Telegram каналимизга аъзо бўлинг
Илм

Алвидо, Ватан! Афғонистонга ҳижрат

1762

(1-қисм2-қисм3-қисм4-қисм5-қисм6-қисм7-қисм8-қисм9-қисм10-қисм11-қисм, 12-қисм, 13-қисм 14-қисм, 15-қисм 16-қисм 17-қисм 18-қисм 19-қисм 20-қисм 21-қисм 22-қисм 23-қисм)

Афғонистонга ҳижрат

Ниҳоят сафар тайёргарлигини кўриб, Карки орқали Афғонистонга ўтиб кетиш учун йўлга отландим. Ҳазрат тоғам билан охирги бор учраша олмаганимдан дилим ҳасратда фиғон ила нола этарди. Волидам берган тугунчани Темурбек менга қайтарди. Хайрлашиб, бекатга етиб келдим. Бисмиллаҳ, деб Термизга кетаётган поездга миндим. Карки бекатига етмасдан Имом Жаъфар номли жой бўлиб, ниҳоятда вайрона, чангалзорга айланиб қолган экан. Ўша ерда бир мозор бўлиб, бу жой шу мозорнинг номи билан аталар эди. Поезд ўша жойга етганда тўхтади. Тасодифан тўхтадими ёки одатдагидекми, билолмадим. Кўпчилик вагондан шу ерда тушиб қолди. Охири фарғоналик икки ёш йигит ҳам тугунларини кўтариб, тушиб кетишди. Мен ҳам уларнинг кетидан тушдим. Ҳамма темир йўл ёқаси бўйлаб кетиб борар эди. Икки-уч дақиқа чор-атрофга қараб туриб қолдим. Поезд кўздан ғойиб бўлиб, йўловчилар қаторлашиб боришар, фарғоналик йигитлар охирида кетиб боришар эди. Атроф қоп-қоронғу бўлиб, ҳозир қаерга келиб қолганимни билмас эдим. Кейин билсам, бу жой ўша Имоми Жаъфар экан. Мен ҳам  уларнинг ортидан эргашдим. Анча юриб, Амударёнинг соҳилига етиб бордик. Бу дамда биздан бошқа ҳамма йўловчилар ўз манзилларига етган эдилар. Йигитлар дарёда юз-қўлларини ювиб, келиб ўтиришди. Улардан бир оз узоқда ўтирган эдим. Эрталабдан буён ҳеч нарса емаганим учун тўрвамдан Шаҳрисабзда беришган кўмач нони билан бир неча шингил узум олиб, аста олдиларига яқинлашдим. Саломлашиб, келтирган нарсаларни уларнинг олдига кўйдим.

Ўз одатимизга кўра:

– Йўл бўлсин, ҳорманглар, – дедим.

– Бор бўлинг,

– деб туриб кўришишди, сўнг ўтирдик.

Дастурхонга толқон қўйишди. Улардан бири:

– Сиз ҳам Имом Соҳибнинг мозорига кетяпсизми? – деб сўради.

– Ҳа.

– Қори Масъуд билан учрашасизми?

– Қайси қори Масъуд? – деб ўйланиб қолдим.

Тахминан икки йилча олдин Андижонга фуқаролик гувоҳномасини олгани борганимда Пойтукда унинг уйида меҳмон бўлган эдим. Индамай қўя қолдим.

Бир оз тановул этганимиздан сўнг, Имоми Жаъфар мозори томон йўл олдик. Дарё лабидан қишлоққа етиб, ниҳоятда хушсурат ҳамда чиройли масжид томон бурилдик. Масжид дарё чеккасидаги улкан харсанг тошлар устига қурилган эди. Масжиднинг кўриниши ниҳоятда кўнгил очарди. Олдидан Табриз томондан тошдан-тошга урилиб келаётган Аму сувлари шарқираб оқарди. Кичик бир эшикдан ичкарига кирдим. Рўпарадаги саҳнада қори Масъуд оҳиста у ёқ-бу ёққа юриб турар эди. Ўгирилиб йўлдошларимга қарадим, узоқлашиб кўздан ғойиб бўлган эдилар. Намозни қори Масъуд имомлигида адо этдик. Сўнгра Туркистон уламоларининг анъаналарига кўра намоздан сўнг ҳалқа бўлиб ўтирдик. Ораларидан  бир киши Қуръони каримдан бир неча оятни тиловат этар, имом эса у оятларнинг таржима ва тафсирини баён қилиб берарди. Имомнинг ишораси билан “Инсон” сурасини чиройли овозда тиловат қила бошладим. Бу тилимга беихтиёр келганди. Мажлисда ажиб бир ҳолат вужудга келди. Тингловчилар соқолларини юлганча йиғлашар эди. Қуйилиб келаётган кўзёшларимни тўхтатишнинг иложи йўқ эди.

