Telegram каналимизга аъзо бўлинг
Ахлоқ

Ахлоқус солиҳийн: Дунёнинг ҳақирлиги зуҳдни тақозо этади

429

(1-қисм 2-қисм 3-қисм 4-қисм 5-қисм 6-қисм 7-қисм 8-қисм 9-қисм 10-қисм 11-қисм 12-қисм 13-қисм 14-қисм 15-қисм 16-қисм 17-қисм 18-қисм 19-қисм 20-қисм 21-қисм 22-қисм 23-қисм)

Ҳаққа яқин бандаларнинг олдида дунё­нинг чин ҳақиқати очилиб бўлгандир. Улар дунёнинг қанчалар ҳақир ва арзимас эканлигини яхши биладилар. Шунинг учун унга аҳамият ҳам, эътибор ҳам бермайдилар. Нақл қилишадики, бир гал Али ибн Абу Толиб карамаллоҳу важҳаҳу қабристонга келиб унинг аҳлига юзланган ҳолда дедилар:

– Ассалому алайкум, эй қабр эгалари! Сизга тинчлик-омонлик ва Аллоҳнинг раҳмати бўлсин! Сиз ўз дунёнгиз янгиликларидан хабар берасизми ё биз ўзимизникидан айтайликми?

Бунга жавобан шундай овоз эшитилди:

– Сизга ҳам тинчлик-омонлик ва Аллоҳнинг раҳмати бўлсин! Биздан сўнг нималар бўлгани ҳақида аввал сиз гапириб беринг!

Шунда ҳазрат Али розияллоҳу анҳу давом этдилар:

– Мулкингиз тақсимланди, хотинларингиз эрга тегиб, болаларингиз етим бўлиб қолишди, мустаҳкам уйларингизга душманларингиз кириб, жойлашиб олишди. Бизда шунақа янгилик­лар. Сизда-чи?

 Яна ўша овоз жавоб қайтарди:

– Кафанларимиз адо бўлди, сочларимиз тў­килиб, баданларимиз бўлакларга бўлинди, кўзларимиз, бурунларимиз ёноқларимиздан оқиб тушиб, чириб кетди. Дунёда не қилган бўлсак, бу ерда ўшанга ярашасини топдик, ўзимиздан сўнг қолдирган дунёларимиз учун эса ҳасратдамиз. Қилган ишларимизнинг тутқун­ларимиз.

Фузайл ибн Иёз қуддиса сирруҳу дейдилар:

“Борди-ю менга бутун дунёни қиёмат кунида ҳисобини бермаслик шарти билан таклиф этишганларида ҳам қабул қилмаган бўлардим. Мен учун бу дунё ҳатто ёнидан ўтилганда ҳам кийимни булғаб қўйиши мумкин бўлган бир ўлимтик каби манфурдир!”

Иброҳим Адҳам қуддиса сирруҳу гўшт нархи ошаётганини билиб:

– Арзонлаштиринг, яъни умуман сотиб олманг! – дедилар.

Шундай қилиб аҳли тариқат қуйидаги хулосага келдилар:

“Кимки дунёга муҳаббат ва ҳавас кўзи билан боқса, Аллоҳ унинг қалбидан зуҳд ва яқин (чин ишонч) нурини тамомила олиб қўяди ”.

Абулҳусан Ҳавворий қуддиса сирруҳудан дунё лаззатига кўнгил бермаслик ва ундан қутулиш ҳақида сўраганларида, у зот қуддиса сирруҳу шундай жавоб бердилар:

– Зуҳд – бу дунёга таҳқир кўзи билан қараш ҳамда ундан батамом, охирги ҳаддигача, шараф билан воз кечишдир. 

Ҳурматли жанобимиз, қутбул орифийн Саййид Аҳмад Ҳусайн қуддиса сирруҳу “Ал Иқд ан-нафис” китобида ёзадилар:

“Аллоҳ Мусо алайҳиссаломга деди: “Агар Сенга фақирлик етган бўлса: “Марҳабо, хуш келибсан, эй солиҳлар сифати!” деб кутиб олгин. Агар дунё келганини кўрсанг: “Бу гуноҳларим сабабли шу дунёнинг ўзидаёқ етган бало!” деб ҳисоблагин”.

Ҳадиси шарифда марҳамат этилади:

“Сизлар қаноатли бўлинглар! Чунки қаноат битмас-туганмас бойликдир” (Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган, Имом Табароний ривояти).

Солиҳлардан бирлари дебдилар:

“Қаноат, менинг фикримча, мабодо учраб қолса, яхши пишган ва яхши пишмаган арпа нонини фарқ қилмаслик ҳамда ўшанда ҳам намо­зига қувват бўлгунчалик миқдорда тановул қилиш билан кифояланишдир”. 

Салафи солиҳийн қазо бўлган боласи учун мотам тутиб йиғлаб, қазо бўлган намозию умри учун афсус чекиб йиғламаган инсонни нодон, аҳмоқ деб билган эканлар. Аслида, бундай одам гўё шундай деяётган каби: “Мени Аллоҳимдан чалғитган нарса учун йиғлаяпман”. У, аксинча, бу ҳолдан хурсанд бўлиб, батамом Аллоҳга юзла­ниши керак эди, чунки Парвардигор уни машғул қилиб турган нарсадан қутқариб, Ўзига яқин бўлиш учун имконият яратиб беряпти. 

