Telegram каналимизга аъзо бўлинг
Ислом

Аллоҳдан Уни яхшироқ таниган бандалар кўпроқ қўрқадилар...

500

Ҳужжатул ислом Абу Ҳомид Ғаззолий роҳимаҳуллоҳ ўзларининг машҳур “Иҳёу улумиддин” асарларини “Илм китоби” билан бошлаганлар. Зеро, динимизнинг барча тушунчалари, буюрилган ҳар бир амал илм асосига барпо бўлган.

Дастлаб муаллиф илмнинг фазилатларига тўхталиб ўтар экан, аввало, Қуръони каримдаги оятлар, кейин эса ҳадислар, ундан сўнг саҳоба, тобеъин ва уламоларнинг илм борасидаги фикрларини зикр қилганлар. Шу билан бирга асарда илмнинг фазилати борасидаги ақлий далиллар ва илмнинг турларига ҳам алоҳида тўхталиб ўтилган. 

Жумладан, муаллиф мавзуни Аллоҳ таолонинг: “Аллоҳ, фаришталар ва илм эгалари адолат билан қоим туриб гувоҳлик берадиларки, Ундан (Аллоҳдан) ўзга илоҳ йўқ. У Азиз ва Ҳаким зотдир” (Оли Имрон, 18), деган оятидан бошлаганлар. 

Имом Ғаззолий бежиз мавзуни бу оят билан бошламадилар. Эътибор беринг! Аллоҳ таоло аввало Ўзини, сўнгра фаришталарни, учинчи ўринда эса илм эгаларини гувоҳ сифатида келтирмоқда. Мана шу оят илм ва илм аҳлининг даражаси нақадар буюк эканини англаб олишимизга кифоя қилади. Ибн Қайюм роҳимаҳуллоҳ: “Бу оят илм ва аҳлининг фазлига бир неча жиҳатдан далолат қилади. Биринчидан, Аллоҳ таоло гувоҳ сифатида бошқа одамларни эмас, айнан илм эгаларини танлаб олмоқда. Иккинчидан, Аллоҳ таоло илм аҳлининг гувоҳлигини Ўзининг гувоҳлигига яқин ўринда зикр қилмоқда. Учинчидан эса, фаришталарнинг гувоҳлиги билан деярли баробар зикр этди. Тўртинчидан, Аллоҳ таоло илм аҳлини гувоҳ сифатида келтириб уларнинг ишончли ва ростгўй экани ҳақида маълумот бермоқда. Чунки ишончсиз, ёлғончи кишини гувоҳликка келтирилмайди. Бешинчидан, Аллоҳ таоло илм аҳлини оддий нарса учун эмас, энг муҳим ишга – Ўзининг яккаю ягона эканига гувоҳ ўлароқ зикр этмоқда...”. 

Кейинги ояти каримада эса: “Аллоҳ сизлардан иймон келтирган ва илм ато этилган зотларни (юқори) даражаларга кўтаради” (Мужодала, 11) , дейди Аллоҳ азза ва жалла. Бу ояти каримада Аллоҳ таоло даражанинг кўтарилиши учун икки сифат керак бўлишини бизга уқтирмоқда. Биринчиси иймон келтириш, иккинчиси илм эгаллаш. Ўзи умуман Қуръони Каримнинг тўрт ўрнида даражанинг кўтарилишига оид ояти карима нозил бўлган. Биринчиси мана шу биз зикр қилган оят бўлса, иккинчиси “Ана ўшалар ҳақиқий мўминлардир. Уларнинг Роббилари ҳузурида (баланд) даражалари бордир ”, деган оят. Учинчиси Нисо сурасидаги “...Ўзидан бўлган даражалар ила, мағфират ва раҳмат ила (афзал қилган) ”, оятидир.  Тўртинчиси эса “...Бас ана ўшаларга олий даражалар бор ” дейилган оятдир. 

Мана шу ваъда қилинган тўрттала даражанинг учтаси фойдали илм ва солиҳ амал соҳиби бўлган иймон аҳлига, биттаси эса жиҳод аҳлига тегишлидар. 

Абдуллоҳ ибн Аббос “Аллоҳ сизлардан иймон келтирган ва илм ато этилган зотларни (юқори) даражаларга кўтаради”, деган оятни тафсир қилиб: “Уламолар оддий мўминлардан кўра етти юз даража улуғдирлар. Ҳар бир даражанинг орасида беш юз йиллик масофа бор”, деганлар. 

Имом Абу Ҳомид Ғаззолий кейинги ўринда Зумар сурасидаги: “Сен “Биладиганлар билан билмайдиганлар тенг бўлармиди?!” деб айт”, оятини келтирадилар. 

Мана шу ояти каримадаги “биладиганлар билан билмайдиганлар тенг бўлармиди?!” деган савол тақририй сўроқ бўлиб, ҳеч қачон бундай бўлмаслигига, яъни биладиганлар билан билмайдиганлар ҳеч қачон баробар бўлмасликларига далолат қилади. Албатта, биладиганлар Аллоҳнинг борлигини, бирлигини англаб унга иймон келтирадилар. Билмайдиганлар эса буларни инкор этадилар. Бу икки тоифа ҳеч қачон савоб ва гуноҳда, мукофот ва жазода тенг бўлмайдилар. Албатта ақл эгаларигина эслатма олурлар. Албатта илмли, олим кишиларгина Аллоҳ таолонинг буюк неъматлари ва унинг улкан қудрати ҳақида фикр қилиб, эслатма оладилар.

