Telegram каналимизга аъзо бўлинг
Ахлоқ

Ахлоқус солиҳийн: Риёнинг нозик тафсилотлари

478

(1-қисм 2-қисм 3-қисм 4-қисм 5-қисм 6-қисм 7-қисм 8-қисм 9-қисм 10-қисм 11-қисм 12-қисм 13-қисм 14-қисм 15-қисм 16-қисм 17-қисм 18-қисм 19-қисм 20-қисм 21-қисм 22-қисм 23-қисм)

Аллоҳга яқинлашиш нияти билан ибодат қилиш ҳам риёнинг бир нозик турларидан бўлиб, ёлланма иш бажаришга ўхшаб кетади. Бу ўта яширин касалликдир. Баъзан шундай мақсадда ибодат қилувчининг даражаси кўтарилиши мумкин. Кейин эса унга айтадилар:

“Ортингга қайт, сен Аллоҳга яқин келишга муносиб эмассан!”

Бу даражага аслида муносиблар эса Аллоҳга яқинлашишни ўйлаб ўтирмасдан, Аллоҳнинг амрларига сўзсиз итоат этиб, унинг олдидаги бандалик бурчларини бажариб келганлардир.

Одамларнинг гап-сўзларидан қўрқиб ўзи­нинг қилаётган яхши амал ва ибодатларидан воз кечиш ҳам риёкорликнинг нозик турларидандир. Фузайл қуддиса сирруҳу дейдиларки:

“Одамларнинг гап-сўзидан ҳайиқиб яхши амални тарк этиш – риёкорликдир, одамлар кўрсин учун қилингани эса ширкдир. Агар бу икки турли гуноҳдан Аллоҳ сени сақлаган бўлса, бу – ихлосдир”.

Жумладан, шундай яна бир амал ҳам риёнинг нозик хилларига киради. Дейлик, киши шариат рухсат берган бирон ҳазилу мутойиба, гап қилиб турганида бирор-бир эътиборли кимса кириб қолди. Агар киши шунда ўша қилаётган ҳазилини ҳалиги кимсанинг ҳурматидан ё ундан уялганидан тўхтатиб қолса, бу ўша хил риёдан саналади.

Фузайл қуддиса сирруҳу дейдилар: “Агар менга “Ҳозир олдингга мўминлар амири келяпти” дейишса ва мен соқолимни тўғрилагудай бўлсам, мунофиқлар қаторига кириб қолишимдан қўрқаман”.

Риёнинг яна шундай нозик хилларига бирор-бир эътиборли кишининг олдида одатдан ташқари бошни эгиб туриш, итоаткорликни меъёридан оширишга ўхшаганлар ҳам киради. 

Чин ихлосли киши одамлар сўзига эътибор бермайди. Ўзи ҳақидаги ёмон гап-сўзлардан сиқилмайди ёхуд мақтовлардан қувониб, кибрланиб кетмайди. 

Қалбан Аллоҳ билан бўлинг ва бунинг учун иложи борича барча кучингизни ишга солинг. Одамларга яхшилик қилинг. Ўзингизни ва оилангизни яхши таъмин этишга интилинг. Қайда бўлмасин, рухсат этилган мол-мулкни топсангиз, қўлга киритинг.

Ҳазрат Иброҳим Матлубий қуддиса сирруҳу шундай деганлари келтирилибди:

“Аллоҳ халойиқни яратиб, улардан сўради:

– Сизлар кимлар бўласизлар?

Улар:

– Сени севувчи қулларинг, – деб жавоб бер­дилар.

Шунда Яратган айтди:

– Нима деётганларингизни ўйлаб гапиринг­лар, Мени севганни Мендан на бирор қайтарувчи қайтара олади ва на қиличу мусибат узоқлаштира олади.

Бунга улар:

– Майли, хоҳлаган нарсангда бизни синаб кўр, – деб айтдилар. Шунда Холиқи олам имтиҳон учун дунё ва унинг зийнатларини яратди. Халойиқ­нинг ўндан тўққиз қисми дунё ортидан кетди, ўндан бир қисмигина қолди, холос. Сўнгра Аллоҳ қолган халойиққа мурожаат этди:

– Сизлар кимлар бўласизлар?

– Сени севувчи қулларингмиз! – дея жавоб беришди улар.

– Нима деётганларингизни ўйлаб гапиринг­лар. Мени севганларни Мендан на бирор қайтарувчи қайтара олади ва на қиличу мусибат узоқлаштира олади. Ўз биродарларингизнинг дунё ортидан қандай югуриб кетганини кўр­дингиз-ку, – деди Парвардигор.

– Хоҳлаган нарсангда бизни синаб кўр, – де­йишди улар. Шунда Аллоҳ жаннатни яратди ва уларга уни безатиб кўрсатди. Қолганларнинг ўндан тўққиз қисми жаннатга эргашди. Улардан ҳам бир гуруҳ ажралиб қолди. Аллоҳ яна сўради:

– Сизлар кимлар бўласизлар?

– Сени севгувчилармиз, – дея жавоб бериш­ди улар.

– Нима деяётганларингизни ўйлаб гапи­ринглар, биродарларингизнинг аҳволини кўрдингизлар-ку!.. – деди Аллоҳ.

– Хоҳлаган нарсангда синаб кўр, – дейишди улар.

Аллоҳ уларни бир балога гирифтор қилган эди, улар сабот кўрсатдилар. Ҳолбуки, бу ҳам Аллоҳнинг Ўзидан эди. Шунда Аллоҳ уларга бундай деди:

– Сизлар Менинг ҳақиқий қулларимсиз, сизлар дунё ва жаннатга қараб югурмадингизлар ва мусибатдан ҳам қочмадингизлар. Эй фаришталарим, гувоҳ бўлингларки, Мен улардан рози бўлдим ва уларни даргоҳимга қабул этдим”.

(давоми бор)

"Ахлоқус солиҳийн" китобидан олинди.

Китоб Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича Қўмитанинг 19.12.2019 йилдаги №7231-сонли хулосаси асосида чоп этилган.

«Azon kitoblari» нашриёти

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Президент Шавкат Мирзиёев умра ибодатини бошлади

98 01:25 19.08.2022

 "Тарихнинг номаълум саҳифалари"

224 21:05 18.08.2022

Эшикоға беги

272 20:35 18.08.2022

Илм излаб сафар қилишдаги фазилатлари

212 20:05 18.08.2022

Фашистлар Германияси ва советлар ҳамкорлиги

333 19:35 18.08.2022

Ташқи ишлар вазирлиги Кобулдаги портлаш бўйича баёнот берди

298 18:58 18.08.2022
« Орқага