(1-қисм 2-қисм 3-қисм 4-қисм 5-қисм 6-қисм 7-қисм 8-қисм 9-қисм 10-қисм 11-қисм 12-қисм 13-қисм 14-қисм 15-қисм 16-қисм 17-қисм 18-қисм 19-қисм 20-қисм 21-қисм 22-қисм 23-қисм)
1. Аллоҳ дейди:
“Огоҳ бўлингким, холис дин Аллоҳникидир” (Зумар сураси, 3-оят).
Бу оятда “Аллоҳ бандаларнинг ибодат вақтида Унга нисбат берган ширкларидан покдир” деган маъно назарда тутилмоқда.
2. Ҳазрат Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам марҳамат этадилар:
“Мусулмоннинг кўнглида нафрат пайдо бўлишига тўсқинлик қилувчи уч нарса бор. Булар: ихлос билан Аллоҳ учун амал қилиш, дин пешвосининг насиҳатини тинглаш, мўминлар жамоати билан бўлишдир” (Абдуллоҳ ибн Мсъуддан ривоят қилинган, Термизий ривояти).
3. Ҳасан розияллоҳу анҳудан ихлос ҳақида сўрадиларки: “У асли нимадир?” У зот айтдилар:
“Мен ихлос ҳақида Ҳузайфа розияллоҳу анҳудан сўрадим: “У асли нимадир?” У зот ҳазрат Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ихлос ҳақида сўраган эканлар: “У асли нимадир?” Ҳазрат Пайғамбаримиз алайҳиссалом ҳазрат Жаброил алайҳиссаломдан ихлос ҳақида сўраган эканлар: “У асли нимадир?” Жаброил алайҳиссалом Аллоҳ таборак ва таолодан ихлос ҳақида сўрабдилар: “У асли нимадир?” Аллоҳ таборак ва таоло:
“Ихлос бу Мени севган бандамнинг қалбига жо этган сирларимдан бир сирдир”, – деб жавоб берибди (Андалусий ривояти).
4. Айтилган эканки:
“Бизларнинг ихлосимиз самимий деб ўйлагувчиларнинг ихлослари аслида самимиятга муҳтождир”.
5. Жунайд қуддиса сирруҳу айтган эканлар:
“Ихлос – бу Яратган билан бандаси орасидаги бир сирдир. У ҳақда на битиб боргувчи фаришта билади, на бузғунчи шайтон огоҳ ва на қайтаргувчи ҳавойи нафснинг хабари бор”.
6. Саҳл қуддиса сирруҳудан сўрадилар:
– Нафс учун энг мушкул нарса нима?
У зот жавоб бердилар:
– Ихлос, чунки нафс ундан ҳеч қандай насиба ололмайди.
7. Баъзилар айтган эканлар :
“Ла илаҳа иллаллоҳ” дегувчилар кўп, лекин уларнинг орасида чин ихлос эгалари кам”.
8. Шунингдек, айтилганки:
“Қайси бир банда чин ихлос ила қирқ кун узлуксиз амал қилса, қалбидан ҳикмат булоқлари отилиб чиқиб, тилида жорий бўлгай”.
9. Солиҳлардан бири шундай деган экан:
“Дунёдаги энг ноёб ва нодир нарса ихлосдир. Риёни қалбимдан илдизи билан қўпориб ташлашга кўп интилдим, аммо у ҳар сафар яна бошқа бир суратда гуллаб-яшнайверарди”.
(давоми бор)
"Ахлоқус солиҳийн" китобидан олинди.
Китоб Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича Қўмитанинг 19.12.2019 йилдаги №7231-сонли хулосаси асосида чоп этилган.