Telegram каналимизга аъзо бўлинг
Илм

Акром Малик: "Қалбнинг ичидаги нур..." (ўн олтинчи қисм)

2125

("Ҳайратул аброр" учун мухтасар шарҳ ва изоҳлар)

СОҲИБДИЛЛАР СИРИ

Алишер Навоий наздида, Кўнгил Аллоҳнинг сирларидан бир сирр бўлиб, унга эришмоқ ҳаммага насиб этмайди. Кўнгилнинг таърифи - Кўнгилни таништирмоқдир. Буюк мутафаккир айтадики, Кўнгилнинг сифатини соҳибдиллардан бўлак одам билмайди ва баён ҳам эта олмайди. Алишер Навоий раҳматуллоҳи алайҳ ўзини кўнгил соҳиби, деб ҳисобламайди, чунки ул зот Кўнгилни илоҳий неъмат эканлигига шубҳа этмас эди. 

Шундай бўлса-да, буюк мутафаккир Кўнгил таърифига жазм этади, чунки бу Кўнглига хуш келди. 

Алишер Навоий раҳматуллоҳи алайҳнинг ривоят этишича, Аллоҳ таоло Одам алайҳиссаломни тупроқдан яратди, бу яратиқ гулистон каби гўзал бўлиб, бу гулистонга бир насим эсди. Насим эсдики, бу тан гулшанига руҳнинг киргани эди. Руҳнинг танага киришидан ягона муроди - Кўнгил эди. 

Бу баёнга кўра, Алишер Навоий раҳматуллоҳи алайҳ Руҳнинг жисмдаги макони ўлароқ Кўнгилни кўрсатгани маълум. Лекин буюк мутафаккир Кўнгилни ўзача бир сифатини тақдим этади. Унинг айтишича, Кўнгил одамлар гумон этган ғунчадек қон эмас. 

Чунки ҳар қандай тирик махлуқнинг танасида бир парча қон бор, бу қон унинг нафас олишини, яшашини таъминлайди. Бу Кўнгил эмас, агар буни Кўнгил, деб билсак, дажжол ҳам, набийлар ҳам бу неъматдан баҳраманд. Исо алайҳиссалом ва у минган улов зинҳор тенг бўлмагай!

Алишер Навоий раҳматуллоҳи алайҳ Кўнгилни Хожа, деб атайди. Хожа, дейишдан мурод - Кўнгил инсоннинг ички дунёси, асли эканлигига ишора қилишдир. Буюк мутафаккир бу парча қон юрак, деб айтади. Кўнгил эса бўлак бир сиррки, унинг бир қанча сифатлари бор. Жумладан, Кўнгилни сулук эгалари олий Арш, деб айтадилар, сўфийлар эса Кўнгилни коинот оламидан улканроқ, ажиброқ олам, яъни олами кубро, деб ишонадилар.

Буюк мутафаккир Кўнгилни топиш йўлида беҳад кўп машаққат борлигини айтади. Унинг таъкидига кўра, чинакам Кўнгилга эришмоқ учун солик инсон Каъбага боради, дайру оташгоҳларга ҳам қадам босади, аҳли муножот ичида оҳ чекади, харобот аро изтиробда қолади, хонақоҳларда эътикоф ўтиради, шайхларга итоат этади, ишқ оловида ёнади, висолдан баҳраманду фироқдан фарёдваш бўлади, ишқда ўтда куйиб, самандар қушдек сокин тортади, сув остига гавҳардек чўкади, оқибатда, бағри гавҳарга тўла булутга айланади, тупроқ ичида хазина каби жим ётади.

Бундай инсоннинг юрмаган водийси, қилмаган бир амали қолмагай, барча азоблардан, барча қувончлардан ўтиб, камолот касб этади, олами кубро, деб ном олади, Аҳли Дилга айланади. У одам Аллоҳнинг ердаги халифаси бўлишга эришади - сафо тахтини маскан тутади, уни Соҳибдил Сўфий, деб атамоқ жоиз. Бундай инсонга жону Кўнгил ила иқтидо қилмоқ керак. Алишер Навоий раҳматуллоҳи алайҳ наздида, бундай инсонни топиш беҳад маҳол, шунинг учун бундай зотнинг этагини тутиш насиб этмаса-да, этагининг битта ипи ҳам кифоя этишини айтади.

Дарҳақиқат, атрофга назар солсак, ичида олови ёнган одамларни кўрамиз. Уларнинг хатти-ҳаракатларида ғайритабиийлик сезилади, улар ибодатга бериладилар, ҳар бир кашфларидан ҳайратланиб, кўпчилик наздида катта-катта хатоларга йўл қўядилар, табиатларида бўйсунмаслик билан тенг кўнгилчанлик, раҳмдиллик, ҳамдардлик балқийди, ноҳақлик қошида ақлни йўқотиб курашга отланадилар, ҳимматлари жонларини бахш этиш даражасида баланд бўлади, хатоларини билсалар, тан олишдан қўрқмайдилар, уларнинг ҳаётлари хилма-хил саргузашт ва хатарларга тўла ўтади.

Алишер Навоий раҳматуллоҳи алайҳнинг сўзларига таянсак, бу тоифа одамларни биз чинакам Кўнгил толиби, деб аташимиз мумкиндир, эҳтимол. Бу йўлга чиқадиганларнинг саноғи кўп, манзилга етадигани бир ёки икки нафардир. Уларнинг хатолари ҳам, жасоратлари ҳам кишиларни ҳайрон қолдиради, шижоатлари ҳавасни келтиради, баъзиларнинг ғашини уйғотади. Бундай одамларни бир неча йилдан кейин теран дарё каби сокин ҳолда топасиз. У тақдирининг ҳамма оловида ёниб ва, ниҳоят, Ўз Кашфига эришади. Бу Кашф тақво билан зийнатланган Иймон бўлишига шубҳа йўқ.

Бундан бошқаси адашувдир. Алишер Навоий раҳматуллоҳи алайҳ, шунинг учун ҳам, Соҳиб Диллар мақомини юксак билган.

Кейинги уч бобда Кўнгилнинг оламлар бўйлаб сайр этиб, кашф этган ягона Ҳақиқати ҳикоя этилади.

(давоми бор)

Акром Малик, навоийшунос

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Ҳазрат Навоийнинг ҳайратомуз ихтиролари (2-қисм)

1249 07:10 13.08.2021

Ҳазрат Навоийнинг ҳайратомуз ихтиролари (1-қисм)

1602 06:05 13.08.2021

Ҳиротдаги Алишер Навоий мақбарасини ободонлаштириш учун сарфланадиган маблағни Ўзбекистон қоплаб беради

908 19:10 07.06.2021

Ҳиротдаги Навоий мақбараси таъмирланади

904 12:35 01.06.2021

Навоий асари Бокуда нашр этилди

521 19:00 11.03.2021

Ҳазрат Навоий ва тасаввуф

708 12:30 06.03.2021
« Орқага