Ҳаётимиз ва кундалик турмушимизга эътибор билан назар ташлайдиган бўлсак ҳам, илмлилар билан илмсизларнинг асло баробар бўлмасликларига гувоҳ бўламиз. Масалан, юқори билим ва тажрибага эга муҳандис ҳамда оддий қурувчи уста бир хилда саккиз соат меҳнат қилсалар ҳам, муҳандис қурувчидан баландроқ маош олади. Ёки бўлмаса оддий ҳамшира ва тажрибали бош шифокорни ёхуд профессор ўқитувчи билан оддий муаллимни олайлик, булар ҳам гарчи сарфлаётган вақтлари бир ҳил бўлса-да, олаётган маошлари ва уларга кўрсатилаётган ҳурмат-эътиборда фарқлидирлар. Шу билан бирга масъулиятда ҳам тенг эмасликларини таъкидлаш керак. Демак, биладиганлар билан билмайдиганлар асло баробар бўлмайди. 

Муаллиф асарда илмнинг фазилатига далил ўлароқ “Албатта Аллоҳдан бандалари орасида уламоларгина қўрқар”, деган оятни ҳам келтирганлар. Бу оятни янада чуқур англашимиз учун “қўрқув” сўзини англатадилан араб тилидаги калималарни кўриб чиқсак. Араб тилида “хошя” ва “хавф” сўлзари мавжуд бўлиб, уларнинг иккиси ҳам “қўрқув” тушунчасини англатади. Оятда зикр қилинган қўрқув тушунчаси эса “хошя” калимаси билан ифодаланган. Чунки “хошя” “хавф”дан кўра кучлироқ қўрқувни ифодалайди. Оятни ўқиган кишида “Демак Аллоҳдан фақат уламоларгина қўрқар эканда, оддий, илм соҳиби бўлмаган мусулмонлдарчи, улар қўрқмайдиларми”, деган тушунча пайдо бўлиши мумкин. Биз айтамизки, оддий мўминлар Аллоҳдан “хавф” ила қўрқсалар, уламолар “хошя” билан қўрқадилар. Яъни, оддий мўминлардан кўра Аллоҳни таниган, унинг қудрати ва улуғлигини англаган олимлар қаттиқроқ қўрқадилар. Бу қўрқув олим кишилар орасида ҳам фарқли бўлади – қайси бир олим Аллоҳни яхшироқ таниса Ундан кўпроқ қўрқади. Имом Замахшарий бу оятнинг тафсирида: “Оятдаги “уламолар” деганда Аллоҳ таолонинг сифатларини, унинг адолати ва тавҳидини чуқур англаб Уни улуғлаган ва ҳақиқий маънода Ундан қўрққан кишилар назарда тутилган. Кимнинг Аллоҳга бўлган илми ошиб борса, қўрқуви ҳам ортиб боради”, деганлар. 

Ибн Масъуд розиялоҳу анҳу: “Ҳикматнинг (илмнинг) боши Аллоҳдан қўрқишдир”, деганлар. Бошқа бир ўринда эса: “Олимликка Аллоҳдан қўрқиш кифоя, жоҳилликка эса Ундан мағрурланиш кифоя”, дейдилар Ибн Масъуд. 

Демак, Аллоҳдан чин маънода қўрқиб, итоатда бўлган кишини, гарчи бизнинг наздимизда илми бўлмаса ҳам олим дейишимиз мумкин. Ва аксинча, бизнинг кўзимизга илмли, ҳикматли кўринса-да, Аллоҳдан қўрқмайдиган кимсани жоҳил санашимиз мумкин. Шундай экан ояти каримадаги “уламолар” деган жумлани “Аллоҳнинг борлиги ва бирлигини эътироф этган муваҳҳидлар ҳамда Ундан ҳақиқий маънода қўрққан кишилар” деб тушунишимиз керак. Зеро, Робийъ ибн Анас роҳимаҳуллоҳ ушбу оят тафсирида айтганларидек: “Аллоҳдан қўрқмайдиган кимса олим эмас”.

Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Исмоил.

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

«Путиннинг ҳаракатларида ватанга хиёнат аломатлари бор» — Санкт-Петербург депутатлари амалдорларга қарши курашмоқда

122 16:35 27.01.2023

Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди муносабат билдирди

474 15:58 27.01.2023

Human.uz раҳбар ва ижодий гуруҳини «орган ходимлари» олиб кетди

557 15:35 27.01.2023

Эрондаги Озарбайжон элчихонасига ҳужум уюштирилди

247 15:05 27.01.2023

Эрон хакерлари сиёсатчилар ва журналистларга тобора кўпроқ ҳужум қилмоқда

180 14:20 27.01.2023

Германияда Россия фойдасига жосусликда гумон қилинган шахс ҳибсга олинди

233 13:50 27.01.2023
« Орқага