Telegram каналимизга аъзо бўлинг
Таҳлил

Ал-Мовардий — ўрта асрлар мусулмон сиёсатшуноси

1028

Мусулмон дунёсида давлатчилик бўйича илм ва кўникмалар ривожланишига араб ҳуқуқшуноси, файласуф Абу Ҳасан ал-Мовардийнинг асарлари кўп жиҳатдан ёрдам берди.

У 972 йилда Басрада (ҳозирги Ироқ ҳудуди) туғилган. Бўлажак мутафаккирнинг отаси гулоб (атиргул суви) савдоси билан шуғулланган бўлиб, шунинг учун ўзига ал-Мовардий тахаллусини олган.

Ёшлигидан ислом ҳуқуқшунослигига қизиқиб, дастлаб фақиҳ Абулвоҳид ас-Симарийдан таҳсил олди. Кейин Мовардийлар оиласи халифалик пойтахти Бағдодга кўчиб ўтади. Бу ерда бўлажак олим ўқишини давом эттириб, ўзи ҳам фиқҳ, ҳадис, тафсир фанларидан дарс бера бошлайди. Шу билан бирга ўз-ўзини руҳан ва ақлан тарбиялашда давом этди. У сиёсатшунослик ва ҳокимиятни ўрганишда алоҳида тадқиқотлар ўтказиб, муваффақиятларга эришди.

Мовардий умри давомида Хуросон ва Бағдодда қозилик лавозимларини эгаллаган. Аббосий халифалари саройида, қолаверса, у ерда марказлашган ҳокимият заифлашган даврда хизмат қилган. Мусулмон давлатининг сиёсий тузилиши ва уни мустаҳкамлашга, жамиятдаги тартибсизликлар ва бўлинишларнинг олдини олишга алоҳида эътибор берган.

Ҳокимиятнинг вужудга келиши

Ал-Мовардий фикрича, ҳокимият манбаи - Аллоҳдир. Ҳукмдорларга фақат Аллоҳ бошқариш ҳуқуқини беради. Шунга кўра, ҳудуднинг у ёки бу раҳбарининг фаолиятини баҳолашга фақат Яратган ҳақлидир. Тобеларнинг ўз ҳукмдорини танқид қилиши ярамайди. Давлат раҳбарига итоат қилмаслик, фақат у гуноҳ ишларга ундаса рухсат берилади. Бунда аввало ҳукмдор Аллоҳ таолонинг амрини бузган бўлади, демак, бундай фармоннинг қиммати бўлмайди. 

Давлатчилик ҳақидаги қарашлар

Ал-Мовардий бир қанча асарлар ёзиб, уларда бир қатор давлат институтларини келтириб ўтган. Лекин унинг энг машҳур асари “Султонлик тўғрисидаги низом” ҳисобланади. У икки омил: тизим ва сиёсий йўналишга қараб давлатларни ўзига хос тасниф қилган. Биринчиси, олимнинг фикрича, мамлакат дин, ҳокимият ёки пул асосида яшашига боғлиқ. Мовардийнинг фикрича, агар ҳокимият, жумладан, ҳукмдорнинг ўзи ҳам динга асосланган бўлса, у энг барқарор тузумга айланади. Қатъий ҳокимиятга асосланган давлат, унинг тепасида турган шахс адолат тамойилларига амал қилса, ўз фуқароларининг фаровонлиги ҳақида қайғурсагина гуллаб-яшнайди. Агар тахтда бир деспот (чекланмаган ҳокимият эгаси бўлган ҳукмдор) ўтирса, бундай тузум эртами-кечми таназзулга юз тутади. Олимнинг яна бир фикрича, энг заиф давлат - бойликка асосланган давлатдир.

Файласуф давлатнинг тўртта асосий функциясини ажратиб кўрсатади: молия сиёсати, шаҳарсозлик, аҳоли хавфсизлиги ва армияни шакллантириш.

Идеал ҳукмдор, олим нуқтаи назаридан, амалда ўз фуқароларининг аксарияти манфаатларини ҳимоя қиладиган сиёсатчидир. У ҳокимиятнинг дунёвий ёки динийга бўлиниши кераклигини тан олмаган ва давлат раҳбари бу иккала йўлни бирлаштириши зарур, деб ҳисоблаган. Ҳукмдор “Аллоҳдан бошқа ҳеч кимга ҳисобдор бўла олмайди, тобелар эса унга итоат қилишга мажбурдирлар”, дея фикр билдирган олим. Бироқ Ал-Мовардий кейинги асарларида ўз нуқтаи назарини ўзгартириб, агар у ўз вазифаларини бажармаса, халқ ҳукмдордан ҳисоб сўрашга ҳақли, деб ёзади. 

“Ҳукмдор давлатнинг таназзулга учраши ва йўқ бўлиб кетишига олиб келадиган омиллардан, тахт ворислари ўртасидаги кураш, порахўрлик, ҳокимиятни лаёқатсиз шахсга ўтказиш, ақидапарастлик, турли оқимлар вакиллари ўртасидаги диний низолар каби ҳолатлар юзага келишидан қочиши керак.

Мовардий тўрт солиҳ халифалар ҳукмронлик қилган даврни энг намунали давр деб ҳисоблаган ва барча мусулмон ҳукмдорларни улардан ўрнак олишга чақирган. “Ҳар қандай ҳукмдор қарор қабул қилишда адолат тамойилларига амал қилиши, шунингдек, оқимлар ёки бошқа давлатга қарши тузилмалар ташкил этилишини қатъий бостириши шарт. Модомики расмийлар диний кўрсатмалар ва ишораларга эътибор бермас экан, буни амалга ошириб бўлмайди”, дея хулоса қилган олим.

