Аслида, инсон нафсига ўзини беадабларча тутиш хосдир. Шунинг учун ҳам у бандага буюрилган ахлоқий меъёрларнинг риоясига қаттиқ қаршилик кўрсатади. Нафс – инсоннинг ажралмас душмани. Ҳазрати Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам марҳамат этадилар:
“Энг қаттол душманингиз — икки томонингиз орасидаги нафсингиздир” (Абу Ҳомид Ғаззолий, “Иҳё улумид дин”, Ажлуний, “Кашфул ҳафа”, Алоуддин Али ибн Муҳаммад ал Ҳазин, Ибн Одилнинг “Тафсири Лубоб” китобида шунга ўхшаш маънода келган).
Шу сабабдан ҳам кимки ўз нафсининг хоҳишлари, ҳою ҳавасларига эрк берса, ўзини ҳалок қилишда нафсига шерик бўлади. Бу ҳақиқатни яхши билган тақводорлар ҳар бир гуноҳ, лоқайдлик, ширк[1], ҳою ҳаваснинг асоси ўз нафсидан мамнун бўлишдан, ҳар қандай тоат, огоҳлик ва ҳаромлардан тийилишнинг асоси эса ўз нафсидан рози бўлмасликдан келиб чиқишини уқтириб ўтганлар.
Аллоҳнинг лутфу эҳсонига умид боғлаб қилинган кичкина амал ўзига ишониб бажарилган кўп (катта) ишдан афзалдир.
Ўз нафсининг асл моҳиятини билиб олган ақлли инсон унинг қанчалик паст, хору залил, ожиз ва ҳалок бўлишга маҳкум эканлигини англаши баробарида ўзини яратган Холиқини Иззат, Бақо, Қудрат,
Азамат ва Улуғ сифатлари билан таний бошлайди. Чунки У ўша нафсни яратган ва уни йўқдан бор қилган Парвардигордир.
Аллоҳ ўз авлиёларига марҳамат қилиб, уларни Ўзига яқин келишга даъват этар экан, улар учун энг қисқа ва қулай йўлни ҳам кўрсатди. Бу йўл эса нафсга қарши бориш йўлидир.
Аллоҳ севикли бандаларидан бирининг тушида шундай марҳамат қилади:
“Ўз нафсингга адоват қил, чунки Менинг салтанатимда ундан бошқа Мен билан тортишадиган яратиқ йўқдир”.
Нафс ҳар доим Аллоҳ таолонинг кибр, буюклик ва одамлар устидан ҳукмронлик каби сифатларини эгаллашга интилиб келади. Ваҳоланки, бундай сифатлар фақат Аллоҳ таолонинг ўзигагина хосдир. Аллоҳ Ўзига нолойиқ барча қусур ва нуқсонлардан покдир!
Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича Қўмитанинг 19.12.2019 йилдаги №7231-сонли хулосаси асосида тайёрланди.
[1] Ширк икки хил бўлади – катта ва кичик ширк. Катта ширк – Аллоҳга ўртоқ, шерик қўшиш. Кичик ширк – ибодат ва фаолиятни Аллоҳ (ризолиги) учун эмас, балки тама ёки ғараз билан, ё хўжакурсинга адо этишни англатади.