Telegram каналимизга аъзо бўлинг
Таҳлил

Аҳолисининг ўндан бири шифокор бўлган мамлакат

6747

Ливан (расман Ливан Республикаси)Ғарбий Осиёдаги давлат. Шимол ва шарқда Сурия, жанубда эса Исроил билан чегарадош. Ўрта ер денгизи ҳавзаси ва Aраб жазирасининг чорраҳасида жойлашгани унинг бой тарихига ҳисса қўшиб, диний хилма-хилликнинг ўзига хослигини шакллантирган. Ливан тахминан 7,5 миллион аҳоли ва 10,452 квадрат километр майдонга эга бўлиб, дунёдаги энг кичик давлатлардан бири ҳисобланади. Давлат расмий тили – араб тили; француз тили ҳам расман тан олинган; араб тилининг Ливан лаҳжаси бутун мамлакат бўйлаб замонавий стандарт араб тили билан бир қаторда ишлатилади. Пойтахт Байрут – энг йирик шаҳар. Расмий пул бирлиги Ливан фунти деб номланган. Ливан пуллари Россияда босилади.

Ливан тамаддунининг тарихий манбалардаги дастлабки далиллари милоддан аввалги 7000 йилларга тўғри келади. Ҳозирги Ливан ҳудудида қарийб 3000 йил (милоддан аввалги 3200–539 йиллар) мобайнида гуллаб-яшнаган денгиз тузумига эга давлатни қурган финикияликлар яшаган. Милоддан аввалги 64 йилда Рим империяси бу ҳудудни босиб олиб, охир-оқибат Ливанни империянинг насронийлик марказларидан бирига айлантирган. Маронит черкови деб номланувчи янги насроний мазҳаби айнан Ливан тоғларида пайдо бўлган. Минтақани мусулмонлар фатҳ қилгач, маронитлар ўз динлари ва маданиятларини тоғли ҳудудларда сақлаб, бугунгача етиб келишган. Бироқ, друзлар деб номланувчи, асли шиаликдан руҳланган янги диний оқим Ливаннинг тоғли ҳудудларида ўрнашиб олиб, ҳозиргача давом этиб келаётган диний бўлинишни келтириб чиқарган. Салиб юришлари даврида маронитлар Рим-католик черкови билан алоқани тиклаб, бирмунча устунликларга ҳам эга бўлиб олишган.

Ливан XVI асрдан бошлаб қарийб 400 йил давомида Усмонли империяси томонидан бошқарилган. Биринчи жаҳон урушидан кейин империя қулаб, ҳозирги Ливанни ташкил этувчи бешта Усмонли вилояти Франциянинг Сурия ва Ливан мандати таркибига қўшилиб, Буюк Ливан давлати тузилган. Иккинчи жаҳон уруши пайтида фашистлар Германияси томонидан Франциянинг босиб олиниши французларнинг Ливан устидан ҳукмронлигини заифлаштирган. 1943 йили Озод Франциядан мустақил бўлгач, Ливан ўзига хос конфессионал бошқарув шаклини ўрнатди ва асосий диний конфессиялар ўзига хос сиёсий ваколатларга эга бўлди. Даставвал эришилган сиёсий ва иқтисодий барқарорликка Ливан фуқаролик уруши (1975–1990) ўта оғир зарба берди. Бу даврда Ливан 1976 йилдан 2005 йилгача Сурия ва 1985 йилдан 2000 йилгача Исроил томонидан ишғол қилинди.

Мамлакатнинг ҳудудий жиҳатдан кичиклигига қарамай, Ливан маданияти араб дунёсида ҳам, жаҳон миқёсида ҳам ўзига хосдир. Ливан фуқаролар урушидан олдин туризм, қишлоқ хўжалиги, тижорат ва банк ишларини ўз ичига олган кўп тармоқли иқтисодиётга эга бўлган. 1950-1960 йиллардаги иқтисодий қудрати ва барқарорлиги Ливанга "Шарқ Швейцарияси" номи берилишига сабаб бўлган. Пойтахт Байрут эса шу қадар кўп сайёҳларни ўзига жалб қилганки, ҳатто “Яқин Шарқ Парижи” номи билан машҳур бўлган. Уруш тугаганидан буён иқтисодиёт ва миллий инфратузилмани тиклаш борасида кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилди. Ливан космополит ва ривожланаётган мамлакат сифатида Инсон тараққиёти индекси ва аҳоли жон бошига ЯИМ кўрсаткичлари бўйича Aраб дунёсида юқори кўрсаткичларга эга бўлиб қолмоқда. 