Ҳукумат

Мовардийнинг ёзишича, тўғридан-тўғри биринчи шахсдан ташқари, давлат ишларини унинг ишончли шахслари (вазирлари) ҳам олиб борадилар, уларга фаолиятнинг муайян соҳалари ишониб топширилиши керак. Ҳозирги замонда кўриб турибмиз, ҳар бир вазир ўз соҳаси учун масъул этиб тайинланади.

Унинг ёзишича, вазирлик беш устунга асосланиши керак:

1) Дин. Вазир ўз фаолиятини шариат асосида олиб бориши керак.

2) Билим. Ҳар бирлари асосий ва соҳавий билимларига эга бўлган малакали шахс бўлиши керак.

3) Адолат. Вазир ҳамма нарсада шу тамойилга амал қилиши керак ва Мовардийнинг фикрича, унинг уч хили бор: солиқ адолати (фуқаролардан маблағ йиғиш ва уларни давлат эҳтиёжлари учун тақсимлаш), мулоқот адолати (халқ билан мулоқот, ёлғон, ҳақорат, таҳдид ва ҳоказоларнинг олдини олиш) ва учинчиси кундалик фаолиятда адолат.

4) Муҳитга ишончли ва содиқ одамларни жалб қилиш. Вазир ёрдамчиларни танлашга масъулият билан ёндашиши керак.

5) Ваъдаларни бажариш. Амалдор ҳам ўз раҳбарига, ҳам халққа нисбатан ушбу ишни амалга ошириши шартдир.

Олим давлат раҳбари билан ҳамкорликда вазирларга учта асосий қоидага амал қилишни тавсия қилди:

- ҳукмдорга 100% ишонманг, чунки у хато қилиши мумкин;

- раҳбар дин кўрсатмаларига риоя қилаётган вақтда танқид қилманг (агар ҳукмдор гуноҳга ундай бошласа, бу ҳолда вазир қарши чиқишга мажбурдир);

- давлатни ҳар қандай ҳолатда ҳам ҳимоя қилиш.

Жанговар ҳолат

Мовардий ўз асарларида қўшиннинг жанговар шайлигини сақлаш зарурлигига катта эътибор берган, бу эса барқарорлик гарови бўлиб хизмат қилади. Олим ўз асарларида: “Қўшинда тартибни таъминлаш учун ҳукмдор бир қатор шартларга риоя қилиши керак. Биринчидан, аскарлар маошларини мунтазам ва ўз вақтида олишлари, шунингдек, махсус ҳолатларда қўшимча мукофотлар ажратишлари керак. Ҳукмдорнинг ўзи, жангчи даражасидан қатъи назар, ўзининг ҳурматини кўрсатишга мажбурдир. Агар ҳукмдор ушбу тавсияларга амал қилса, қўшин унга содиқ бўлади”, дея ёзиб қолдирган.

Жамиятга эътибор

Мовардий шахсни жамиятсиз яшай олмайдиган ижтимоий мавжудот деб атаган. Шу сабабли ҳам кишилар умумий манфаатлар, қарашлар, одатлар ва ҳоказолар асосида турли ижтимоий гуруҳларга бирлашган. Бу, олимнинг фикрича, Аллоҳ таолонинг ҳикмати бўлиб, одамларнинг Худосиз бўлиши мумкин эмаслигига далолат қилади.

Олим идеал жамиятнинг олтита асосий хусусиятини аниқлашга муваффақ бўлган:

1) дин кўрсатмаларига риоя қилиш;

2) давлатни бошқариш қобилияти (яъни жамиятда самарали давлат аппарати бўлиши керак);

3) жамиятнинг мутлақо барча аъзоларини қамраб оладиган адлия тизимининг мавжудлиги;

4) ташқи ва ички таҳдидлардан хавфсизликнинг мавжудлиги;

5) унумдорлик (жамиятнинг барча аъзолари меҳнатга жалб этилиши ва уларнинг ҳар бири ўз ишини қилиши керак);

6) ривожланиш истиқболларининг мавжудлиги.

«Идеал инсон» тушунчаси

Ал-Мовардий ўз асарларида қуйидаги фазилатларга эга бўлиши керак бўлган идеал шахс қиёфаси назариясини ҳам қуради:

• ҳақиқий ҳидоят — Қуръонга эргашувчи қалбнинг мавжудлиги;

• яхши хулқ-атворга эга бўлиш, бунинг шарофати билан одамнинг атрофида бошқа шахслар ҳам тўплана бошлайди;

• маҳсулдорлик, бунинг натижасида Аллоҳнинг бандаси ўз ҳаётини сақлаб қолади (озиқ-овқат, уй-жой ва бошқалар).

Мовардий асарлари (уни машҳур Никол Макиавелли билан ҳам солиштиришади) ислом сиёсий тафаккури ривожига бебаҳо ҳисса бўлди. Ўша кунларда унинг ғоялари Аббосийлар халифалигида авж олган маъмурий инқироз фонида жуда долзарб эди. Уни Макиавелли билан таққослаган кўплаб қарашлари бугунги кунда ҳам ўз аҳамиятини йўқотмаган

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Лавров Тожикистонга нега келяпти?

438 20:14 05.06.2023

Фотиҳ Эрбақон: «Одамларнинг машаққатларини енгиллатиш ибодатдир!»

564 18:18 05.06.2023

Душанбеда Марказий Осиёдаги энг катта масжид очилади

789 16:28 05.06.2023

Иброҳим алайҳиссалом чақириғига биринчи бўлиб «лаббайка» деганлар

612 14:40 05.06.2023

Таниқли ислом олими Жазоир ва  Марокашни мулоқотга чақирмоқда

1126 11:18 05.06.2023

Азон овози яхши эшитилмаса...

942 09:15 05.06.2023
« Орқага