Telegram каналимизга аъзо бўлинг
Аҳли ирфон

Аллоҳдан қўрқиб йиғлаш боби

1986

Ушбу бобга ҳам етиб келдик.

Аллоҳ таоло айтади:

“Ва юзлари ила йиқилиб йиғларлар ва у хокисорликларини зиёда қилур” (Исро, 109).

“Бу сўздан сизлар ажабланасизларми? Ва куласизлар-у, йиғламайсизларми?” (Нажм, 59-60).

Имом Нававий ўзларининг “Риёзус-солиҳин” китобидаги ушбу бобни Аллоҳнинг юқоридаги икки ояти билан бошлаб, ушбу мавзуда келган бир қанча ҳадислардан иқтибос келтирадилар.

Имом Нававий зикр қилиб ўтган ҳадисларнинг биринчиси икки шайх, имом Бухорий ва имом Муслимлар (саҳиҳлигига) иттифоқ қилган Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисдир.

Ушбу саҳоба айтади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Менга Қуръон ўқиб бер”, – дедилар.

Мен айтдимки: “Қуръон сизга нозил қилинган бўлса-ю, мен ўқиб берайми?”

У зот: “Мен уни ўзимдан бошқа (киши)дан эшитишни яхши кўраман”, – дедилар.

Кейин мен Нисо сурасини ўқиб бердим. “Ҳар бир умматдан бир гувоҳ келтириб, сени уларнинг ҳаммасига гувоҳ этиб келтирган чоғимизда ҳол қандоқ бўлур?!” оятига етиб келганимда, У зот: “Етарли”, – дедилар. Шунда мен Расулуллоҳга қараганимда у зотнинг икки кўзларидан ёш оқаётган эди”.

Ушбу бобда имом Нававий тилга олган оят ва ҳадислар Аллоҳ субҳанаҳу ва таолодан қўрқиб йиғлашнинг фазилатига далолат этади. Шу ўринда биз Аллоҳдан қўрқиш билан У Зотнинг қўрқинчидан йиғлаш ўртасидаги фарқни аниқ ва равшан билиб олишимиз лозим.

Аллоҳдан қўрқиш бу қалбларда пайдо бўладиган ҳамда кўнгилда айланиб юрадиган ҳис-туйғулардир. Ушбу қўрқинч сабабидан гоҳида йиғи келиши ёки келмаслиги ҳам мумкин. Ушбу қўрқинчнинг алоҳида савоби бор. Чунки бу қўрқинч инсонни тақиқланган нарсалардан асраб ҳимоя қилади ҳамда уни кўплаб тоат-ибодатларни бажаришга ундайди.

Аммо Аллоҳдан қўрқиб йиғлаш бир ҳолат бўлиб, у инсонда Аллоҳга бўлган қўрқинч кучайганида пайдо бўлади. Ушбу туйғулар инсоннинг бутун вужудини ўраб олганида унинг асоратлари унинг икки кўзида зоҳир бўлади.

Йиғи...

Ушбу йиғлашнинг Аллоҳ таоло ҳузурида алоҳида мустақил ажри ва улкан савоби бор. Биз бунга далолат қиладиган кўплаб ҳадисларни кейин кўриб ўтамиз.

Қалбларда ўрнашадиган ҳамда Исломининг даражаси қандай бўлишидан қатъи назар, ҳар бир мусулмоннинг қалбида ундан насиба бўлиши керак бўлган қўрқинч билан ушбу қўрқинчнинг самараси бўлган йиғлашнинг ўртасидаги фарқни баён қилиб берадиган оят-ҳадисларни кейин яна келтириб ўтамиз.

Аслини олганда ушбу ажрга эришишдаги йиғи Аллоҳдан қўрқиш сабабидан бўлиши шарт қилинмайди. Балки у Аллоҳга бўлган иштиёқ сабабли бўлиши ёки банданинг Аллоҳнинг ишқида ёнаётган севги алангаси сабабидан бўлиши ҳам мумкин. Эҳтимол, ҳақиқатан Аллоҳдан қўрққани учун йиғлаётган бўлиши мумкин. Буларнинг ҳаммаси банданинг Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло олдида ўз ўрни ва мавқеи бор эканига далолат этадиган катта нарсалардан биридир.

