Telegram каналимизга аъзо бўлинг
Ахлоқ

Ахлоқус солиҳийн: Риё шифоси

442

(1-қисм 2-қисм 3-қисм 4-қисм 5-қисм 6-қисм 7-қисм 8-қисм 9-қисм 10-қисм 11-қисм 12-қисм 13-қисм 14-қисм 15-қисм 16-қисм 17-қисм 18-қисм 19-қисм 20-қисм 21-қисм 22-қисм 23-қисм)

Риёдан тўла қутулиш учун кишининг ишончли маънавий раҳбарга – муршиди комилга эҳтиёжи бор, токи у ўзига ихтиёрини топширганларни киши билмас сирли йўллардан Аллоҳни ­таниш (маърифат)га олиб борсин. Бу жуда зарур. Чунки тариқат йўлига кирмаган инсоннинг ўзича қилган ибодатлари орқали даражаси кўтарилмайди, бир жойда нафси билан депсиниб қолади. Агар у самимий ҳолатда тариқатга кирганида эди, барча инсон феълининг холиқи ва яратгувчиси Аллоҳ эканини англаб етган бўлар, ўзининг феъли, амали фақат ташбеҳ ва рамзий-мажозий жиҳатдангина ўзига боғлиқ эканини тушунарди. Натижада у ўз вужудини кимдир томонидан бошқарилаётган ва ҳаракатланишга мажбур этилаётган ускуна сифатида қабул эта бошларди ҳамда фақат Аллоҳгина унинг тана аъзоларига куч бериб, қувватлантираётганли­гини идрок этарди. Ҳазрат Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар:

“Мен умматимнинг яширин ширкдан ўзга бирор-бир амалларидан қўрқмайман. Шуни билингки, яширин ширк – бу амалдаги риёкорликдир” (мазкур ҳадис Муҳаммад Ваҳби Афанди, “Хулосатул баён” тафсир китобида, “Бақара” сурасининг 264-ояти тафсирида келтирилган; Шаддод ибн Авсдан Ибн Можа ривоят қилган ҳадисда ҳам яширин ширк ҳақида сўз борган).

Риё (хўжакўрсин)нинг шифоси мушкул иш. Чунки бу сифат инсон қалбига қоришиб, илдиз отиб кетган. Бу сифатнинг халқ орасида гўё оддий  одатий ҳолга айланиб қолгани уни даволашни қийинлаштиради. Кўрадики, ҳамма ўз амалини кўз-кўз қилган, яхши кўриниш учун кимдир кимни мақтаган ва шунга ўхшаш. 

Имом Шаъронийдан нақл қилишади:

“Ибодатга машғул ҳар ким Аллоҳдан бошқа У рози бўлмайдиган ниманидир мақсад қилиб олиш жиҳатидан бир неча тоифага бўлинади:

1. Ўз илми, яхши иш-фаолияти билан одамлар кўнглидан жой топишни, шуҳрат ва ҳурматга эришишни, жамиятда юксак мақом ва обрў қозонишни ният қилиб ҳаракат этувчилар.

2. Илми, амали ва ибодати билан ўз даражасини юксалтиришни, кароматлар содир этишни, дунёда рўй бераётган воқеаларга таъсир кўрсатишни, сув устида юришни, ҳавода учишни, илми асрорга соҳиб бўлишни ҳамда шунга ўхшаш нарсаларга эришишни ният қилиб олган кимсалар. 

3. Ўз илми ва фаолиятидан дунёвий мақсад ва манфаат кўзламай, фақат жаннатдан жой олишни, гўзал жаннат қизлари, ҳурлар ва бошқа абадий ҳаёт неъматларига эга бўлишни истовчилар.

4. Ўз илми ва фаолияти воситасида дўзах олови­дан, қиёмат кунидаги жазо ва ҳисоб-китобдан сақланишни истовчилар.

5. Ўз илми ва фаолияти орқали Аллоҳга яқин бўлишга, Унинг розилиги ва ишқига эришишга ҳаракат қилувчилар.

