Telegram каналимизга аъзо бўлинг
Ахлоқ

Ахлоқус солиҳийн: Инсонларнинг ҳожатларини чиқармоқ фазилати

362

Эй мусулмонлар, бизнинг мўмин биродар­ларимизга ёрдам ва ҳурмат кўрсатишимиз – бу Аллоҳни улуғлаган ва шарафлаганимиз демакдир. Шу сифат туфайли мўмин киши чин тақво соҳиби бўлиши мумкин. Солиҳлардан Маъруф Кархий Довуд Тои қуддиса сирруҳунинг асҳоб­ларидан бирларининг ўзларига айтган насиҳатларини шундай ҳикоя қиладилар: “Яхши ишларни тўхтатишдан сақлангин, чунки яхши ишлар сени Яратганнинг розилигига яқинлаштиради”. Шунда мен бу яхши ишлар жумласига нималар киришини сўраганимда, у менга шундай жавоб берди: 

“Аллоҳ жалла шаънуҳнинг ибодатида доимо қоим бўлишинг, мўминлар хизматида бўлишинг, уларга яхши насиҳатлар қилишингдир. Одамларнинг энг пасткаши – бир бойнинг олдида хушомад қилиб ўзини ерга урган камбағалдир, одамларнинг энг улуғи эса камбағалларнинг олдида ўзини камтарона тутиб, ҳурматларини сақлаб, хизматларини қилган бой-бадавлат кишидир!”

Солиҳ инсонлар ўтмишда биродарларининг ҳожатларини чиқазиб, ўзларига замондош камбағалларнинг оғирларини енгиллатишга доимо ҳаракат қилиб келган эканлар. Имом Шаъроний қуддиса сирруҳу айтадилар : 

“Мен жанобим Али Хаввос қуддиса сирруҳудан баъзи замонимиз аҳлининг ахлоқий савиялари тушиб кетгани сабабини сўрадим. У зот жавоб бердилар:

“Бунинг асосий сабаби одамларни бир-бир­ларига меҳру муҳаббатли ҳамда оқибатли қилиб турадиган сабабларнинг орадан кўтарилиб қолгани бўлди. Булар ўзаро ҳол-аҳвол сўрашиб, борди-келди қилиш, совға-салом, ҳадялар улашиш, қурбонликлар қилиб кўнгил овлаш ва шу каби бошқа яхши ишлардир”.

Ҳадисда айтилганки:

“Қалбларнинг табиати шундай яратилганки, яхшилик қилгувчиларни севадилар” (Ибн Масъуддан ривоят қилинган, Хатиб Бағдодий ривояти).

Али Хаввос қуддиса сирруҳу оталарининг бундай деганларини айтиб берган эканлар: “Нозик газлама, мовут, кўйлак, оёқ кийим, совун, буғдой, арпа, шакар, асал, қурбонлик гўшти, ширинликлар, аёллар учун ипак рўмолчалар, маҳсилар ва бошқа шунга ўхшаш тирик одамга керак бўладиган нарсаларни сотиб олганимни эслай олмайман. Буларнинг барини ва яна бошқа нарсаларни бизга дўстларимиз ҳадя этардилар”.

Бундан маълум бўлмоқдаки, модомики одамлар бир-бирларига яхшилик қилиб ёрдамлашар эканлар, кўнгилларида меҳр-муҳаббат ортиб, бирлашув пайдо бўлади ва уларга ҳеч қандай мусибат таҳдид сололмайди. Ривоятларга кўра, фалокат ва ғуссалар еру кўк ўртасида то одамлараро жанжал содир бўлгунича муаллақ туради. Қачонки одамлар кўнглига низо ораласа, фалокатлар ёғила бошлайди.