Аллоҳ таоло оятнинг аввалида ўзи яхши кўрган бандаларининг бошқалардан ажраб турадиган сифатларини баён қилиб айтади:

"Ва юзлари ила йиқилиб йиғларлар..."

Биз ўқиган ушбу оятлар Исро сурасининг охирларида келади.

Уларнинг бирлари Аллоҳнинг каломини эшитганида ёки Қуръондан тиловат қилаётганида ўзи ўқиётган оятларни ўйлаб мулоҳаза қилганида юзлари ила йиқилиб йиғлар.

Бу ҳолат уларнинг Аллоҳдан қўрққани учун ёки Аллоҳнинг муҳаббати ва Унга бўлган ишқи сабабли бўлиб, Аллоҳнинг каломини эшитганларида уларнинг қўрқинчлари янада кўпайиб боради. Улар қачон Қуръон ўқисалар ёки уни тингласалар, ушбу оятлар уларнинг бутун вужудларини чулғаб олади ва улар бундан таъсирланиб, Аллоҳга илтижо билан ёлворадилар ҳамда хокисорлик билан Аллоҳ азза ва жаллага сажда қиладилар.

Бу Аллоҳ таоло томонидан бадалари учун ёки бандаларининг айримлари учун йўналтирилган сано ва мақтовдир. Улар ушбу мақтов сабабли қувончдан тўлиб тошдилар.

Бу қувонч туйғулари уларнинг зоҳирларига чиқиб, йиғи билан кўзларида намоён бўлади. “Ва юзлари ила йиқилиб йиғларлар ва у хокисорликларини зиёда қилур”.

Мен ушбу оят олдида тўхталганимда ёки шу қабилда ўтганимда ўзимиз билан Аллоҳ васф қилган ўша инсонлар ўртасини солиштиргим келади.

Ўз-ўзидан савол туғилади, биз ўша кишилардекмизми? Ҳатто биз ўзимизни Аллоҳ яхши кўрган ва ўша мақтовга сазовор бўлган кишилар қаторида бўлишимизни тама қиламиз. 

Мен эътибор бериб, ўзимиз билан улар ўртасида жуда ҳам узоқ масофа борлигини кўраман. 
Бизнинг Исломимиз сафсата сотиш Исломи бўлиб қолди. Исломимиз беҳуда гап сотиш, тортишиш, баҳс, музокара Исломига айланиб қолди. Исломимиз (оддий) ҳаракат ва айтаётганларидек, фикр Исломига айланиб қолди. Ислом фикри, исломий фикр деган сўз ушбу асрга келиб жуда ҳам кўпайиб, қулоқларимизни қоматга келтирмоқда. 

Исломий фикр қилаётган, Исломда ҳаракат қилаётган ҳамда Ислом ҳақида кўплаб сўзларни гапираётган бу одамларни текшириб кўрсангиз ва улар ҳаётини кузатсангиз, Аллоҳ васф қилган сифатга эга бўлганларини камдан-кам учратасиз.

Мен топа олмайсиз деб айтаётганим йўқ, лекин сиз уларни жуда кам учратасиз.

Давоми бор...
 

Имом Бутийнинг “Риёзус-солиҳийн” туркум дастурида ёзиб олинган 503-аудио суҳбатидан Абдуллоҳ Ғуломов таржимаси.

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Аллоҳни топиш учун...

1876 08:40 29.01.2020

Набий билан Расулнинг фарқи нима ва у иккисининг маъноси нимани англатади?

8379 21:30 17.01.2020

«Сени ишиларинг ажиб, эй инсон!»

1572 08:00 01.11.2019

Каромат ҳақида далолат...

2454 18:00 26.10.2019

«Ким олимга эргашса...»

1708 19:00 18.10.2019

«Чилла ўтириш»нинг одоблари

6040 16:00 18.10.2019
« Орқага