2019 йилда Афинада катта қийинчиликлардан сўнг масжид очилди. Аммо шаҳарда қачонлардир кўплаб масжид ва мадрасалар бўлган. Уларнинг айримлари ҳатто ҳозирга қадар сақланиб қолган.
Афина султон Меҳмед Иккинчи томонидан 1456 йилда эгаллангач, тез орада турк шаҳарлари кўринишини ола бошлади. IV асрда минтақада христианлик тарқала бошлангач, шаҳарнинг минг йиллар давомида асосий ибодатхонаси бўлган Парфенон черковга айлантирилган эди. Шаҳар Усмонийлар қўлига ўтгач, Парфенонда черков ўрнида масжид ташкил қилинади. Ҳозирги кунда ушбу масжид ёнида баланд минора билан тасвирланган гравюра етиб келган (минора собиқ черков қўнғироқхонаси ўрнида қурилган).
XVII асрда яшаган турк сайёҳи Эвлия Чалабий Парфенондаги антик ҳайкалчалар ва ёзувлар оқ бўёқ билан қопланганини қайд этган.
1687 йилда Афинага ҳужум уюштирган венецияликлар туркларнинг шаҳардаги барча порохни Парфенонда сақлаганини аниқлайди. Шундан кейин улар минорага ўт очади. Портлаш оқибатида Парфеноннинг катта қисми зарар кўради. Венецияликлар шаҳарни босиб олса-да, бир неча ойдан сўнг уни ташлаб чиқишга мажбур бўлади.
XVIII асрда Греция пойтахти назорати Усмонийлар назоратига қайта ўтгач, улар Парфенонни қайта тикламайди. Унинг ўрнига ибодатхона ўртасида ноодатий гумбазли кичикроқ масжид барпо этилади. У Грециянинг 1829 йилда мустақилликка эришгунига қадар сақланиб қолган. Шундан кейин у янги ҳукумат томонидан бузиб ташланади. Парфенондаги масжид тасвирини XIX асрда Ғарбий Европада тарқалган суратларда кўриш мумкин.
Турк архитектори ва тарихчиси Акрам Хакка Айверди (1899-1984) Афинанинг қуйи қисмида 4 катта ва 7 кичик масжид бўлганини ёзган. Аммо бизгача уларнинг бирортаси етиб келмаган.
Грек археологи А. Хингопулос 1930 йилларда Усмонийлар даврида барпо этилган ёдгорликлар ҳақида ёзган мақоласида Афинадаги уйлардан бирида меҳроб топилганини қайд этган. Бундан ташқари, Афинада яна икки масжид сақланиб қолган. Улардан бири — Фатҳия масжиди бўлиб, у Агора яқинида жойлашган. У унча машҳур бўлмаган, сабаби ҳарбий мақсадда ишлатилган бинолар ичида қурилган. Фақатгина бу иншоотлар бузилганидан сўнг, у шаҳарга кўринган. Масжид минораси вайрон этилганига қарамай, унинг қолган қисмлари анча яхши сақланиб қолган. Фатҳиянинг битта катта марказий ва 4 та кичик гумбазлари бўлган.
Бу масжид Миср қироллиги даврида Грециянинг Қоҳира билан яхши муносабатлари туфайли сақланиб қолган. Грек ҳукумати қирол Фаррухга уни совға қилмоқчи бўлган. Аммо бу амалга ошмагач, Фатҳия лойиҳаси ёпиб қўйилган. Унинг номига қаралса, Афина турклар томонидан иккинчи марта эгаллангач қурилгани тахмин қилинади. Унинг ташқи кўриниши ҳам ўша давр архитектурасини кўрсатади. Агарда у шаҳарнинг биринчи марта эгалланган даврида, XV асрда барпо этилган бўлганда, шубҳасиз, ўта ноёб меъморий ёдгорликка айланган бўларди.
Шаҳарда сақланиб қолган иккинчи масжид 1953 йилда аниқланган ва яхши сақланиб қолган. У Мустафо оға томонидан қурилган ва собиқ бозор майдони бурчагида жойлашган.
Ҳозирги кунда бу масжид қаршисида дўконлар жойлашган. Уни “Олти фаввора масжиди” деб ҳам аталади. Бундан шуни тахмин қилиш мумкинки, ўтмишда унинг қаршисида фаввора бўлган.
Мустафо оға масжиди квадрат шаклда ва бир гумбазга эга. Унинг минораси бузиб ташланган. Масжид эшигига унинг қурилиш санаси ёзилган, бу милодий тақвим бўйича 1763 йилга тўғри келади. Девор нақшлари ва ёзувлари ҳам ўша даврда қурилиш услубларини ўзида жамлаган ва унда “барокко” усулини кўриш мумкин.
Ўтган асрда масжид ҳунармандчилик музейи сифатида ишлатилган ва унинг ҳолати яхши сақланган. У 2014 йилда реставрация учун ёпилган.
Шу тариқа яқин давргача Афинада икки масжид сақланиб қолганини кўриш мумкин.
Бундан ташқари, шаҳарда Усмонийлар давридан сақланиб қолган мадраса ҳам бор. Унга кираверишда ўзига хос безакларни кўриш мумкин. Бу Усмонийлар давридаги бошқа мадрасаларда учрамайди.
Акрополни ўраб турган, уни бўлиб бўлмас қалъага айлантирган қалъа девори Усмонлилар империяси даврида комендантлардан бири томонидан қайта тиклангани айтилган узун мармардаги ёзувлар, гарчи бу тарихий артефакт бўлса-да, ўчириб йўқ қилинган. Бу Греция расмийларининг турк меросига бўлган муносабатини кўрсатади.
Турклар ҳукмронлиги даврида яна бир мудофаа девори бўлган. у шаҳарнинг қуйи қисмини ўраб турган ва унча баланд бўлмаган. Афина кенгайиши билан бу девор ҳам йўқ бўлиб кетади.