Telegram каналимизга аъзо бўлинг
Иймон

Аллоҳни кўп зикр қилишнинг фазилати

2796

"...Огоҳ бўлинг, Аллоҳни эслаш билан қалблар ором олади" (Раъд сураси, 28-оят).

"Бас, Мени ёд этингиз, (Мен ҳам) сизларни ёд этаман..." (Бақара сураси, 152-оят).

"...Аллоҳни кўп эсловчи эркаклар ва (Аллоҳни кўп) эсловчи аёллар – улар учун Аллоҳ мағфират ва улуғ мукофотни (яъни жаннатни) тайёрлаб қўйгандир" (Аҳзоб сураси, 35-оят).

"...Эй имон келтирганлар! Аллоҳ доим ёдингизда бўлсин" (Аҳзоб сураси, 41-оят).

"Эй имон келтирганлар! На мол-дунёларингиз ва на фарзандларингиз сизларни Аллоҳнинг зикридан (Унга ибодат қилишдан) чалғитиб қўймасин!.." (Мунофиқун сураси, 9-оят).

"Бирон нарса ҳақида: "Мен, албатта, эртага шуни қилувчиман", дея кўрманг! Илло, "Иншааллоҳ (Аллоҳ хоҳласа)" (денг. Бу сўзни) унутган вақтингизда (ёдингизга келиши билан) Раббингизни зикр қилинг (яъни, "иншааллоҳ", денг) ва:  "Шояд, Раббим мени бундан ҳам яқинроқ Тўғри йўлга ҳидоят этса", денг!" (Каҳф сураси, 23-24-оят).

"...(Тонгда уйқудан) турган пайтингизда, Раббингизга ҳамд билан тасбиҳ айтинг! Шунингдек, тундан (маълум вақт ажратиб) ва юлдузлар юз ўгиргач (ботган, саҳарда) ҳам, Унга тасбиҳ айтинг!" (Тур сураси, 48-49-оятлар).

"Эй имон келтирганлар! Бирон тўдага тўқнаш келсангиз, сабот (ва матонат) билан турингиз ва Аллоҳни кўп ёд этингиз, шояд (шунда) нажот топсангиз!" (Анфол сураси, 45-оят).

Саҳиҳ ҳадисда айтилади: "Парвардигорини эсловчи билан эсламайдиган одамнинг ўхшаши худди тирик билан ўлик кабидир".

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассалам: "Ёлғиз ҳолда қолганлар ўзиб кетдилар", дедилар. Саҳобалар: "Улар кимлар, эй Аллоҳнинг элчиси", деб сўрашди. Шунда у зот: "Аллоҳни кўп эслайдиган эркаклар ва кўп эсламайдиган аёллардир", деб жавоб бердилар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам саҳобаларига: "Сизларга амаллардан энг афзалининг хабарини берайми? Бу амал Раббингиз олдида энг пок, сизлар учун олтин-кумушни инфоқ қилишдан ҳам яхшироқ, душманга, йўлиқиб, ғазот қилишдан ҳам афзалроқдир", дедилар. Саҳобалар: "Ҳа, айтинг, эй Аллоҳнинг элчиси", дейишди. У зот: "Бу (амал) Аллоҳни эслашдир", деб жавоб бердилар.

Яна бир ҳадисда: "Бир киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келиб: "Эй Аллоҳнинг элчиси, Ислом буюрган амаллар менга кўплик қилмоқда. Ёшим ҳам улғайиб қолди. Шунинг учун мен маҳкам ушлашим керак бўлган амални айтинг", деди. Шунда у зот: "Тилинг доим Аллоҳнинг зикри билан нам бўлсин", дедилар.

"Ўкинма" китобидан

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Жаҳрий зикр қилишликдаги одоблар

1175 15:16 06.03.2021

Тил билан ва қалб билан зикр қилиш ҳақида

1017 18:30 20.01.2021

Фаришталар ўраб олувчи макон!

1442 10:30 15.01.2021

Энг манфаатли зикр

1982 11:20 27.11.2020

Аллоҳни зикр қилишнинг фазилати

1384 16:20 29.09.2020
« Орқага