Ҳалқа бир соатларча давом этди. Сўнг ҳамма тарқалиб, имом ҳужрасига кириб кетди. Кўзларимни юмган кўйи ўтирар эдим. Бухородаги Моғон масжидида қилган истиҳорам, кўрган тушим ногоҳ ёдимга тушди. Ғоят ажойиб туш кўрган эдим. Тушимда чипта олиб, бир поездга минибман. Поезд бир вайрона олдига келиб тўхтабди. Одамлар: “Мана шу жой “Имоми Жаъфар!” дер эмиш. Ҳамма поезддан тушиб кетаётган эмиш. Бир кишидан “Мен ҳам шу ерда тушаманми?” деб сўрабман. У эса: “Тушадиган жойинг ҳали узоқ, у ерга кечаси етиб борамиз”, дермиш. Поезддан охирги икки йигит тушиб кета бошлади. Мен эса уларнинг ортидан эргашибман. Улар мендан узоқлашиб юришар эди. Тўсатдан мозор билан ёнма-ён бир масжидга кириб, намоз ўқирмишман. Ҳалқа бўлиб ўтирган кишиларга Қуръон тиловат қиляпман. Имом менинг олдимга келиб, зор-зор йиғлармиш. Сўнг қаёққадир йўл оламан. Бир неча афғоний кишилар мени ушлаб олишармиш. Бир оз жанжаллашгач, эҳтиром ва шафқат ила таом билан сийлашар, менга тасалли беришар эмиш. Тушим шу ерга етганда уйғониб кетган эдим.

Эндиликда тушимнинг аввалги қисми ҳақиқатга айланган эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам муҳим ишларда истиҳора қилишга кўрсатма берганлари учун бунга имоним янада зиёдалашди. Томирларим имоний бир туйғу билан жўш уриб, пайларим ҳаракатланиб кетаётганини ҳис этиб турардим. Дилимнинг тубида яшириниб ётган: “Эй Аллоҳ, сенинг борлигингга ишонаман, сен ҳамиша мавжудсан, Ўзинг сақлагувчи, Қодир, Раззоқ, эшитиб турувчи, кўриб турувчи Зотсан! Ўлим ва ҳаёт сенинг қудрат қабзангдадир. Коммунистлар жоҳил, ғофил, золим, кофирдир. Сенгагина суяниб, Сендангина мадад сўрайман!..” деган нидо беихтиёр ҳайқириқ билан чиқиб кетди. Бу сўзлардан таъсирланган қори Масъуд ичкаридан чиқиб келди.

– Ой мусофир йигит, қаерга кетяпсан?..

– Каркига.

– Пирматинг борми?

– У нима ўзи?

– Шўро командири берадиган ижозатнома.

– Ўзингиз қилиб бермайсизми?

– Пулинг борми? Беш рублликдан бир нечта чиқариб унга узатдим.

Қори Масъуд хуш бўлиб:

– Ўзингга ҳам оз-моз олиб қолдингми? – деди.

– Аллоҳ берган кўп нарса бор, – дедим жавоб бериб.

Қаршида бир неча кўйлак сотиб олган эдим. Темурбек уларни Шаҳрисабзда фойдасига пуллаб, менга келтириб берган эди. Шунинг ярмини чиқариб қори Масъудга: – Буларни ўз ҳожатингизга ишлатарсиз, менда турса, йўқолиб кетиши мумкин, – дедим.

Имом ҳайратланиб: “Ҳой девона, Каркида кўп ақча зарур бўлади. У ернинг одамлари наманганликлардек саховатли, раҳмдил эмаслар”, деди. Сўнг менга яхшироқ тикилиб туриб:

– Сен Аъзамхон Намангоний эмасмисан? – деди.

