетидан 887 минг доллар ажратилган эди. Қурилиш ишлари ўтган йилдагина ниҳоясига етди, 7 июнь куни ҳатто расмий очилиш маросими ҳам бўлиб ўтди, бироқ масжид ишга тушмади.
Греция пойтахтидаги илк расмий масжиднинг минораси ва гумбази йўқ, шунингдек, бу ерда овоз кучайтиргич ҳам ўрнатилмаган. Масжидда бир пайтнинг ўзида жами 350 киши (300 эркак ва 50 аёл) намоз ўқиши мумкин.