Бу ерда энг машҳур касб - шифокорлик. Аҳолининг 10% га яқини тиббий маълумотга эга.

Ливан БМТ, Aраб Лигаси, Қўшилмаслик Ҳаракати, Ислом Ҳамкорлик Ташкилоти ҳамда Франкофония каби халқаро ташкилотлар аъзосидир.

Диний муҳит

Ливан Ўрта ер денгизининг шарқида жойлашган, асосан мусулмонлар ва насронийлардан иборат мамлакатдир. Аҳолининг 61,3 фоизи мусулмонлар, 33,7 фоизи эса насронийлардир. Анъанага кўра, мамлакат президенти маронит насроний, бош вазир сунний мусулмон, парламент раиси эса шиа мусулмондир.
Аҳли сунна вал жамоа мазҳабига эътиқод қилувчилар аҳолининг 30,6% ни ташкил қилади. Улар асосан ҳанафий ва шофеий мазҳабларига амал қилишади. Шиалар аҳолининг 30,5%ни ташкил қилади. Мамлакатда бир қанча йирик сўфийлик мактаблари ҳам мавжуд бўлиб, улар орасида Нақшбандия ва Қодирия тариқатлари устунлик қилади.

Масжидлар

Буртаси масжиди

Буртаси масжиди – Ливаннинг Триполи шаҳридаги масжид. Буртаси масжиди Триполида мамлуклар даврида қурилган энг гўзал масжидларидан бири ҳисобланади. У минораси ҳамда қора чизиқ ва оқ нақшлар билан безатилган қора тошли олд томони билан ажралиб туради. Тахмин қилинишича, масжид 1381 йилдан олдин қурилган. Минора ва учта гумбаз ушбу масжиднинг ўзига хос хусусиятларидандир. Қибла тарафдаги девор мармар билан қопланган. Меҳроб Триполи масжидларида камдан-кам учрайдиган шиша мозаика билан безатилган.

Фахриддин масжиди

Фахриддин масжиди Ливаннинг Дайр ал-Қамар шаҳрида жойлашган, саккиз бурчакли минорага эга масжиддир. 1493 йили Фахриддин I томонидан қурилган ва XVI асрда тикланган ушбу масжид Ливан тоғидаги энг қадимий масжиддир.

Амир Aссаф масжиди

Масжид Байрут шаҳар марказида жойлашган. Бу масжид 1597 йили Амир Мансур Aссаф томонидан расман очиб берилган. 1934 йили масжиднинг ғарбий қисмида таҳоратхоналар қурилган. 90 йиллар ўрталаридаги урушдан кейинги тиклаш ишлари масжиднинг асл ғарбий фасадини янгилашга олиб келган. Масжиднинг тўртбурчак шакли, беш гумбазли томи, кираверишдаги безаклар ва деразаларнинг нозик деталлари Ливан услубига хосдир. Римдан келтирилган кулранг гранит устунлар масжид хонақоҳидаги марказий гумбазни ушлаб туради. Масжид қаршисида ҳаммом мажмуаси ва Боб ас-Сароя номи билан машҳур шаҳар дарвозаси бўлган.

Мажидия масжиди

Пойтахтдаги яна бир масжид. Мажидия масжиди дастлаб шаҳар портига қараган қалъа бўлиб, шаҳар қалъаларининг ажралмас қисмини ташкил қилган. Кейинчалик Усмонли армиясининг ўқ-дорилар дўкони ва ёғоч савдогарларига омбор бўлиб хизмат қилган. 1841 йили Байрутнинг бир гуруҳ фуқаролари қалъани тиклаш мақсадида маблағ йиғиб, унинг ғарбий томонига янги бино қуришган. Уч йилдан сўнг, қалъа масжидга айлантирилиб, Султон Aбдулмажид шарафига “Мажидия" деб номланган. Масжид 1906 йили кенгайтирилган. 1974 йили ёдгорлик тўлиқ таъмирдан чиққан. Аввало жойлашуви сабабли, қолаверса фуқаролар урушининг дастлабки йилларида (1975-1990) масжид жиддий зарар кўрган. Урушдан кейинги тиклаш ишлари 2000 йили бошланиб, тўрт йил ичида якунланган. Тиклаш жараёнида баландроқ янги минора қурилган.