– Худди ўзи бўламан, – дедим. Қори Масъуд ўзини таништира бошлаган эди, мен кулиб:

– Сизни бир кўришдаёқ таниганман. Икки фарғоналик йигитдан шу ерда яшашингизни эшитган эдим, – дедим. 

Қори Масъуд ҳам кулиб қўйди. Кейин куллар остига кўмилиб кетган ўтмиш хотираси чўғларини кавлай бошлади. Собитхон тўра домланинг вафотида Фарғона ва Туркистоннинг катта-катта уламолари йиғилиб, бизнинг боғимизда тўпланишган эди. Қори Масъуд ҳам бу йиғинда иштирок этган эди. Анча маҳалгача шу йиғин борасида сўзлаб, ич-ичидан эзилиб йиғлади. Сўнг бир оз суҳбат мавзуси ўзгариб, ўзи ҳақида ҳикоя бошлади:

– Бу ерда бир ярим йилдан буён яшаяпман. Пешиндан сўнг қилган тиловатингиздан қалбим юмшаб, эзилиб кетдим. “Инсон” сурасининг “Бас, Роббинг ҳукмига сабр қил...” оятини такрор-такрор ўқиганингизда кўз олдимдан Туркистоннинг бемисл фарзандлари, покиза бузруклари, ифтихорли фозил уламолари ўта бошлади. Улар Парвардигори оламнинг ҳукмига сабр этдилар. Ўрислар уларни сотиб олиш учун қанча ҳийла-найранглар ишлатиб, ҳеч бир натижага эриша олмадилар. Аламларидан уларга ваҳшиёна жабр-зулм калтакларини ёғдириб, нобуд қила бошлашди. Аммо бу ишлари ҳам ҳақ устидаги мустаҳкам қадамларини жойидан қимирлата олмади. Бу золимлар қози Абдулмажидхон ҳазратларининг уйларига кечаси бостириб кириб, ушлаб, чангалзор томон олиб кетишди. У ерда у зотни нишон қилиб ўйнашибди. Бутун аъзоларидан қон оқиб йиқилиб ётсалар, жароҳатланган аъзолари устидан оҳак сепиб, бир чуқурга ташлаб, сўнг устиларидан қайноқ кул тўкиб: “Ҳалиям кеч эмас, бизнинг таклифимизни кабул қилсанг, қўйиб юборамиз”, дейишибди. Ҳазрат эса жавоб ўрнига Қуръондан оят ўқибдилар. Ваҳшийлар шу ҳолатда яна оҳак ташлаб, кейин тириклайин кўмиб ташлашибди.

Муҳйиддин ҳазратни ҳам олиб бориб: “Агар Ленин Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам билан баробар” (Астағфируллоҳ! – муаллиф), деб қабул қилсангиз ва халққа буни талқин этсангиз, сиз билан барча хеш-ақраболарингизни қонундан юқори қўямиз. Яъни ҳар қандай жиноят содир қилсаларингиз, ҳам бирор жазо берилмайди”, дейишди.

Аммо Ҳазрат босиқлик билан: “Чи нисбат хокро ба олами пок?” яъни, “Покиза олам билан тупроқ ўртасида қандай нисбат бўлсин?!” деган жавобни қайтардилар. Ленин Набий алайҳиссаломнинг пешоб ва нажосатлари тушган тупроққа ҳам баробар эмас. У ўзи бир золим, жоҳил моддапараст бўлса, ҳар қанча ақлу истеъдоди бўлмасин, моддапарастликдан нарига ўтолмайди. Расулуллоҳ алайҳиссалом эса ер юзидаги энг комил ва олий хулқ эгаси бўлиб, инсониятни Ҳақ йўлга бошлаганлар. Аллоҳ таоло у зотга шундай билим бердики, кўп ҳақиқатларни билдилар ва бошқаларни ҳам ундан огоҳ этдилар. У зот тутган йўл инсонларни қоронғу зулмат қаъридан ёруғлик сари етакловчидир”, деб жавоб бердилар.

