Telegram каналимизга аъзо бўлинг
Ахлоқ

Ахлоқус солиҳийн: Хотиржамлик — таслимиятда

500

(1-қисм 2-қисм 3-қисм 4-қисм 5-қисм 6-қисм 7-қисм 8-қисм 9-қисм 10-қисм 11-қисм 12-қисм 13-қисм 14-қисм 15-қисм 16-қисм 17-қисм 18-қисм 19-қисм 20-қисм 21-қисм 22-қисм 23-қисм)

Банда томонидан намоён этиладиган ёмон одоблардан бири – бу ниманидир Яратгандан беодоблик билан сўрашидир. Парвардигор унинг дуосини ижобат этгандан сўнг одатда кетидан безовталик берувчи кўпгина қийинчиликлар жўнатади. Шунда банда Аллоҳдан ўша берган инъомининг заволини сўрай бошлайди. Борди-ю банда уялиб, Аллоҳдан ҳеч нарса сўрамаган тақдирида ҳам Парвардигор унга ўша неъматларни кутганидан-да зиёдаси билан, муҳими, оқибатини хайрли бўлиш шарти билан берган бўларди. Шу боис, маъқули, сўровда беодоб бўлмаслик. Бу гап фақат ўзи учун Аллоҳдан сўраб дуо қилаётган кишигагина тегишлидир, ўзгалар учун яхшилик сўрашда эса ҳеч қандай чегара йўқ.

Баъзан Аллоҳ таолонинг раҳмати Унинг синовларида яширин бўлгани каби синовлари ҳам гоҳо раҳматида яширинган бўлиши мумкин. Шу маънода кўпгина неъматлар ҳақида ўйлаганимизда унинг замирида қанчалар мусибат борлигини кўришимиз мумкин. Мазкур мусибатларнинг энг ози эса Аллоҳнинг ўша бандадан берган неъматлари ҳаққини бажо келтиришни талаб этишидир. Бу неъматлар ўзларининг шукрларини нафақат тилда, балки дилда адо этишларини ҳамда уларни ўзидан билмай, доимо Аллоҳ таолога нисбат беришларини ва керакли жойларгагина харж этишларини тақозо этадилар. 

Худди шундай, агар биз бошимизга тушган балою кулфатларнинг ҳақиқатига назар соладиган бўлсак, уларнинг замирида қанча-қанча яхшиликлар яширинлигини ҳам кўрамиз. Ахир мусибат бизни ҳилм, шикасталик, меҳру шафқат каби туйғуларга ўргатиб, кибрдан халос этмай­дими?

Парвардигорнинг барча турдаги ибодатларни адо этиш ва илм ўрганишга ундашининг асосий сабаби бизларни тўлалигича ўзига қаратиш учун эди, холос. Пайғамбарлар ва улуғ аҳлуллоҳларнинг нафслари Аллоҳнинг амру таклифларига тўла-тўкис риоя этишлари сабабли ҳилму шикасталикнинг камолига етишиб бўлгандир. Айни шунинг учун ҳам бу мартабадаги кишиларнинг нафси одатий камчилик ва нуқсонлар билан имтиҳон қилинмайди.

Энди қуйидаги ҳол хусусида яхшилаб ўйлаб кўрайлик. Ҳали нафсини яхшилаб покламаган кишининг ўз ибодатлари сабаб кибрланиб, талтайиб қолиши маълум бир ҳолат. Шунда агар Аллоҳ таоло унинг ҳолига раҳм этишни хоҳласа, уни бирор-бир балога, масалан, дейлик, зинога гирифтор этиб, қўшнилар ва танишлар орасида беобрў қилади, боз устига маҳкамадан одам жўнатиб, номини жиноятчилар дафтарига қўшади. Натижада у ўзини бир томчи нопок сувдан ҳам паст ва хор ҳолатда сеза бошлайди. 

Кунларнинг бирида имом Шаъроний қуддиса сирруҳу уйқуларида: “Эй Абдулваҳҳоб! Барча ҳикматлар ва илоҳий китоблар маъносини ўзида жамлаб ифодалаган мана бу сўзларни тингла!” деган овозни эшитдилар. Шунда у зот: “Ҳа, эшитяпман!” деб жавоб қайтардилар.