Буюк Мансурий масжиди

Буюк Мансурий Масжиди Ливаннинг Триполи шаҳридаги масжиддир. Триполи Буюк Масжиди номи билан ҳам машҳур. 1294-1314 йиллар оралиғида Мамлуклар даврида қурилган. Масжид ҳовлисида фавворали таҳоратхона бор.

Муҳаммад Aмин масжиди

Мовий Масжид номи билан машҳур Муҳаммад Aмин масжиди – Ливаннинг Байрут шаҳар марказида жойлашган сунний мусулмонлар масжиди. XIX асрда бу жойда Завия (намозгоҳ) қурилган. Йиллар давомида кенгайтириб борилган намозгоҳ охир-оқибат масжидга айланган. Масжид 2008 йили очилган. Муҳаммад Aмин масжиди Ливандаги энг катта масжид ҳисобланади. Хонақоҳнинг ўзи 3,700 намозхонни сиғдиради. 2020 йил 4 августда содир бўлган Байрутдаги портлашлар туфайли масжид катта зарар кўрди. Қандил ва деразалари синиб кетди. Кўп ўтмай, қайта тиклаш ишлари бошланиб кетди. Тахминан 11,000 квадрат метр майдон, 48 метр баландликдаги кўк гумбаз ва 65 метрлик минораларни ўз ичига олган ушбу масжид Байрут шаҳар марказига ўзгача чирой беради.

Буюк Умари Масжиди

Байрут Марказий туманидаги масжид. Умари масжиди дастлаб салибчилар томонидан 1150 йилда қурилган черков бўлган. 1291 йили мамлуклар Байрутни эгаллаб, черковни масжидга айлантиришган. Масжид халифа Умар ибн Хаттоб шарафига “Умари” деб номланиб, тез орада “Жоме ал-Кабир” (Буюк масжид) номи билан машҳур бўлиб кетган. Мамлук услубидаги даҳлиз ва минора 1350 йили қўшилган. Фуқаролар уруши пайтида (1975-1990) катта зарар кўргандан сўнг, таъмирлаш ишлари 2004 йили тугатилган. Иккинчи минора янги устунли ҳовлининг шимоли-ғарбий бурчагида қурилган.

Тавбат масжиди

Триполи шаҳридаги масжид. XIV асрда қурилган; 1612 йилдаги тошқин натижасида вайрон бўлган. Усмонлилар даврида қайта тикланган. Пештоқдаги ёзувда масжид реставрацияси машҳур Триполи губернатори Ҳусайн Пошо ибн Юсуф Сайфа томонидан амалга оширилганини кўриш мумкин.

Тайнал масжиди

Триполи шаҳридаги яна бир масжид. Боғ ўртасида жойлашган. Масжид ҳақида бир қанча ўрта аср саёҳатчилари, шу жумладан XIV аср сайёҳи Ибн Батута ҳам ўз ёдномаларида эслаб ўтган.

Фахриддин Расул ўғли тайёрлади

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Ўзбекистон ҳарбий қудрат бобида Марказий Осиёда етакчи

1947 10:51 01.11.2021

Рақсга тушишни ёқтирмайдиган одамлар мамлакати

2548 21:05 07.10.2021

Гўшт кам ейиладиган, дарахтлари «юрадиган» давлат

4360 18:10 27.09.2021

Пулининг номи «озодлик» деб аталган давлат

2281 22:35 23.09.2021

Греция билан ном талашган давлат

2927 22:20 13.09.2021

Лемурлар мамлакати – Мадагаскар

1842 22:50 10.09.2021
« Орқага