Telegram каналимизга аъзо бўлинг
Ахлоқ

Ахлоқус солиҳийн: Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг зуҳдлари

421

(1-қисм 2-қисм 3-қисм 4-қисм 5-қисм 6-қисм 7-қисм 8-қисм 9-қисм 10-қисм 11-қисм 12-қисм 13-қисм 14-қисм 15-қисм 16-қисм 17-қисм 18-қисм 19-қисм 20-қисм 21-қисм 22-қисм 23-қисм)

Аллоҳнинг Расули соллаллоҳу алайҳи ва саллам дунёнинг аввалидан охиригача яшаб ўтган ва яшаб ўтишлари келажакда тақдир қилинган барча зоҳид зотларнинг ҳаммаларидан кўра зо­ҳидроқлари эдилар. Ҳазрат Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламга Тиҳома тоғи катталигича олтин, кумуш, зумрад у киши билан доимо ҳамроҳ юриши шарти билан таклиф этил­ганда ҳам қабул қилмадилар, айтдиларки:

“Йўқ, эй Аллоҳим, мен бир кун оч, бир кун тўқ юришни истайман” (Абу Умома Боҳилий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган, Байҳақий ривояти).

Шунингдек, ҳазрат Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар:

“Менга Уҳуд тоғи катталигича олтин берилганда ҳам мени бу нарса қувонтиролмайди. Мабодо уч кун ўтиб бу бойликдан бир дирҳамча қолгудай бўлса, у ҳам бўйнимдаги қарзимни ўташ учун қолган бўларди, холос ” (Зайд ибн Ваҳбдан ривоят қилинган, Бухорий ривояти).

Ҳазрат Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўзларида дунё бойлигидан нимадир сақлашни хуш кўрмасдилар. Ҳатто Уҳуд тоғичалик олтинлари бўлган тақдирда ҳам барчасини мусулмонларга тарқатиб берган бўлардилар. Ўзларида эса қарзларини тўлашгагина кифоя қи­ладиган миқдорни сақлаган бўлардилар, холос.

Шунингдек, ҳазрат Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам мусулмонлар эътиборини ишқ ҳақиқатига қаратар эканлар, ҳеч бир банданинг кўнгли то Аллоҳ Расули соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг муҳаббати билан лиммо-лим бўл­магунча ва бу севгини бошқа ҳамма нарсага бўлган муҳаббатдан устун қўймагунича имонда камолга етишолмаслигини уқтирардилар:

“Сиздан бирортангиз мен унга ота-онасидан, боласидан ва одамларнинг ҳаммасидан маҳбуброқ бўлмагунимча, мўмин бўла олмайди” (Анас ибн Моликдан икки шайх ва Насаий ривоят қилган).

Шунингдек, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам мусулмонларга дунёнинг муҳаббати инсон қадрини ерга уришини, хўрлаб очкўз қилиб қўйишини атрофлича тушунтириб ўтганлар. Ҳақиқатда, инсон боласининг кўзи дунё бойлигига ҳеч қачон тўймайди.

Жумладан, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар:

“Одам боласи, икки водий тўла мол-дунёси бўла туриб, мол-дунё тўла учинчи водийни орзу қилади. Учинчисини қўлга киритгандан сўнг тўртинчисини тилай бошлайди. Одам боласининг кўзини тупроқдан ўзга нарса тўлдиролмайди” (Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган, Бухорий, Муслим ривояти).

Шунингдек, Аллоҳнинг Расули соллаллоҳу алайҳи ва саллам мўмин киши ўзининг иффату ҳурматини сақлашини, дунёга тўқлик, беҳожатлик ва бепарволик назари билан қарашини яхши кўрар эдилар. Аллоҳнинг Расули соллаллоҳу алайҳи ва саллам яна айтдиларки:

“Чиндан ҳам, садақа одамларнинг кири ва гуноҳларининг ювиндисидир” (Абдулмуталлиб ибн Робиъадан ривоят қилинган, Муслим ривояти).

Ҳазрат Пайғамбаримизнинг бу муборак сўзларида мўмин киши қанчалар олийжаноб, азиз, шарму ҳаёли, ўзгалар қўлига қарамайдиган бўлиши лозимлиги ҳақида ойдин ишоралар бор.

Шунингдек, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам яна таълим берар эдиларки, агар мўмин кишининг назари – кўзи тўқ бўлса, Аллоҳнинг муҳаббатига, одамларнинг муҳаббатига бемалол, осонликча эриша олади. Чунки одамлар ўз қўлларидаги молу дунёдан умидвор бўлган кимсани ҳеч қачон ёқтирмайдилар. Чунончи, марҳамат этдилар:

“Дунёдан зуҳд қил, Аллоҳ севади. Одамлар қўлидаги нарсадан умидвор бўлма, одамлар севишади” (Абулаббос Саҳл ибн Саъидийдан ривоят қилинган, Ибн Можа ривояти).

Шунинг учун илоҳиёт олимлари шундай дейдилар:

“Эй биродар, агар сен қандайдир раҳбар ё ташкилотлар олдида одамларнинг ҳожатларини чиқариб юришни ўзингга ирода қилмоқчи бўлсанг, аввало зоҳидликни – кўзингни тўқ қилишни ўрган, зинҳор номингни маошхўрлар, ­ҳадяю мукофот оладиганлар қаторига қўшиб юрма. Шундагина улар олдида қадринг ошади, ҳайбату салобатинг зиёда бўлади. Бу кўрсатмага амал қилсанг, ишингнинг охири бахайр бўлишини биз кафолатлаймиз”. 

Аллоҳ Ўзининг каломида зуҳднинг қоидасини қуйидагича аниқлаб берди:

“Аллоҳ бирон кишининг ичида иккита қалб қилган эмасдир” (Аҳзоб сураси, 4-оят).

Мазкур оятда бир инсоннинг қалбида ҳеч қачон икки хилдаги муҳаббат, яъни ҳам дунёга ва ҳам Аллоҳга бўлган муҳаббат – розилигига бўлган талабни бирлаштириб бўлмаслиги таъкидлаб ўтилмоқда.

(давоми бор)

"Ахлоқус солиҳийн" китобидан олинди.

Китоб Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича Қўмитанинг 19.12.2019 йилдаги №7231-сонли хулосаси асосида чоп этилган.

«Azon kitoblari» нашриёти

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Украинадаги вазият ва Путиннинг Марказий Осиёга ташрифи

407 21:50 01.07.2022

ИВВ Нукусдаги вазият ҳақида ахборот берди

682 21:45 01.07.2022

Нажосатлар ва уларни поклаш ҳақида (давоми)

151 21:30 01.07.2022

Турк тадбиркорлари Ўзбекистонга қайтмоқда

245 21:00 01.07.2022

Хотира

273 20:30 01.07.2022

Стэнли кубогини олган биринчи мусулмон хоккейчи

239 20:00 01.07.2022
« Орқага