Айтилди:

“Банда ўзининг қалбини бир нафасга бўлса ҳам бирор-бир ишни бажариш ихтиёри билан банд этмаслиги зарур. Ҳатто навбатдаги оладиган нафасини олиш ва олмасликнинг фикру ихтиёри ҳам унда бўлмаслиги керак. Унинг вазифаси биз унинг қўллари орқали яратаётган амалларга эътибор бериб, уларнинг ҳаққини бажаришга интилмоғидир. Дейлик, бу амал агар ибодат бўлса, у учун Бизга ҳамду сано айтиб, шукр қилмоғи лозим бўлади. Мабодо бу амал гуноҳу маъсият бўлса, у суратда ҳам бу амални тақдир этганимиз учун бизга ҳамд айтиши ва кетидан ўзининг журму итоатсизлиги учун истиғфор қилиши зарурдир. Борди-ю агар ғафлат ва лоқайдликка ўхшаш саҳву хатолар бўлса албатта, ўрнини хайрли амаллар билан тўлдирмоғи лозим. Шундай қилиб сенга қўлларинг орқали яратилаётган амалларда Бизга нисбатан қандай одоб сақлашинг лозимлигини уқтириб қўйдик”.

Бундан шу маълум бўладики, ҳар қандай содир этилган амалнинг ўзига мувофиқ давоси бор экан. Агар кўзга кўринар-кўринмас аъзоларнинг амалларини бир шаҳарга ўхшатадиган бўлсак, бандани гўё унинг дарвозасини назорат қилиб турган бир эшик қоровулига ўхшатишимиз мумкин. Унинг вазифаси дарвозадан кириб чиқаётган ҳар бир амалга ўзига яраша ҳақини бериш, холос. Чин банда ҳар қандай вазиятда ўзининг фаолиятини тўғри баҳолаб, бандалигича қолиши керак.

Ҳар бир камолотга эришган киши нарсаларнинг ўзаро муносабатига соғлом назар билан қарайди. Бу нарсага бир кўз билан қарагувчи баъзи фақиҳ ва муридларнинг ҳолини эса кўзи ожиз кимсага ўхшатиш мумкин. Кимки ўзини бирор-бир амалнинг яратувчиси ҳисоблайдиган бўлса, у ўзини Яратувчига шерик қилиб қўйибди. Аслида эса инсон, дейлик, бирор-бир нарсани ярата олган тақдирида ҳам, албатта, уни катта бир нуқсонлар билан яратган бўлар эди...

Дарҳақиқат, Аллоҳ таоло биздан қандайдир фаолият яратишни ҳеч қачон талаб этмайди. Фақат У: “Буюрганимни бажаринг, уни яратувчи фақат Ўзимман, бошқа ҳеч ким эмас!” дейди.

Бундан келиб чиқадики, банданинг содир этилган гуноҳ учун озор чекиши миқдори маз-кур гуноҳнинг руёбга чиқишига унинг қай даражада алоқадорлигига боғлиқ. Шунинг учун ҳам банда бу жараёнда ўз гуноҳларини арзимас деб ҳисоблаши асло мумкин эмас. Балки оғир дея 

ёндашиши зарур, чунки фақат шундай ёндашувгина инсон қалбига қувват бериб, унинг тайёргарлигини оширади ҳамда самимият пиллапояларидан улуғ “эҳсон” мақомига кўтаради. Айни шу даражада банда содир этган гуноҳларининг Аллоҳнинг чексиз улуғ мағфирати олдида арзимас эканлиги ва бу ерда ҳақиқий Фоил – Яратувчи, Парвардигор эканлигини англаб етади. Аммо бу эҳсон мақомига етишган муҳсинларга тегишли сўздир. Шу боис у биз оддий мўминларни содир этган гуноҳларимиз туфайли чекаётган пушаймону надоматларимиздан жудо қилиб қўймаслиги керак! Акс ҳолда, бу нарса бизни ҳалокатга судрайди.

Аллоҳни таниган одам бирор-бир иш-ҳара­катлар яратилишида ўзини иштирокчи деб ҳисобламайди, аксинча, ўзини Аллоҳ амрларини амалга оширувчи восита бўлган бир вужуддай кўради. Чунки фаолиятлар айни пайтда сифат ҳам бўлиб, фақат тана орқали намоён бўлади. Банданинг аъзоси вужудга келаётган амаллар учун мисоли бир эшик вазифасини ўтайди. Бу ҳам худди одамлар қандайдир бир эшикдан чиқаётганларига ўхшашдир. Ахир бу эшикдан чиқаётган кимсаларни эшик дунёга келтирган эмас-ку! 