6. Ўз илми ва фаолиятидан Аллоҳнинг ҳақи­қий ибодатга лойиқ Ягона Зот эканини англашдан бошқа ҳеч нарса истамайдиганлар. Бундай зот ўз куч-қувватига таянмайди, балки барча 

фаолиятини, ибодатларини чин кўнгилдан, самимий, ихлос билан адо этишга интилади. У ўзини Аллоҳнинг буюрган ибодатларини лозим бўлган даражада ҳали бир заррача ҳам адо этолмаган деб ҳисоблайди. Бундай мурид мумтоз зотлар ихлоси даражасига кўтарилади ва бу даражага эриш­ганларнинг ихлос билан озгина қилган ибодатлари ҳам юқорида зикр қилинган тои­фаларнинг минг йиллик ибодатларига тенг бў­лади. 

“Ибриз” китобида айтилган: “Мукофот ёхуд турли неъматлар умидида бажарган амаллар холис Аллоҳ учун адо этилган ибодатлардан ҳисобланмайди”. 

Холис Аллоҳ учун бўлмай, ҳар турли тамаъ, манфаат ва ғаразли мақсад учун қилинган фаолиятнинг фойдаси ва савоби йўқдир. Бундай ишлар фақат Аллоҳдан узоқлаштиради. Чунки улар Илоҳий қонун ва низомларга моҳиятан зиддир. Чунки Аллоҳ: “Сиз ўз мақсадингиз ва манфаатингиз учун ибодат қилинг, Мен эса бунинг учун сизларни буюк мукофотлар билан тақдирлайман”, демаган. Аксинча, Аллоҳ айтади:

“Менга самимий, ихлос билан ибодат этинг, Мен эса сизга яхшиликлар – савоблар ато этаман!”

Шунинг учун ҳар қандай амалимиз Аллоҳ учун бўлиши лозим.Фақат ўз амалим ва ҳаракатим билангина фаровонликка, ютуққа эришишим мумкин деб ўйлаган банда нақадар жоҳил ва нодондир! Ҳолбуки, ўзимизнинг ҳам, барча феълу ҳаракатимизнинг ҳам яратгувчиси Аллоҳнинг Ўзи бўлса. Унинг раҳматидан бошқа умид қиладиган, суянадиган, фойда келтирадиган нарсанинг бўлиши мумкин эмас. Агар Яратганнинг раҳмати бўлмаса қилган амалларимиз бир соч толасичалик бойлик, фаровонлик ёки бахт-саодат келтирмайди! Аллоҳга (раҳматига) нисбатан бепарволик ки­шининг қалб кўзини кўр қилиб қўяди, бундай ҳолдан Аллоҳнинг Ўзи асрасин!

Шуни билмоқ керакки, хўжакўрсин (риё) ва такаббур (ужб)нинг давоси Аллоҳнинг зикрини, ижозати бўлган бир муршиди комилнинг назорати остида токи кўнгил лавҳида ҳақиқий тавҳид ўрнашгунича, узлуксиз кўп ва хўб талқин қилмоқдир. Бунинг натижасида барча амалларининг яратувчиси фақат Аллоҳнинг ўзи эканлигига тўла ишонади ва ўзи ҳеч бир нарсада яратувчи эмаслигини англаб етади.

Шайхимиз Абдураҳмон Асалий қуддиса сирруҳу марҳамат этганлар:

“Инсон, токи ҳар нарсанинг ягона ҳаракатлантирувчиси Аллоҳ эканлигини англаш даражасига етмагунича, риёни тарк этолмайди, хўжакўрсинликдан халос бўлолмайди”.

Бу ҳолат эса мурид камолга етгандагина рўй беради. Аллоҳ билгувчироқдир!

(давоми бор)

"Ахлоқус солиҳийн" китобидан олинди.

Китоб Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича Қўмитанинг 19.12.2019 йилдаги №7231-сонли хулосаси асосида чоп этилган.

«Azon kitoblari» нашриёти

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Президент Шавкат Мирзиёев умра ибодатини бошлади

71 01:25 19.08.2022

 "Тарихнинг номаълум саҳифалари"

213 21:05 18.08.2022

Эшикоға беги

263 20:35 18.08.2022

Илм излаб сафар қилишдаги фазилатлари

205 20:05 18.08.2022

Фашистлар Германияси ва советлар ҳамкорлиги

326 19:35 18.08.2022

Ташқи ишлар вазирлиги Кобулдаги портлаш бўйича баёнот берди

288 18:58 18.08.2022
« Орқага