Telegram каналимизга аъзо бўлинг
Илм

Акром Малик: "Қалбнинг ичидаги нур..." (ўн тўртинчи қисм)

1978

("Ҳайратул аброр" учун мухтасар шарҳ ва изоҳлар)

(давоми, боши мана бу ерда)

СЎЗ ТАНАСИДАГИ ЖОН

Алишер Навоий раҳматуллоҳи алайҳ наздида, Сўз денгизига шўнғиган одам маъно гавҳарини қўлга киритади. Маъно машъали ўзидан нур сочганида файзу футуҳ унга насиб этади. Бир қатра маънодан баҳра олган одам оламни ўз файзига тўлдириб жўшади.

Буюк мутафаккирнинг айтишича, у ҳам бу неъматга етишган. Унинг айтган Сўзи чироқ бўлса, маъно унинг нури эди. Гарчи унга ҳидоят насиб этган бўлса-да, у сукутни энг яхши иш, деб ҳисоблаган.

Алишер Навоий раҳматуллоҳи алайҳ "маъно" деганда нимани назарда тутган эди? Маънодан мурод Аллоҳнинг тавҳиди, Иймоннинг ҳақиқатидир. Аллоҳнинг тавҳиди - Унинг яккалиги, оламдаги барча Уники эканлигини, ибодатга лойиқ ягона Зот У эканлигини билиб, Уни барча исму сифатлари ила танимоқдир. Иймоннинг ҳақиқати Аллоҳни танигач, Унинг амру фармонларига муҳаббат ила фидо бўлишдир. Шунинг учун, Алишер Навоий раҳматуллоҳи алайҳ ўзига ҳидоят етганини айтадики, бу ҳам айнан ул зот "маъно" истилоҳи орқали ҳидоятни назарда тутгани ойдинлашади.

Маънодан неъматланган Алишер Навоий раҳматуллоҳи алайҳ сукутни одат тутса-да, гоҳо ихтиёрини йўқотар эди. Ихтиёрини қўлдан чиқарар эдики, бу англаганлари қаршисида уйғонган Дард сабабли рўй берган. Шу онларда у хаёлан бир гўзал оламга тонг шамолидек бориб, қуёш каби ободу харобаларни ахтарарди. Яъни, бир маърифат мажлисида Сўз айтишни истарди. Назм тахтида ўлтириб, шундай Сўзларни айтсаки, уни тинглаганларнинг овози унга етмаса-да, бир Сўз ила унга ҳамроҳу ҳамдард бўла олмасалар-да, айтганининг маъносига монанд бир кайфият топишларини хоҳларди.

Бироқ буюк мутафаккир ўз ёнида турк тилида унинг даражасида бир Сўз айтгувчини кўрмайди. Шундай кунларда бир тоифа одамлар пайдо бўлади. Улар на назмни, на Сўзни идрок этмаслар, бироқ Алишер Навоий раҳматуллоҳи алайҳ ёзган шеърларни ўзгартириб, ўзига ўқиб беришади. Ўқиб, бу ижодлари учун таҳсин ҳам кутадилар. Улар Сўз ўғрилари эди. На маънони, на Сўзни тушунмасдан, фақат чиройли гапларни такрорлашга уста, Дарддан бегона бир тоифа бўлиб, шу ишлари учун мақсаду муддаолари олқишу шон-шуҳрат, холос.

Бу ҳолдан Алишер Навоий раҳматуллоҳи алайҳ бир ҳақиқатни тушунади, яъни у ўз Сўзимни ҳимоя этиши керак, деган қарорга келади. Бу ҳимоя тақво ҳамда дуо эди. Ҳар бир калимани айтишда  тақвони, уни манфаатли этиши сўралган дуони маҳкам ушласа, бу айтажак Сўзини бир қалъадек ҳимоя этишини чуқур англайди.

Зотан, Аллоҳдан қўрқиб айтилмаган Сўзда Дард ҳам, Ҳақиқат ҳам йўқдир.

Алишер Навоий раҳматуллоҳи алайҳ Сўз масаласида, уни айтиш борасида ўзига катта баҳо берганидан хижолат тортади, Сўзини ўғирлаганларни кечириб, уларни яхши фазилатлар ила мақтайди. Чунки гадолар олдида гадодек камтар бўлиш Худога хуш келади, бундай бандага шоҳлар ёнида улкан мартабалар ато этади. Алишер Навоий раҳматуллоҳи алайҳ шундай мартаба эгаси эди, Хуросон ҳукмдори Султон Ҳусайн ул зотни ҳурмат қилган, буюк мутафаккир ҳам садоқат-ла шоҳнинг хизматида бўлган.

Бунинг бир қанча сабаблари бўлган. Кейинги бобда шу хусусда сўз боради.

(давоми бор)

Акром Малик, навоийшунос

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Қалбингизни шубҳали жойларга ташламанг!

1763 21:05 22.11.2021

Ким яхшилик қилса, унга…

1226 16:15 04.06.2021

Яхшилик қалбларни титратар

924 04:00 08.05.2021

Ҳалолликни сақлаш учун нима қилиш керак?

826 12:00 17.02.2021

Қалбингиз зангини кетказяпсизми?

1131 14:05 27.09.2020

Қалбларни ўлдирган ўн нарса

2029 11:00 21.09.2020
« Орқага