Модомики банданинг ўзи Аллоҳнинг яра-тиғи экан, қандай қилиб Унинг иштирокисиз недир ярата олиши мумкин ва боз устига яна бу амалнинг Аллоҳ томонидан қабул қилинишини кутиши мумкин?! Ахир нафслар барча фаолиятлари билан Қодир Аллоҳга тегишли бўлиб, Унинг ҳокимиятидан бир лаҳза ҳам ташқарига чиқа олмайди-ку! Буни англаб етган инсон ўзи орқали амалга оширилган хайрли ишларнинг кўплигидан ошиқча қувониб ҳам кетмайди ва ёхуд уларнинг камлиги сабаб умидсизликка ҳам тушмайди .

Шайх Шозалий қуддиса сирруҳу дейдилар:

“Тушимда қандайдир бир киши билан пирим олдида ўтирардик. Шайхим дедилар:

– Мендан шу тўрт васиятни унутма, уларнинг учтаси сенга хос, биттаси эса мана бу бечорага тегишли:

1. Бирор ишни сен ўзинг учун танлаб олма, яхшиси, танловсизликни танла. Ҳар қандай танловдан қочгин, ҳатто, иложи бўлса, шу қочишнинг ўзидан ҳам қочгин. Ҳамма нарсадан Аллоҳга  қочгин, чунки Унинг ўзи шундай дейди: “Сенинг Парвардигоринг нимани хоҳлаб, ирода этса, ўшани яратади, нимада улар учун яхшилик бўлса (ўшани танлайди)”.

Аллоҳнинг танлови ва ихтиёри – бу ўша унинг шариати ва унинг тартибларидир, бунга сенинг ҳеч қандай алоқанг йўқ. Айни вақтда шариатсиз, яъни Яратганнинг танловисиз ҳеч бир иш қилиб бўлмайди. Унга фақат қулоқ сол ва итоат эт! Агар бу ҳақда сен билан тортишадиган бўлсалар, уларга айт: “Аллоҳ ҳамма қилаётган ишларингни билиб турибди”. 

2. Зуҳд (дунё лаззатларидан тийилмоқ) ва Аллоҳга таваккул сенинг йўлинг бўлсин, зеро, Аллоҳга таваккул ҳар қандай ишнинг бошидир. Аллоҳни гувоҳ тут, сўзингда, ишингда, хулқингда ва руҳий-маънавий ҳолларингда Унга суян!

3. Шубҳалардан, Аллоҳга ширк келтириб қўйишдан, бировларнинг қўлидагини олиш умидида кўз олайтиришдан, шунингдек, нимада бўлса-да, қандай бўлса-да, Аллоҳга эътироз билдиришдан эҳтиёт бўл! Аллоҳга гўё уни кўриб турганингдай ибодат қил!”

Сўнгра шайх ёнимдаги кимсага ишора қилиб давом этдилар:

“Бу бечоранинг икки феъли уни ҳалокатга йўлиқтирди : биринчидан, у ўзига ишониб, ҳар бир ишни фақат чораю тадбир билан амалга оширишга ҳаракат қилди; иккинчидан, Аллоҳнинг охиратдаги инъоми бўлган абадий ҳаётга шубҳа билан қаради. Ҳар қандай ишнинг тадбири ва ташкилидан олдин Аллоҳга юзланиб илтижо этсанг, албатта, унинг мададидан баҳра топасан, Ўзи қулайлаштириб, ҳузур бағишлайди. Шуни эсингда сақлагилки, ўзининг кетидан Аллоҳнинг хавф ва қўрқувини эргаштирувчи гуноҳ зарарли эмасдир. Ризқингни Аллоҳ ҳар қайда муяссар этган бўлса, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам суннатларига мувофиқ, илмингнинг шарофати билан қўлга киритишинг мумкин. То у сени кўтармагунича ўзингча билағонлик қилиб камолот пиллапояларидан кўтарилишга тирмашма, йиқилиб тушасан”.

(давоми бор)

"Ахлоқус солиҳийн" китобидан олинди.

Китоб Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича Қўмитанинг 19.12.2019 йилдаги №7231-сонли хулосаси асосида чоп этилган.

«Azon kitoblari» нашриёти

 

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Ҳасан Басрий: Нечун йиғламайсиз?

166 12:00 20.05.2022

Бу йил янада  кўпроқ ўзбекистонлик ҳажга боради

501 11:25 20.05.2022

Time журнали “Йил одами”ни эълон қилди

522 11:00 20.05.2022

Мисрлик талаба қиз илк марта Қуръонни тўлиқ ҳолда қайта ёзди

249 10:35 20.05.2022

Бугунги жума мавъизаси билан танишинг

856 10:05 20.05.2022

Бир миллиондан зиёд қочқин Украинага қайтди

157 09:40 20.05.2022
« Орқага