Саъд ибн Аби Ваққос розияллоҳу анҳу айтади:
“Набий саллоллоҳу алайҳи ва салламнинг олдиларида ўтирган эдим. У зот кишиларга мол тарқатдилар. Фақатгина мен уларнинг энг афзали деб ўйлаган бир кишига мол бермадилар.
Мен:
— Эй Аллоҳнинг Расули! Нега фалончига мол бермадингиз? Аллоҳга қасамки, мен уни мўъмин деб ўйлайман, дедим.
Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи ва саллам менга жавоб бермадилар. Сўнгра мол олмаган кишининг солиҳ инсон эканлиги менга янада таъсир қилиб яна аввалги гапимни қайтардим:
— Эй Аллоҳнинг Расули! Аллоҳга қасамки, мен уни мўъмин, деб ўйлайман.
У зот яна сукут сақлаб менга жавоб қайтармадилар. Мен ҳам озгина жим туриб яна гапимни такрорладим. Шунда менга дедилар:
— Эй Саъд! Мен учун бир инсон суюклироқ бўлса-да, бошқасига бераман. Сабаби Аллоҳ уни дўзахга ташлашидан қўрқаман!
Бу ҳадис буюк ҳадис агар тушунсак. Агар буни англаганимизда Аллоҳнинг ризқни турлича тақсимлаганининг ҳикматини тушунишимиз осонроқ бўлар эди. Набий саллоллоҳу алайҳи ва саллам баъзи инсонларнинг иймони заиф бўлгани учун уларга мол бериб турар эдилар. Эҳтимол агар уларга мол бермасалар, мусулмон эканликларига сабр қила олмаган бўлишар эди. Уларга мол беришлари раҳмат эди. Саҳобалардан баъзиларини яхши кўрсалар-да, уларга мол бермас эдилар. Чунки улардаги иймон мустаҳкам тоғлар каби бақувват эканлигини билар эдилар. Уларга бир нарса бериш ёки бермаслик уларнинг иймонига таъсир қилмас эди. Аллоҳнинг ризқлардаги ўлчови ана шундай.
Аллоҳ таоло баъзи инсонларга раҳмат юзасидан мол беради. Зеро У азалий илми билан уларни фақатгина мол тузатишини билади. Худди шунингдек, У Ўзи севган баъзи бандаларини молдан маҳрум қилади. Чунки Аллоҳ у бандаларини фақатгина фақирлик тузатишини билади. Аллоҳ таоло Хизр ва Мусо алайҳис саломни мискинларнинг кемасини тешишлари учун юборди. Агар улар у кемани тешмаганларида подшоҳ у кемани мусодара қилган бўлар эди.
Тафаккур қилинг! У бандалар Аллоҳ учун қанчалар азиз бўлишган. Ҳаттоки уларга Ўзининг солиҳ бандаси Хизр алайҳис саломни ва Калимуллоҳ Мусо алайҳис саломни юбораяпти. Уларни бой қилиш учун эмас, ҳаттоки фақир ва мискин ҳолда қолдирадиган ризқ манбаларини муҳофаза қилиши учун шундай қилаяпти. Аллоҳ уларни бой қилмади. Ваҳоланки, бунга қодир эди. Аллоҳ уларнинг ризқини узмади. Ваҳоланки, бунга қодир эди. Аммо уларга бўлган муҳаббати ўлароқ бу фақирона ризқлари уларга фойдали эканлигини билди
Агар ризқинг тор бўлса уларни эслаб овун. Эҳтимол сенга шу фойдалидир. Қўлингда молингни озлиги қалбингни юмшатади, табиатингни мулойимлаштиради. Бу сен учун сени туғёнга соладиган, Робингдан чалғитадиган молдан яхшиликдир. Банда учун ўзи ихтиёр қилган нарсалардан Аллоҳ унга ихтиёр қилган нарсалар яхшидир.
Умар ибн Хатто розияллоҳу анҳу айтганларидек:
“Агар ғайб пардалари очилганида банда ўзи учун фақатгина Аллоҳ танлаган нарсаларнигина танлар эди!”.
Абдулқодир Полвонов