Муридларни ҳатто фикран қоралашдан ҳам тийилмоқ керак! Борди-ю улар сенга “Бизларга яхшилик ва эҳсон қилмайдиган бўлсанг, бизларнинг орамизда юрмагин” дегандай гап қилсалар ҳам, аслида, бу уларнинг молу дунёни севганларидан эмас, балки сени синаб кўрмоқчи бўлганларидандир. Бундан мурод улар сенинг ўзларига нисбатан меҳру муҳаббатинг даражасини текшириб, аниқламоқдир, холос. Афсуски, кўпгина тижоратчи ва бойлар ўзларининг пиру устоз­ларига “Аллоҳга қасамки, сиз бизга мол-мулкимиз, фарзанду аҳлимиздан ҳам азизроқсиз!” дей­дилар-у, мабодо заруратдан бирор динор сўраб қолгудай бўлсалар, ўшани ҳам қизғаниб, аянчли аҳволга тушиб қоладилар. Ўзларининг тарбияткунандаларига нисбатан шундай қизғанчиқ бўлганларидан сўнг ўзгаларга қандай муомалада бўлишлари ҳақида гапирмаса ҳам бўлар. 

Эй биродар, шуни ҳам билиб олингки, уйланиш ва никоҳ тараддудида юрган бир муҳтожни қўлламоқ қуллар озод этиб, ғазотда қатнашмоқдан кўра афзал ва савоблироқдир.

Эй биродар, банданинг чўнтагида минг динор ё ундан ошиқ пул бўлгани ҳолда бирор-бир қудуқ қазимай, бирор-бир фақирни никоҳлантириб қўймай, бирор етимни кийинтирмай, қарздорнинг қарзини тўламай, бирор қўшнининг қалбини овламай бу дунёдан ўтиб кетиши катта мусибатдир, бундан қўрқинг!.. 

Имом Шаъроний дердилар:

“Биздан бирор-бир мусибат ва балога гирифтор бўлганларнинг ғаму ташвишларида ҳамдард ва шерик бўлмоғлигимиз ҳақида аҳдимизни олганлар”.

Ҳазрат Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар:“Мўминлар гўё бир яхлит тан кабидирлар, аъзолардан бири оғригудай бўлса, бутун вужуд уйқусизлик ва ҳарорат билан унга мувофиқатда бўлади” (Имом Шаъроний, “Ал-Баҳрул мавруд фил Мавосиқил уҳуд” асари, 119-бет; Бухорий, “Ал-Адаб”, 1/366, “Роҳматан-нас” боби; Муслимда бошқачароқ лафзда келган, 2586).

Шунингдек, биздан мабодо йигирма ва ундан кўпроқ дақиқага уйимиздан чиққудай бўлсак шундай дейишимиз лозимлиги ҳақида аҳдимизни олганлар: “Аллоҳим, Сенинг илмингга маълумки, агар менинг мана шу йўқлигимда биродарларимдан кимдир ё ўзгалардан бирор-бир киши эҳтиёж ёхуд ҳол-аҳвол сўраб ўйимга келган бўлса, қайтгунимча уни ўша ерда тутиб тургин. Бордию йўлга чиққан бўлса, то етиб келгунича мени ўша жойимда ушлаб тургин!”

(давоми бор)

"Ахлоқус солиҳийн" китобидан олинди.

Китоб Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича Қўмитанинг 19.12.2019 йилдаги №7231-сонли хулосаси асосида чоп этилган.

«Azon kitoblari» нашриёти

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Президент Шавкат Мирзиёев умра ибодатини бошлади

116 01:25 19.08.2022

 "Тарихнинг номаълум саҳифалари"

231 21:05 18.08.2022

Эшикоға беги

283 20:35 18.08.2022

Илм излаб сафар қилишдаги фазилатлари

217 20:05 18.08.2022

Фашистлар Германияси ва советлар ҳамкорлиги

335 19:35 18.08.2022

Ташқи ишлар вазирлиги Кобулдаги портлаш бўйича баёнот берди

301 18:58 18.08.2022
« Орқага