Бундай журъатни кутмаган коммунистлар қаттиқ ташвишланиб, у зотни йўқотиш пайига тушди. Ҳазрат махдумни ушлаб, баланд жойга турғизишди. Беш гуруҳ аскарга бири бошни, иккинчиси бўйинни, учинчиси кўкракни, тўртинчиси сонни, бешинчиси тиззани нишонга олиб отиш буюрилган. Бирваракайига узилган ҳисобсиз ўқлар Ҳазратнинг жисмини парчалаб ташлади. Ҳамманинг оғзида Ҳазрат махдумнинг жасорату саботи ҳақидаги сўзлар юрарди. Ҳазратнинг шиддатидан мусулмонларда Ислом динининг ҳақ эканига яна бир карра қаттиқ ишонч пайдо бўлиб, Исломнинг қадр-қиммати янада чуқурроқ ҳолда қалбларга ўрнашди. Сиз: “Бас, Роббинг ҳукмига сабр қил ва улардан гуноҳкор ёки кофирларига итоат қилма.” (Инсон сураси, 24-оят) ини қайта-қайта ўқиётганингизда, Муҳйиддин Махдум каби бошқа бузрукворларнинг боғингизда қилган илм мажлислари ҳамда шаҳодат топишларини кўз олдимдан ўтказардим... – дея чуқур хўрсинганча жим қолди. Узоқ сукутдан кейин:

– Тўразода, бу ерга қандай келиб қолдингиз? Ҳозир қаерга бормоқчисиз? – деб сўраб қолди.

– Карки Имомининг мозорини зиёрат қилгани келган эдим. Каркида бирор танишингиз бўлса, мени таништириб қўйсангиз яхши бўларди, – дедим.

– Икки-уч танишим бор, – дея, уларнинг яшаш жойларини тушунтира бошлади.

– Бу ердан ҳар куни соат тўртда бир кема дарёнинг нариги соҳилига ўтади. Кемада паспорт ёки ижозатнома сўраб қолишса, “Масъуд қорининг укасиман, ўзим толиби илмман. Талабалар орасида Катта қабрнинг неча газлиги борасида баҳслашиб қолдик. Ҳақиқатни билиб келиш учун кетяпман”, дейсиз. Агар ижозат беришса яхши, бироқ тескариси бўлса, иш чатоқ бўлади. Яхшилаб ўйлаб кўринг”, деб маслаҳат берди. Дуо қилиб, “Далоилул хойрот” билан волидам берган Қуръони каримни боғлаб, елкамга ташладим. Қолган нарсаларни, қимматбаҳо чўнтак соат, компас ва икки мингдан ошиқ рублни тўрвамга солиб, имомга дедим:

– Бу нарсалар сизнинг ёнингизда тура турсин, агар ўрисларнинг қўлидан эсон-омон ўтиб олсам, бирор танишингиздан хабар бериб юбораман. Муносиб кўрсангиз, бу нарсаларни жўнатарсиз. Лекин ушланиб қолсам, мен сизни, сиз мени танимайсиз, келишдикми?

Сўнг хайрлашиб жўнадим. Масжиднинг дарвозасига етган эдим ҳамки, орқамдан қори Масъуд ҳансираб келиб, оёқларимни ушлаб йиғлай бошлади.

– Сайидзода, мен ниҳоятда бадбахт одамман, сиз менинг тавбамга гувоҳ бўлинг!.. Дуо қилинг, Аллоҳ менинг гуноҳларимни кечирсин. Жуда катта гуноҳлар қилдим... Мен ҳайрат ичра унга қараб турардим. Қори эса қайта-қайта “Тавба қилдим, мен катта гуноҳкорман”, деган сўзларни такрорларди. Охири унга:

– Аллоҳ кечирувчи Ғофурур Роҳим Зотдир, – деб тасалли бериб, чиқиб кетдим.

Кейин билсам, қори Масъуд коммунистларнинг чангалига тушиб, ўз жонини сақлаш учун махфий хизматга ишга кирган экан.

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Алвидо, Ватан! Дорул-Ислом

1661 20:10 20.10.2021

Алвидо, Ватан! Изтироб

1429 20:05 18.10.2021

Алвидо, Ватан! Асиралар

1772 20:00 17.10.2021

Алвидо, Ватан! Деҳқонлар

1813 20:05 16.10.2021

Алвидо, Ватан! Бегона кимсалар

1828 20:05 15.10.2021
« Орқага