Дарҳақиқат, болалар, аёллар, хизматкору дўстлар сен ўлиб қолгудай бўлсанг, сен учун йиғламайдилар, балки сендан олишлари мумкин бўлган нарсани йўқотганлари учун йиғлайдилар, холос. Шу сабабли улардан аввалроқ: “Мен учун йиғлашларидан олдин Аллоҳдан олишим мумкин бўлган нарсаларни олиш имкониятини қўлдан берганим сабабли ўзим учун ўзим йиғлаганим яхшироқдир,” деб айтиб, ўзинг йиғла.

Аллоҳ кимнидир ўзига дўстлик шарафи билан эъзозлабдими, албатта, унинг кўзига дунёни хунук қилиб қўяди.

Ҳадисда марҳамат этилибди:

“Бирор-бир қавм йўқки, ораларига дунё аралашиб қолгудай бўлсаю Аллоҳ таоло шу сабаб ўрталарига буғзу адоват солмаган бўлса”.

Бутун дунё бойликлари Ҳақ субҳанаҳу ва таоло наздида пашшанинг қанотича қийматга эга эмас. Буни тушунган киши Аллоҳни таниган солиҳ одамни дунёни тарк этганлиги сабабли мақтаб юрмайди. Чунки барча зоҳидлар ҳиссасига ўша “қанотча” бўлган дунёнинг бир кўзга кўринмас қисмидангина воз кечиш мажбурияти тушган, холос. Шундай арзимас, қимматсиз нарсадан воз кечганни мақташ, аслида ўша воз кечилган нарсанинг, яъни дунёнинг баҳосини оширган, қадрини улуғлаган бўлади. Ҳақнинг хизматида бўлган содиқ ва хос ходимлар гўё 

шундай дейдиларки, “Биз бирор-бир дунё аҳлини то ўша ўзига етган пашша қаноти бўлагини ташлаб, оёқости қилмагунича Ҳақ таоло дарго­ҳига йўлатмаймиз!” Лекин дунёни севувчиларнинг ҳеч бири бунга журъат этолмайди.

Имом Шаъроний қуддиса сирруҳу дейдилар: “Биздан бу дунёнинг арзимас ва вафосиз экан­лигини кўра олишимизни ва ундан кечиб абадий ҳаёт ободлиги учун интилишимиз лозимлиги ҳақида ваъдамизни олишган. Эй менинг қадрдон дўстим, севимли оғам, оладиган ва чиқарадиган нафасларимиз ҳаммаси ҳисобли, унинг энди ошиши ва камайишининг ҳеч иложи йўқдир. Бу дунё абадий ҳаётнинг экинзоридир. Ким экиш вақти ялқовлик қилса, ўрим (хирмон) вақти қайғуда қолади. Аллоҳ таоло марҳамат этадики: “Инсонга ўзи қилганидан бошқа нарса бўлмас” (Нажм сураси, 39-оят).

Шунингдек, ризқу насиба ҳақида ҳам Аллоҳ шундай дейди:

“Ер юзидаги жонзот борки, уларнинг ризқи Аллоҳнинг зиммасидадир. У уларнинг қароргоҳларини ҳам, сақланиб турадиган жойларини ҳам билур. Ҳаммаси очиқ-ойдин Китобда бордир” (Ҳуд сураси, 6-оят).

Аллоҳнинг биз учун кафил ва вакил бўлган нарсаларини қўлга киритишда ошиқча саъй-у ҳаракат қилишимиз, аксинча, буюрган нарсаларини талаб қилиш ва бажаришда ялқовлик ва бепарволик қилишимиз айни нодонлик ва бемаъниликдир. Сенга шу нарса аниқ маълум бўлсинки, нафсоний хоҳиш ва дунё ишлари ҳақида ташвиш чеккан одам бамисоли бир илон тарбият қилувчидирки, оқибат унинг заҳридан ўзи ҳалок бўлади. Ўткинчи дунё ҳаётига муккасидан кетиб, охиратини эсидан чиқарган банда гўё ўлаксага ташланган ит кабидир!

(давоми бор)

"Ахлоқус солиҳийн" китобидан олинди.

Китоб Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича Қўмитанинг 19.12.2019 йилдаги №7231-сонли хулосаси асосида чоп этилган.

«Azon kitoblari» нашриёти

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Украинадаги вазият ва Путиннинг Марказий Осиёга ташрифи

458 21:50 01.07.2022

ИВВ Нукусдаги вазият ҳақида ахборот берди

764 21:45 01.07.2022

Нажосатлар ва уларни поклаш ҳақида (давоми)

177 21:30 01.07.2022

Турк тадбиркорлари Ўзбекистонга қайтмоқда

269 21:00 01.07.2022

Хотира

291 20:30 01.07.2022

Стэнли кубогини олган биринчи мусулмон хоккейчи

250 20:00 01.07.2022
« Орқага